Ўзбекистон ва Қўшма Штатлар орасидаги бу йилги маслаҳат кенгаши Вашингтонда 19-январ куни ўтди. Тошкентдан Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегацияда Адлия вазири Музраф Икромов, Олий Мажлисдан Сенат Ташқи алоқалар қўмитаси раиси Содиқ Сафоев, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари ва Қонунчилик палатаси аъзоси Акмал Саидов, шунингдек, Мудофаа вазирлиги ва президент аппаратидан бир неча юқори лавозимли расмийлар бор.
"Исломий давлат"га қарши кураш, Афғонистондаги вазият, минтақавий хавфсизлик - асосий мавзулар. Ташқи ишлар вазири Комилов АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича муовини Ниша Бисвол ва бошқа юқори мансабдорлар билан мулоқот қилган.
Ўзбекистонлик расмийлар АҚШ Мудофаа вазирлиги, Адлия вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа департаментларда тегишли мансабдорлар билан учрашмоқда.
Йиллик маслаҳат кенгашига Обама маъмурияти 2009-йилда асос солган. Марказий Осиёнинг ҳар бир давлати билан мунтазам диалог йўлга қўйилиб, унда хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик, ҳуқуқ ва демократия тарғиботи ҳамда маданий алоқалар тўғрисида юзма-юз гаплашиб олинади. Мулоқот матбуот учун ёпиқ.
Бутун эътибор Афғонистон юзасидан ҳамкорлик ва хавфсизликни таъминлашда, республикада эркинлик билан боғлиқ масалалар четда қолиб кетди деган танқид кучли. Бу танқидни нафақат Ўзбекистон жамоатчилиги ва чет элдаги муҳожирлар орасида, балки Америка илмий ва сиёсий доираларида ҳам қулоққа чалинади.
Оқ уй ва ташқи сиёсат амалиёти учун масъул Давлат департаменти, шунингдек, Мудофаа вазирлиги ўтган йиллар ичида Ўзбекистон билан муносабатларда нотинч Афғонистон бирламчи омил бўлганини рад этмайди. Лекин расмийлар бошқа йўналишлар, хусусан, ҳуқуқ тарғиботига ҳам аҳамият катта дея ишонтиришга уринади.
Ўзбекистон позицияси шуки, Америка билан ришталар ўзаро манфаатларга асосланган ва ҳамкорлик томонларнинг хоҳиш-иродасидан келиб чиққан ҳолда ривожланиб бормоқда.
Давлат котиби Жон Керри 2015-йилнинг ноябр ойида Самарқандда Президент Ислом Каримов билан мулоқот қилган. Марказий Осиёнинг беш давлатига сафар қилар экан, минтақа ташқи ишлар вазирларини Самарқандга йиғиб, Керри Марказий Осийода интеграция ва иқтисодий бирдамлик устувор мақсад бўлиши керак дея ундаган эди. Махсус декларация ҳам қабул қилинган. Вашингтон бу ташаббусни тарғиб қилиш билан банд.
19-январдаги учрашувда "Исломий давлат" ва терроризмга нисбатан биргаликда чора кўриш хусусида гаплашиб олинди, шунингдек, бошқа соҳалардаги ютуқ ва камчиликлар ҳам қайд этилди, дейди расмийлар.
АҚШда президент сайловлари яқин. Обама маъмуриятининг охирги йилида муносабатларда бурилиш кутманг, дейди таҳлилчилар, келаси ойлар чала ишларни битириш билан ўтади.
Конгресс чекловларни бекор қилдими? Нима учун?
Конгресс 2003-йилдан бери Давлат департаментига Ўзбекистонга ҳарбий ёрдам кўрсатишни чеклаб қўйган эди. 2016-йилги сарф-харажат билан боғлиқ ҳужжатларда бу борада ҳеч нарса дейилмаган, яъни республика чекловлардан холи.
Ўтган уч йил мобайнида Давлат департаменти Ўзбекистон АҚШ хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнаётган мамлакат дея, ҳар олти ойда махсус рухсатнома олиб, ҳамкор томонга ҳарбий мадад кўрсатди. Жумладан, 2015-йилда 300 дан ошиқ зирҳли машина ва 20 дан зийод кичик турдаги чегарачи дронлар берди.
Конгресс нима учун чекловларни олиб ташлади деган саволга "Америка Овози" ҳозирча бирор аниқ жавоб олмади. Сенатда кўпчиликни ташкил этилган республикачилар қарорни тушунтирмаган.
Президентликка номзодлар ва Ўзбекистон
Вашингтонда Ўзбекистон тилга олинган яна бир ташаббус бу президентликка даъвогар республикачи Ренд Пол олға сурган таклиф бўлиб, унга кўра, Америка бирор ажнабийни қабул қилишдан олдин уни чуқур текшириши шарт. Амалдаги текширув изчил эмас, дейди Пол. У рўйхатини тузган "хавфли ўлкалар" қаторида 30 дан ошиқ давлат бор, жумладан Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон. Бу давлатлардан виза учун мурожаат қилганлар қаттиқ чиғириқдан ўтиши керак, дейди сенатор.
Маълумки, ўтган йиллар ичида бир неча ўзбекистонлик АҚШда терроризмда айбланиб ҳибсга олинди, айримлари айбдор деб топилиб, узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилди. Улар орасида сиёсий бошпана олиб келганлар бор.
Ренд Пол таклифи Сенатдан ўтмаган лекин арбоб уни тарғиб қилишда давом этмоқда.
Акром Йўлдошев ўликми ёки тирик?
Бу мавзу маслаҳат кенгашида қанчалик муҳокама қилингани мавҳум.
Андижон фожиаси ортида турганликда айбланган акромийлар оқими асосчиси Акром Йўлдошев беш йил олдин қамоқда ўлгани ҳақида "Озодлик" радиоси шу йилнинг 11-январида хабар тарқатди.
Йўлдошев 1999-йилда тузумга қарши жиноятларда айбдор деб топилиб, 17 йилга қамалган. Тирик бўлса, келаси ой озодликка чиқиши керак. Унинг 2010-йилда турмада вафот этгани ҳақида анчадан бери миш-мишлар юрар эди. "Озодлик" манбаларига кўра, бу ҳақиқат.
Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол аянчли ва Америка эътиборни ошириши керак деб ундаб келаётган халқаро ташкилот "Human Rights Watch" (HRW) йиллик маслаҳат кенгаши олдидан баёнот чиқариб, Вашингтондан бу масалага жиддий аҳамият қаратишни сўрамоқда.
Ўзбекистон расмийлари билан учрашувда Давлат департаменти республика қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбуслар масаласини кўтариб, Акром Йўлдошев тақдири юзасидан аниқ маълумотлар талаб қилсин, дейди Стив Свердлов, HRW эксперти.
Обама маъмурияти ҳамкор томонни ошкоралик, адолат ва масъулиятга ундаб, бу борада оммага очиқ айтсин; Тошкент сукут билан қутулиб кетолмайди, дейди Свердлов.
Каримов раҳбарияти шу давргача бу шахс тақдири юзасидан лом-мим демай келади. У тирикми, қайси лагерда? Ўлганми, қачон? Бу борада ҳукумат ҳисобот бериши шарт, дейди Свердлов.
Акром Йўлдошевнинг оиласи АҚШда яшайди, сиёсий бошпана олган. Ўтган йиллар ичида улар матбуот билан гаплашмаган.
HRW назарида Йўлдошев - диний ва сиёсий эркинлигидан фойдаланиб, жамоатчиликни иймонли бўлишга, ҳалол яшашга ундаган лидер. 1992-йилда ёзилган диний қўлланма "Иймонга йўл" деб номланган ва жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотган.
Ўзбекистон ҳукумати назарида эса Йўлдошев экстремизмни тарғиб қилган, мамлакат тинчлигига таҳдид солиб, атрофига қора ниятли шахсларни тўплаган жиноятчи. Андижонда 2005-йилнинг 12-13 май кунлари амалга оширилган қонли ҳаракатларда айнан унинг тарафдорлари айбланади. Акромийлар - террористлар, дея қайд этади ҳукумат.
HRW шундай тавсиялар бермоқда: Ўзбекистон сиёсий маҳбусларни озод этиб, ҳуқуқ ҳимоячилари ва тузум танқидчиларига нисбатан тазйиқларни бас қилсин; шунингдек, қамоқда қийноқларга чек қўйилсин; пахта далаларида мажбурий меҳнат амалда тақиқлансин; вазият ҳақида батафсил маълумот олиш учун мамлакатга чет эл журналистлари ва БМТ махсус вакиллари киритилсин.
Республика HRW иддаоларини инкор этиб, ташкилотни уйдирма ва туҳматда айблайди. Ҳуқуқ ҳимояси билан машғул орган назарида эса аҳвол жойида бўлса, нима учун ҳақиқат яширилмоқда, яъни у ва бошқа халқаро ташкилотлар нега Ўзбекистонга киритилмаяпти?
Ўзбекистон ва АҚШга доир яна бир нозик жараён
Маслаҳат кенгашида тилга олинмаса-да, ҳаммага маълум ва охирги пайтда янада долзарблашган масала - Ню-Йоркдаги федерал суд ҳукми билан музлатилган юзлаб миллион долларга Тошкент даъвогарлик қилаётганидир.
Швейтсарияда чиқадиган "L"Hebdo" журнали мухбири Франсуа Пиле ёритишича, республика ҳукумати Америкадан "Гулнора иши" юзасидан ҳамкорлик қилишни сўрамоқда. Ҳукумат Ню-Йоркдаги нуфузли адвокатлик фирмасини ёллаб, масала билан жиддий шуғуллана бошлаган. Суд Ўзбекистон мурожаатига 28-январда ўзининг дастлабки жавобини бериши мумкин лекин мутахассислар назарида, бу- узоққа чўзиладиган иш.
Америка ҳукумати, хусусан Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат департаменти изоҳ бермайди, суд тизими мустақил экани эслатилади.
Тошкент ҳам шу пайтгача бу борада оғиз очмай келади. Гап президент қизи Гулнора Каримова бошқарганликда гумон қилинадиган улкан коррупция иши ҳақида кетмоқда. Даъво шуки, Европа ва Россияда асосланган мобил компаниялари Ўзбекистонда бизнес қилиш учун 2000-йилларда миллионлаб доллар пора берган.
1 миллиард доллар деб чамаланган бу маблағ турли халқаро банк ҳисобларида бошқа шахсларнинг номи остида сақланган. Ҳозирда бир неча давлатда тергов қилинаётган ишга АҚШ ҳам бош қўшиб, ўтган йили юзлаб миллион доллар суд ҳукмига биноан музлатилган эди.
Гулнора Каримова 2014-йилдан бери уй қамоғида экани тахмин қилинади. Унинг атрофидаги бир неча киши судланган ва қамоқда.
Бу юлғичлик ишининг ҳукуматга дахли йўқ ва мамлакат ўғирланган пулларни олишга ҳақли деб чиқиши мумкин деган мулоҳазалар азалдан мавжуд эди. Агар Швейцария матбуоти бераётган хабарлар ҳақиқат бўлса, Тошкент бу ҳаракатни аллақачон бошлаган.