Чироқчида кўчага ташлаб кетилган чақалоқни дайди итлар ғажиди

Озодлик манбаларига кўра¸ Қашқадарë вилояти Чироқчи тумани марказидаги мактаб ортига номаълум шахслар етти ойлик туғилган чақалоқни ташлаб кетган. Тонгга қадар дайди итлар ғажиб ташлаган чақалоқ жасади топилгач¸ маҳаллий ҳуқуқ тизимлари бу жиноятни содир этган шахсларни қидирув ишларини олиб бормоқда.

Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидаги Ибн Сино номли умумтаълим мактабининг орқасидаги кўчадан янги туғилган чақалоқнинг итлар ғажиб ташлаган мурдаси топилган.

Бу ҳақда хабар берган чироқчилик манбага кўра, воқеа 20 октябрь куни кечаси содир бўлган:

“Кеча мактаб орқасидан уч кунлик чақалоқнинг мурдаси топилди. Ўшани кимдир туғиб кечаси кўчага ташлаб кетган. Кейин уни дайди итлар ғажиб ташлаган. Кўрган одамларнинг айтишларича, болачани фақат боши билан қўлчалари қолган экан. Бу ваҳшийликдан бутун Чироқчи даҳшатга тушди”, дейди манба.

Исми сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган Чироқчи тумани тиббиёт бирлашмаси мулозимларидан бири, шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Ҳақиқатан ҳам ўша чақалоқни итлар ғажиб ташлаган. Танасининг бир қанча аъзолари йўқ. Суд-тиббий экспертизаси бу чақалоқнинг етти ойлик бўлиб туғилганини тасдиқлади. Чақалоқнинг ДНК анализлари олиниб, текширишга юборилган. Ички ишлар ходимлари боланинг онасини қидираяпти”, деди мулозим.

Чироқчи туманидаги мактаблардан бирида ишлайдиган ўқитувчининг айтишича, айни пайтда бутун Чироқчи милицияси оёққа турган:

“Кечадан буён мактаб атрофи тревога бўлиб ётибди. ГАИлар ҳар битта машинани тўхтатиб текшираяпти. Одамларнинг айтишларича, турмушга чиқмаган қайсидир қиз ҳомиласини етти ойликда туғиб ташлаб кетган бўлиши мумкин”, деди ўқитувчи.

Ўзбекистонда никоҳсиз ҳомиладор бўлиб қолган қизларнинг жамоатчилик реакциясидан қўрқиб¸ ўз чақалоғини ўлдириш ҳолатлари учраб туради.

Хусусан¸ жорий илнинг 16 июль куни Хоразм вилоятининг Шовот туманида 19 яшар қиз туққан чақалоғини молхонага ташлаб кетган ва бир неча соатдан кейин топилган чақалоқ касалхонада жон берган эди.