Турк матбуоти яна 27 марказий осиёлик қўлга олинганини иддао қилмоқда

Тунги клубда ҳалок бўлганларни хотирлаш маросими.

Туркия матбуотининг хабар беришича, Истанбулдаги тунги клубга уюштирилган ҳужумга алоқадор экани айтилаётган 27 одам қўлга олинди.

Маҳаллий матбуот 18 январь куни қўлга олинганларнинг асосий қисми Марказий Осиё ватандошлари эканини иддао қилмоқда.

“Анадўлу” агентлигининг билдиришича, қўлга олинган 27 кишининг 15 нафари аёл. Қўлга олинганларнинг 29 фарзанди полиция қаровида қолмоқда.

Бироқ турк расмийлари бу маълумотлар юзасидан шарҳ бергани йўқ. Қирғизистоннинг Туркиядаги элчихонаси 27 киши Бурса шаҳрида полиция ўтказган махсус амалиёт пайтида қўлга олинганини, бироқ улар орасида Қирғизистон ватандошлари борлиги тўғрисидаги маълумотлар тасдиқланмаганини билдирди.

Бир неча кун олдин Истанбулдаги Рейна тунги клубига 1 январга ўтар кечаси ҳужум қилганликда ва 39 одамни ўлдирганликда айбланиб Ўзбекистонда туғилган Абдулқодир Машарипов қўлга олинган эди.