Самарқандда Ислом Каримов дафн этилган жойда барпо этилган мемориал мажмуа 2 сентябрь куни очилади.
Бу ҳақда Лола Каримова-Тилляева Самарқандда ўтаётган Ўзбекистоннинг исломий маданият ва фан меросига бағишланган халқаро конференцияда қилган чиқишида маълум қилди. Унга кўра, мазкур мажмуа "Марказий Осиё архитектурасининг энг яхши элементлари ва анъаналарини ўзида мужассам этган”.
Лола Каримова-Тилляеванинг айтишича,мемориал мажмуани қуриш бўйича бажарилган барча иш ЮНЕСКО ва ёдгорликлар ҳамда диққатга сазовор жойларни қўриқлаш масалалари бўйича Халқаро кенгашнинг мезонлари ҳамда тавсияларига қатъий мувофиқ ҳолда амалга оширилган.
Аввалроқ марҳум президент Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева 28 август куни Ўзбекистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги элчиси лавозимидан кетажагини эълон қилган эди.
Лола Каримова-Тиллаева бундан сўнг асосий вақтини Ислом Каримов номидаги хайрия ташкилоти фаолиятига ëрдам беришга сарфлашини билдирган.