АҚШ президенти икки республикачи сенаторнинг қонуний иммиграцияни чеклашга қаратилган қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда. Ушбу ҳужжатда қонуний иммигрантлар сонини йилига бир миллиондан 500 мингга тушириш, грин карта лотереясини йўқотиш кўзда тутилган.
“Бу ҳужжат иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган америкалик
оилаларга ғамхўрлигимиздан далолат. Уларнинг эҳтиёжлари, Америка эҳтиёжи биринчи навбатдадир”, - деди Трамп.
Сенаторлар Том Коттон ва Дейвид Пердюнинг айтишича, қуйи малакали
муҳожирларнинг кўпайиши оқибатида америкалик ишчиларнинг маоши тушиб кетган.
“Иммиграция тизимидан мақсад ишчилар ва иммигрантлар манфаатларини ҳимоя қилиш, Америкага қонуний асосда келган истеъдодли одамларни қабул қилиш бўлиши керак”, - дейди жоржиялик сенатор Пердю.
Оқ уй маслаҳатчисига кўра, қонун лойиҳаси "занжирли миграция"га чек
қўйишга қаратилган.
“Грин карта олаётган шахслар қарияларни ҳам Америкада яшашга таклиф қилиши мумкин, бироқ бундай одамлар ишлай олмаса, давлатдан ёрдам олиб, бюджетга юк бўлади. У одам бошқа қариндошини, униси эса яна бир қариндошини олиб келиши мумкин. Мана шу занжирли миграциядир”, - дейди Стивен Миллер.
Давлат раҳбарига кўра, янги тизим балл асосида бўлиб, грин карта олишда муҳожирнинг инглиз тили даражаси ва профессионал малакаси инобатга олинади.
Демократлар ва айрим республикачилар ҳамда иммигрантлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи гуруҳлар таклифни қораламоқда.
“Қуйи малакали муҳожирларнинг ҳам бу мамлакатга анча фойдаси тегяпти. Масалан, улар ферма, далаларда, ишлаб чиқаришда ёки уйда ишлайди. Уларсиз баъзи ишлар қолиб кетиб, иқтисодиёт юрмай қоларди”, - дейди Қурилиш институтидан Ким Рубин.
Оқ уй расмийларига кўра, Трамп ҳужжатни олқишлаб, мамлакат бўйлаб шу мавзуда муҳокамага туртки берди. Бироқ Конгресс ҳали бери ушбу қонун лойиҳаси билан шуғулланмайди.
"Америка овози"дан