Саратовда 11 ўзбекистонлик қамалгани айтилмоқда

Россиянинг Саратов вилояти Новокузнецк шаҳрида мамлакатга ноқонуний йўллар билан киришга ҳаракат қилган ўзбекистонликлар суд қилинди.

Россия агентликларининг Саратов вилоят чегара бошқармаси матбуот хизматига таянган ҳолда 28 апрель куни билдиришича, чегарани Қозоғистон томонидан ноқонуний кесиб ўтганликда айбланиб 2014 йилнинг 15 октябрида 12 киши қўлга олинган эди. Қўлга олинганларнинг 11 нафари Ўзбекистон, 1 нафари Қирғизистон фуқароси бўлган.

Куни кеча Новокузнецк суди қарори билан чегарани бузиб ўтган 11 одам озодликдан маҳрум қилинган. Бир одамга эса 10 минг рубль миқдорида жарима солинган.

Чегара бошқармаси маълумотида ўзбекистонликларга нисбатан суд жараёни қачон бўлиб ўтгани ва судланувчилар қанча муддатга озодликдан маҳрум этилгани ҳақида маълумот берилмаган.

Хабарда суд қарори қонуний кучга киргани ҳақида айтилади.