Freedom House ташкилотининг жаҳондаги матбуот эркинлиги ҳақида 27 апрель куни ёйинлаган ҳисоботида Ўзбекистон яна сўз эркинлиги энг бўғилган 10 мамлакат сирасига киритилди.
Ташкилот рейтингида Ўзбекистон 197-ўринга қўйилган. Ҳисоботдан келиб чиқилса, сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият Ўзбекистонда фақат Шимолий Корея ва Туркманистондагидангина яхшироқдир. Freedom House аввалги йилларда ёйинлаган ҳисоботларда ҳам Ўзбекистон матбуот эркинлиги бўйича доим "ёмонларнинг ёмони" бўлган мамлакатлар қаторидан жой олиб келган.
Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳам ҳисоботда “матбуоти эркин бўлмаган” мамлакатлар қаторида саналган. Хусусан, Қирғизистон 149-ўринга, Тожикистон 176-ўринга, Қозоғистон эса 181-ўринга қўйилган.
Ҳисобот муаллифлари жаҳон аҳолисининг фақат 13 фоизи матбуот эркин бўлган жойларда яшаши, уларнинг 41 фоизи матбуот қисман эркин бўлган, 43 фоизи эса матбуот эркин бўлмаган мамлакатларда истиқомат қилишини қайд этганлар.
Freedom House ҳисоботига кўра, 2015 йили жаҳонда матбуот эркинлиги сўнгги 12 йил ичида энг қуйи кўрсаткичга тушган, сиёсий, жиноий ва террорчи кучлар ҳокимият учун курашда оммавий ахборот воситалари овозини бўғишга ҳаракат қилмоқдалар.
Ўтган йили журналистлар учун энг хавфли мавзулар уюшган жиноятчилик, коррупция, атроф-муҳит ва табиий бойликларнинг таланиши, дин, баҳсли суверенитет, давлат раҳбари ва юқори лавозимли амалдорларни танқид қилиш каби масалалар бўлган.