Россия махсус хизматлари мамлакат бўйлаб “Исломий давлат” террор гуруҳи сафига одам ëллаш билан шуғулланаëтган марказий осиëликларни ушлаш амалиëтларини бошлади. Кейинги кунлар ичида Хабаровскда бир қирғизистонлик шахсга нисбатан жиноий иш очилган¸ бир ўзбекистонлик Сочидан Ўзбекистонга депортация қилинган.
Айни кунларда Хабаровск ўлкасида махсус хизматлар “Исломий давлат” жиҳодий гуруҳи сафига одам ëллаш билан шуғулланаëтган шахсларни яқиндан таъқиб қилишга киришди. Тахминларга кўра¸ улар сони анчагина¸ дейди минтақа мусулмонларининг “Содружество” жамияти раиси Ҳамза Кузнецов Озодлик билан суҳбатда:
- Ҳозирча¸ ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларидаги манбаларимиз¸ Хабаровскда ИШИД сафига одам ëллашлик айби билан бир шахсга нисбатан жиноий иш очилганини тасдиқлади. Айтилишича¸ бу шахс Қирғизистон фуқароси¸ дейди Кузнецов.
Унинг таъкидича¸ бугунга келиб “Исломий давлат” тарғиботчилари ижтимоий тармоқлар¸ хусусан¸ ўзбекистонлик муҳожирлар кўп ва фаол бўлган Одноклассники тармоғи орқали очиқчасига тарғибот олиб бормоқда:
- Ижтимоий тармоқларда кўп муҳожирлар билан дўстман. Улар¸ дейлик битта видеони кўради-да¸ Like тугмасини босади. Бу видеода ишидчилар кимнидир қатл қилаяпти¸ ëки баëнот беради¸ ўз ғояларини тарғиб қилади. Кимдир Like деган тугмани босса¸ бу видеони унинг дўстлари ҳам автоматик шаклда кўради ва бу тарғибот ижтимоий тармоқда геометрик прогрессияда тарқаб кетади. Ҳозир шундай бўлаяпти ва махсус хизматлар буни яхши билади. Лекин одамни бунақа видеони Like қилгани учун қамаб бўлмайди¸ бунга ҳуқуқий асос йўқ. Хизматлар кузатаяпти¸ кимнинг нимани Like қилаëтганини билади¸ лекин ҳозирча кенг кўламли ҳаракатга унча ошиқмаяпти¸ дейди Кузнецов.
Ижтимоий тармоқларнинг ИШИД тарғиботчилари¸ хусусан¸ Сурияга одам ëллаш бизнеси билан шуғулланаëтганлар учун очиқ ва кенг майдонга айланганини тасдиқловчи хабарлар Озодликка тез-тез келиб туради:
“Мени Одноклассники орқали бир қиз Сурияга чақираяпти. Менга катта пул ваъда қилаяпти. Биз Однодан танишиб қолгандик. Ўзини Марям деб таништирган қиз 21 ëшда экан¸ мени через Туркия кутиб олишини айтаяпти. Бу гапни ўртоқларимдан суриштиргандим¸ улар бу қиз сени алдайди¸ урушга чақираяпти¸ дейишди. У қиз эса менга катта пул ишлаб олишимни айтаяпти¸ ойига 1200 доллардан ишлашни ваъда қилаяпти. Мен нима қилай?”¸ деб мурожаат қилди 14 июль куни Россиядаги ўзбек муҳожирларидан бири.
15 июль куни Озодлик билан суҳбатлашган ўзбекистонликлардан бири ўз жиянининг апрель ойида Суриядаги жиҳодга кетгандан бери бедарак йўқолганини хабар қилди:
- Жияним Эгамбердиев Баҳодир¸ 1991 йили Андижон шаҳрида туғилган. Санкт-Петербургда компютер технологияси соҳасида менежерликка ўқиëтган эди. Ўқишдан кейин мойкада ишлаб юрди. 19 апрель куни менга Одноклассникидан чиқиб¸ Туркиядаман¸ деб қолди. Мен ишонмадим. Истанбулда тушган суратларини юборди. Бу ерга дўконда ишлаш учун келдим¸ 450 доллар ойлик бераркан¸ деди. 24 апрель куни чиқиб¸ мен Сурияда¸ “Исломий давлат”даман¸ деб қолди. Яқин ойлар ичи гаплашолмайман¸ жангавор тайëргарликдан ўтамиз¸ кейин ўзим чиқаман¸ дегани бўйича ҳозиргача дараксиз. Ота-онасининг биттаю битта ўғли¸ улар жинни бўп қолаëзди. Биз фақат бир нарсани – унинг тириклигини билсак¸ бўлди. Сурияга бориб¸ қўлидан тортиб Ўзбекистонга қайтариш қўлимиздан келмайди¸ дейди жиянининг қандай қилиб¸ кимлар томонидан “Исломий давлат” таъсирига тушганидан хабарсиз қолганини айтган суҳбатдош.
Айтилишича¸ Баҳодир¸ апрель ойида Россиядан Сурияга жиҳодга кетган беш андижонликнинг бири ва Ўзбекистон махсус хизматларига бу йигитлар шахси маълум.
Озодликка муҳожир ўзбекистонликлардан келаëтган ҳикояларга кўра¸ ижтимоий тармоқлар баробарида¸ Россиянинг кўпгина масжидлари ҳам "Исломий давлат" сафига одам ëлловчиларнинг асосий манбасига айланган.
Хабаровскдаги ҳибсга олиш ортидан¸ Сочидан сохта ҳужжат билан Туркияга кетишга уринган 26 яшар ўзбекистонлик йигитнинг ушланиб¸ Ўзбекистонга депортация қилингани хабари тарқади.
"Мен қаëққа кетаëтганимни билмадим. Ақлдан озган одам каби "Исломий давлат"га қўшилиш учун кетаëтгандим. Мени бу йўлдан ушлаб қолгани учун¸ ФСБ ходимларига миннатдорман"¸ деган гаплари иқтибос қилинди ушбу 26 яшар йигитнинг.
Айтилишича¸ тасодифан танишиб қолган шахс таъсирига берилган бу йигитни¸ асл шариат қонунлари билан яшаш саодатига эришиш йўли "Исломий давлат" сафига қўшилиш эканига ишонтиришган.
Айни пайтда¸ марказий осиëликлар¸ хусусан¸ ўзбекистонликларнинг "Исломий давлат" сафига қўшилиш йўлидаги асосий ўтиш нуқтасига айланган Туркия-Сурия чегарасидаги назорат кейинги пайтларда кучайтирилмоқда.
Кейинги бир неча кун ичида Туркия хавфсизлик кучлари "Исломий давлат" сафига қўшилиш учун Сурияга ўтишга уринган 45 нафар хорижийни ушлаб қолди. Улардан 9 нафарининг ўзбекистонлик экани хабар қилинди.