22 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Корея Республикасига келди.
Сеул аэропортида Ўзбекистон Президенти ва рафиқаси давлат ташрифи протоколига мувофиқ фахрий қоровул билан қарши олинди.
Президент матбуот хизматига кўра¸ Ўзбекистон президентининг Сеулда ўтказадиган музокаралари давомида “сиёсий, савдо-иқтисодий, молиявий-сармоявий, илмий-техникавий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашиш кўзда тутилган.”
Президент Мирзиëевнинг ташриф давомида Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин¸ парламент раиси Чон Сэ Гюн ва Бош вазир Ли Нак Ён билан учрашиши¸ Ўзбекистон-Жанубий Корея бизнес форумида қатнашиши кутилмоқда.
Мирзиëев сафари арафасида Hyundai корпорацияси президенти ва Ўзбекистон Инвестиция бўйича давлат қўмитаси раҳбари корея автомобилларини Ўзбекистонда ишлаб чиқариш юзасидан ўзаро англашинув меморандуми имзолади. Агар бу меморандум амалий шартномага айланса¸ Hyundai корпорацияси Ўзбекистонда 200 миллион долларлик лойиҳани бошлаши мумкин.
Шунингдек¸ “Ўзбекенгилсаноат” ширкати ҳам 21 ноябрь куни Кореядаги етакчи савдо корхонаси ҳисобланган Posco Daewoo, Color Paradise, Solsang International Corp, Ratel E & T Co., Ltd., Korea Factory ва Lotte Mart савдо тармоғи билан 2018 йил охирига қадар 70 миллион долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилиш бўйича келишувга эришган.