Нью-Йоркда террор ҳаракатини амалга оширганликда гумонланиб қўлга олинган Ўзбекистон ватандоши Сайфулло Соипов ўзига билдирилган айбловларни тан олмади. 29 ёшли Соипов 28 ноябрь куни Манҳэттен федерал судига олиб келинган эди.
21 ноябрь куни Нью-Йоркнинг Манҳеттен федерал маҳкамасида ўзбекистонлик муҳожир Сайфулла Соиповга нисбатан расмий айблов эълон қилинган эди.
22 та оғир жиноят¸ хусусан¸ "Ислом давлати" гуруҳига моддий ëрдам кўрсатиш¸ саккизта қотиллик¸ 12 марта қотилликка уриниш каби айблар маҳкамада ўз тасдиғини топса¸ Соиповга ўлим жазоси тайинланиши мумкин.
АҚШнинг Патерсон шаҳарчасида яшаб келган Сайфулла Соипов 31 октябрь куни Нью-Йоркнинг одам гавжум кўчаларидан бирида ҳаракатланаëтганларга юк машинаси билан ҳужум қилган эди.
Саккиз одам ўлими ва яна ўнлаб одамнинг жароҳатланишига сабаб бўлган бу ҳужум дарҳол террорчилик деб баҳоланди ва Соипов воқеа жойида қўлга олинди.