Андижон шаҳрининг Эски шаҳар қисмида жойлашган қадимий "Эски шаҳар" марказий деҳқон бозорига бир кечада бульдозер солинди. Озодлик манбалари берган малумотларга кўра, тадбиркорлар бундан бехабар бўлган ва бузилиш бошланган куни дўконларидан молларини ташиган. Андижон шаҳар ҳокимлиги бозор бузилиши юзасидан бирор изоҳ бермади, аммо норасмий манбалар бозор подвалга туширилади, демоқда.
Андижон шаҳридаги "Эски шаҳар" марказий деҳқон бозори бузилиши сешанба куни - 17 июндан бошланди.
Озодлик манбаларидан бири бўлган андижонлик муштарий бозор бузилишидан, ҳатто савдогарлар ҳам бехабар қолган, деб тахмин қилмоқда:
- Биз душанба куни кечки пайт жияним билан бозорда овқатландик. Эртаси куни эрталаб қизим телефон қилаяпти: "Дада Эски шаҳар бозорини бузиб ташлашибди", деб. Ишонмасдан эрталаб соат 9 ларда борсак, бузишаётган экан. Савдогарлар молларини ташияпти, ҳаммаёқ бақир-чақир, мелиса. Энди огоҳлантиришса, кечаси билан бўлса ҳам, молини ташиб ташлашган бўларди-да! Шундан бери мана бузишяпти, - дейди исмини очиқламаётганимиз андижонлик муштарий.
Андижонлик яна бир неча манбага кўра, шу кунда бозор бузилиши давом этаяпти ва тадбиркорлар шаҳардаги турли бозорларга сочилиб кетган:
"Кўпчилигини нариги Ўзбекистон кўчасига кўчасан, дейишган экан. Лекин жуда кўпчилиги "Сой бўйи деҳқон бозори"га келишди. Яқинда қурилган бу бозор бўш эди, тўлди. Жаҳон бозориям тўлди. Клара Цеткин, 2-микрорайон, 3-микрорайондаги кичкина- кичкина бозорларга ҳам кўчишди. Лекин бозорда 500 тадан ортиқ дўкон бор эди, уларга нима бўлди, хабарим йўқ, - дейди андижонлик муштарий.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Озодлик Андижоннинг бир неча юз йиллик тарихга эга қадимий бозорларидан бўлган "Эски шаҳар" бузилиши юзасидан шаҳар ҳокимлигидан бирор изоҳ ололмади.
Қуйида Озодликнинг мобил мухбири 2014 йилда бу бозорда олган фотосуратларни томоша қилишингиз мумкин:
Айни пайтда мутасадди идоралардан бирининг ўзини таништирмаган расмийси эса бузилишдан бозордаги сотувчилар огоҳлантирилмаганига оид манбалар берган маълумотларни инкор қилди:
"Эски шаҳар тор, бу бозорни атрофида юриб бўлмас эди. Ҳаммаси огоҳлантирилган, бозорнинг транспорт ва аҳоли қатновига халақит қилиб турган қисми бузиляпти, холос. Қолган қисми реконструкция қилиниб, қайта очилади", деди мутасадди идоралардан бирининг ўзини таништирмаган ходими.
Аммо, "Эски шаҳар" бозори тадбиркорлари орасида бундай маълумот берилмагани айтилмоқда. Озодлик бу бозордаги тадбиркорларнинг ўзи билан гаплаша олмади. Бироқ, бу бозорда сабзавот сотадиган танишига таянган бир манбага кўра, бозор ўрнига сайлгоҳ қурилади, бозордаги дўконлар эса сайлгоҳ остида қуриладиган ертўлага жойлаштирилади:
- Фонтанлар қуриб, кўкаламзорлаштирилган жой қилишаркан-да, бозорнинг ўрнини, шу жойнинг ўзида подвал қилиб, дўконларни у ерга кўчиришаркан, деган гаплар бор. Лекин, аниқ гапни ҳеч ким айтмаяпти. Агар бозорни ер остига кўчиришса, менимча яхши бўлади. Ростданам, бозорни атрофида юриб бўлмайди, тирбанд, бақир-чақир, ур-йиқит. Тор-да тор, - дейди исмини очиқламаётганимиз андижонлик муштарий.
Андижонлик манбалардан олинган маълумотларга кўра, шаҳарнинг тарихий обидаларидан бирига айланган "Эски шаҳар" марказий деҳқон бозори бир неча юз йиллик тарихга эга.
Шу кунда бозор ҳудуди 4 гектарга яқин ва унда 4 та усти ёпиқ ҳамда унинг унинг атрофини қуршаган ўнлаб очиқ расталар бор эди. Бундан ташқари, 3 йил муқаддам шаҳарнинг яна бир халқ тилида "Узум бозори" деб юритилган қадимий бозор бузилгач, "Эски шаҳар" бозори теграсида икки қаватли замонавий савдо дўконлари қурилган эди.
- 2Х3 метрлик дўконлар қурилган. Биринчи қавати PayNet, Интернет ёки телефон сотадиган дўконлар, шунақа маиший хизмат товарлари сотиладиган дўконлар-да. Иккинчи қаватида энди қандолат товарлари, писта-бодом ва шунга ўхшаган товарлар сотиладиган дўконлар эди. Шу 500 атрофидаги дўкон бузиляпти ҳозир. Яқинда бир танишимиз 50 минг АҚШ долларига олган эди. Уларга дўконнинг пулини беришдими ёки бошқа жойдан дўкон беришдими - бундан хабарим йўқ, - дейди исмини очиқламаётганимиз андижонлик муштарий.
Андижоннинг 1900 йиллардан бери ишлаб келган “Узум бозори” 2011 йилда бузилган. Бузилиши олдидан бу бозорда ҳам, асосан, кийим-кечак ҳамда электрон буюмлар сотиладиган 500га яқин дўкон ишлаётган эди. Бу қадимий бозор 2004 йилда ҳам қисман бузилган ва ўшанда мева-чева, сабзавот ва атторлик буюмлари сотадиган 1 мингдан ортиқ тадбиркор савдо жойидан айрилган.
2004 йилда "Узум бозори" ҳудудидаги юз йиллик тарихга эга бўлган "Оталар чойхонаси"нинг бузиб ташлангани ҳам норозиликларга сабаб бўлган эди. Савдо жойидан айрилган савдогарлар вилоят ҳокимлиги биноси олдида норозилик акциясини ўтказган, аммо бу натижа бермаган.
Бундан ташқари, "Эски шаҳар" бозорида йиллар давомида ишлаб келган кийим-кечак расталари ҳам 2007 йилларда бузилган ва бу савдогаларларнинг кўпчилиги янги қурилган замонавий "Наврўз" савдо мажмуасига кўчирилган эди.
"Наврўз" мажмуаси 2012 йилнинг январь ойида ёниб кетган ва ўшанда ҳам қадимий бозор савдогарларининг кўпчилиги катта миқдордаги товаридан айрилган эди.
Қуйида Озодликнинг мобил мухбири йўллаган ёнғин акс этган видео:
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди