Ўзбекистондан чиқиш визасисиз чиқиш учун жавобгарликка доир тартибга ўзгартиш киритилди

Ўзбекистондан хорижга чиқишга доир тартибга айрим ўзгартишлар киритилди. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 22 октябрь куни қабул қилган қарорга кўра, чиқиш визасисиз бошқа давлатга чиқиш учун кўзда тутилган жавобгарлик қандай бўлиши аниқлаштирилди.

Хусусан, чиқиш визаси стиекари бўлмаган ҳолда хорижга нафақат Ўзбекистон ҳудуди, балки чиқиш визаси талаб қилинмайдиган МДҲ мамалакатлардан бошқа давлатга чиқиш ҳам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 223-моддасига кўра жазоланиши айтилади. Масалан, Ўзбекистон фуқароси чиқиш визаси талаб қилинмайдиган Қозоғистонга чиқса-да, у ердан чиқиш визаси талаб этиладиган Германияга жўнаб кетадиган бўлса, жиноят кодексининг 223-моддаси 1-қисмига биноан энг кам иш ҳақининг 200дан 400 баробаригача жаримаган тортилади, дея изоҳ берди Norma.uz нашри.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 223-моддасида жаримадан ташқари уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, ўзгартишларга биноан фуқаро хориждалиги пайтида чиқиш визаси муддатининг ўтиб кетиши ҳамда муддати ўтиб кетган чиқиш визаси билан учинчи давлатга сафар қилиши жавобгарликка тортилиш учун асос бўлмайди.

Ўзбекистон чиқиш виза режими амал қиладиган дунёнинг саноқли давлатларидан бири ҳисобланади.