Халқаро Олимпия қўмитаси ўзбекистонлик эркин курашчи Сослан Тигиев 2008 йилдаги Олимпиадада қўлга киритган кумуш медаль бекор қилинганини билдирди.
Халқаро Олимпия қўмитаси сайтида таъкидланишича, Жаҳон антидопинг агентлиги ўткизган қайта текширув пайтида Сослан Тигиевнинг пробасидан допинг топилган.
Аввалроқ эркин курашчи Сослан Тигиев қонидан допинг топилгани муносабати билан 2012 йилдаги Лондон Олимпиадасида олган кумуш медалидан ҳам маҳрум қилинган эди.
Халқаро Олимпия қўмитаси бундан аввал Пекин ва Лондон Олимпиадалари пайтида топширилган допинг пробалари қайта текширилганини билдирган эди.
Мазкур текширувлар ортидан ўзбекистонлик эркин курашчи Артур Таймазов ҳам 2008 йилдаги Олимпиада пайтида сазовор бўлган олтин медалидан маҳрум қилинган.