АҚШда муҳожирларга оид янги чекловлар кучга кирди

Президент Доналд Трампнинг янги иммиграцион чекловлари амалда. Қаршилик бу сафар у қадар кучли эмас. Ҳуқуқ фаоллари ва ҳуқуқшунослар халқаро аэропортларга чиқиб, олти мамлакатдан келаётганларга бепул ёрдам таклиф қилмоқда. Улар фикрича, президент бу инсонларни асоссиз жазоламоқда.

Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Сурия ва Яман фуқаролари йил бошида Америкага киритилмасин деган буйруқ берилган эди. Кескин қаршиликка учраган. Бошида бу рўйхатда Ироқ ҳам бор эди. Оқ уй кейинроқ уни олиб ташлади.

Федерал судлар президент қарорини қонунга хилоф деб топган. Эндиликда бу фармон янгиланди ва унга ҳозирда муайян ўзгартиришлар киритилган. Шартлардан бири шуки, юқорида қайд этилган мамлакат фуқаролари энди АҚШда яқин қариндош билан аниқ сабабларга кўра кўришиш учун келаётган бўлиши керак ва бу ришталарни ҳукумат изчил элакдан ўтказиши лозим.

Консуллик идораларига янги кўрсатмалар берилган. 1 июлдан бошлаб янги фармон кучга кирди.

Виза олган бўлсангиз, эшик очиқ. Транзитда бўлсангиз, 6 июлдан бошлаб Америкага кира олмаслигингиз мумкин, албатта, агар юқорида номи санаб ўтилган давлат фуқароси бўлсангиз.

Америкада яшаётган шахснинг ота-отаси, боласи, куёви ёки келини ёки ака-укаси ёки опа-сингили бўлсангиз, ҳукумат текшириб, сизни киритиши мумкин. Акс ҳолда АҚШ дарвозалари сизга ёпиқ. Бошқа турдаги қариндошларга виза берилмайди.

Гавайи штати Оқ уй фармонидан норози; уни ноқонуний деб ҳисоблаб, федерал судга арз қилган.

​Олий суд яқинда қуйи судларнинг Трамп фармонини буткул четга улоқтирганини хато деб топиб, уни қисман тиклаш ҳақида ҳукм чиқарди.

Нью Йоркк ва бошқа йирик шаҳарларда муҳожирлар намойишга чиқиб, Оқ уй сиёсатини қораламоқда. Лекин янги чекловларни асосли деб ҳисоблайдиганлар ҳам кўп. Визалар олдиндан яқин қариндошларга муайян сабабларга кўра берилади, Америка эшиги олдиндан ҳамма учун очиқ бўлмаган, дейди айрим иммигрантлар. Талабларга жавоб бера олиш керак.

Чеклов тарафдори бўлмиш америкалик Полин Пужол:

"Менимча, Доналд Трамп 100 фоиз ҳақ. Мамлакатимизни ҳимоя қилмоқда. Президентнинг вазифаси шу ахир. Ирқчи эмас у. Хавфсизликни таъминлаш изчиллик ва қаттиқ текширув тақозо этади".

Трамп ҳам ўз сиёсатини шу тарзда оқлашга уринмоқда.

Фармоннинг яна бир қисмига кўра, Америка келаси 120 кун давомида қочқинларни қабул қилмайди. Йиллик квота бу борада 50 минг. Лекин агар қочқин АҚШда яқин қариндошга эга бўлса, балки виза олиши мумкин. Ҳар бир ариза алоҳида кўриб чиқилади.

Бу йилги квота аллақачон тўлган, дейди расмийлар. Янги йил, яъни молия йили, Америкада октябрдан бошланади.