Сеулда Ўзбекистон ва Жанубий Корея раҳбарлари ўтказган музокаралар якунида 60 ҳужжат имзоланди. Мазкур ҳужжатлар асосида амалга ошириладиган лойиҳалар қиймати 7 миллиард 700 миллион долларни ташкил қилади.
Имзоланган ҳужжатлар орасида ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш тўғрисидаги битим ҳам бор. Икки давлат Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2015—2017 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури ҳам имзоланди. Шунингдек, томонлар ижтимоий таъминот тўғрисидаги битимни қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги меморандумни қабул қилди.
Ислом Каримовнинг сафари доирасида имзоланган ҳужжатлар асосида 2015 -2017 йиллар давомида Жанубий Корея Ўзбекистонда 11 лойиҳани амалга оширади. Жумладан, GS Engineering & Construction Corporation ширкати табиий газдан кимё маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси устида ишлайди. Лойиҳа қиймати 4,5 миллиард долларни ташкил этади.
Ўзбекистон президенти Ислом Каримов 27 май куни Жанубий Кореяга расмий сафар билан борган эди. Бугун мазкур сафарнинг якуний кунидир.