Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг Самарқанд вилоят бўлими ҳокимият билан бирга ўқувчи-ёшларнинг давоматини аниқлаш учун назорат тадбирини ўтказди.
Иттифоқнинг Самарқанд бўлими раҳбари Олим Эшқуловнинг маҳаллий нашларга маълум қилишича, бу тадбирда ташкилотга ҳокимият, ИИВнинг профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамроҳлик қилган.
Жумладан, маҳаллий нашрга таяниб, Daryo.uz Интернет нашрининг ёзишича, Самарқанд вилояти бўйлаб, Ёшлар иттифоқи аъзолари ўтказилган назорат тадбирида дарс вақтида бозорда савдо қилаётган ўқувчилар аниқланган.
"Пахтачи туманида эса бир нафар вояга етмаган ўқувчи интернет-клубда, саккиз нафари бозорда юргани маълум бўлди. Тадбирлар якунида салбий ҳолатларни баратараф этиш, жойлардаги профилактика инспекторлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимларининг масъулиятини янада ошириш, жамоатчиликнинг ролини кучайтириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди", дея ҳисобот беради Ёшлар иттифоқи ташкилотининг Самарқанд вилояти кенгаши.
Ёшлар иттифоқи ташкилоти шу йилнинг июль ойида, президент Мирзиёев топшириғи билан, Ўзбекистонда тугатилган “Камолот” ёшлар ҳаракати ўрнида ташкил этилган.
“Камолот” ҳаракати эса Ўзбекистон СССР таркибида бўлган пайтда ишлаган Комсомол – Коммунист ёшлар иттифоқи ўрнида тузилган эди.