Бузилган уйимга қанча товон пули олишим мумкин?

OzodJavobнинг бугунги сонида турар жой давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун бузилган тақдирда мулк эгасининг қандай ҳуқуқ ва имтиёзлари борлигини ўрганамиз.

Кейинги йилларда Ўзбекистоннинг деярли барча туман ва шаҳарларида ободонлаштириш мақсадида юзлаб турар-жойлар бузилди. Бу жараён ҳали ҳам давом этаяпти.

Мулк эгаларининг бузилган уйи эвазига берилган квартира ёки ер участкасидан қониқмаслик, товон пулининг камлигидан нолиш ҳолатлари ҳам тўхтаяпти.

Шу кунларда чегара чизиғига яқинлиги боис Фарғона вилояти Фарғона тумани Миндон қишлоғида жойлашган ўнлаб уйлар бузилмоқда.

Уйи бузилаётганлардан бири, миндонлик 30 яшар Акрамжон Аҳмадалиевга кўра, 18 сотих ҳовлисини бузиб, 6 сотихдан учта турар жой учун ер участкаси берилган. Акрамжоннинг ҳисоб-китобича, ҳовлиси бозор нархида 100 миллион сўм туради. Фарғона туман ҳокимлиги унга 19 миллион сўм товон пули берилишини айтган. Лекин Акрамжон бу пулнинг жуда камлигини айтиб, норозилик билдиради:

Тошкентда бузилган Олмазор маҳалласи.

​- Уйларингни бузамиз, дейишаяпти. Бўлди, бузишига биз розимиз. Бизга уйимизни президентимизнинг қарори бўйича, бозор нархида ҳисоблаб, пулимизни беринглар, деяпмиз. Сотих берди, томорқа берди, майли, раҳмат. Президентимизнинг қарори бўйича бюджетдан пул ажратилган, вилоят ҳокимиятидан ҳам ажратилган. Бу ҳокимлар президентимизнинг қарори бўйича иш қилмаяпти, - дейди Акрамжон.

Миндонлик бошқа бир суҳбатдошимиз Акмалжон ака ҳам синглиси Марҳамат Нажимованинг бузилаётган уйи учун белгиланган товон пулининг камлигини айтади:

- Президентнинг қарори бор экан. Ўша қарор бўйича бозор нархида ҳақ тўласин. 18 миллион сўм пулига қанча цемент беради? Ўшани қайтадан баҳолаб, кўпроқ пул беришса, уйни тиклаб олардик. Кейин уйни тиклашга муддат бериши керак. Ҳозир 5 куннинг ичида кўч, деяпти. 5 куннинг ичида қандай кўчамиз? Цемент бермаса, арматура бермаса, шифер бермаса? Мелисаларни олиб келиб, мажбур кўчасан, деяпти. Қанақа кўчамиз, у ерда ҳали ҳеч нарса бўлмаса?, - дейди Акмалжон ака.

Озодликка уйи бузилаётган фуқаролар томонидан деярли ҳар куни бўлаётган шу каби шикоятлар ортидан қонун бўйича мулк эгасининг қандай ҳуқуқ ва имтиёзлари борлигини ўрганишга қарор қилди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасиининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли (ДАВЛАТ ВА ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ЕР УЧАСТКАЛАРИНИНГ ОЛИБ ҚЎЙИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ФУҚАРОЛАРГА ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА) қарорида мулкдор турар жойи бузилишидан 6 ой аввал огоҳлантирилиши лозимлиги таъкидланган.

Тошкент вилоятининг Хитойтепа қишлоғида ҳам уйлар бузилдиf Yuqori Chirchiq district in Tashkent region, September 13, 2013.

Мамлакат қонунларида аҳолининг турар-жойи давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун бузилган тақдирда мулк эгаси бузилган ҳовлиси ёки квартираси эвазига ўша нархдаги уй-жой билан таъминланиши кўзда тутилган.

“Уй-жой” кодексининг 27-моддасига кўра, ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларнинг ҳовли ёки квартиралари бузилган тақдирда мулк эгасига барча қулайликлари бўлган турар жой мулк қилиб берилади. Бузилган уй эвазига бериладиган турар жой аввалгисига тенг қийматда бўлиши ҳам белгиланган. Уйни танлаш пайти мулк эгасининг хоҳиши ҳисобга олиниши ва тарафлар келишувга келиши лозим.

«Фуқаролик» кодексининг 206-моддасида ҳам уйи бузилган мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг миқдорда мулк берилиши қайд қилинган.

Ушбу ҳужжатга кўра, мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкаси давлат ёки жамият эҳтиёжи учун олиб қўйилган тақдирда мулк эгаси турар жой билан таъминланишидан ташқари кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади.

Вазирлар Маҳкамаси қарорида ер участкасини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг РОЗИЛИГИ билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича амалга оширилиши лозимлигини қайд қилинган. Мулкдор ер участкаси олинишига рози бўлмаса иш судга оширилади.

"Фуқаролик" кодексининг 206-моддасига кўра, мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга мулкдор рози бўлмаган тақдирда, бу қарор низо суд томонидан ҳал қилингунича амалга оширилиши мумкин эмас. Низони кўриб чиқиш вақтида мулкдорга етказилган зарарни тўлаш билан боғлиқ барча масалалар ҳам ҳал қилинади.

"Уй-жой" кодексининг 28-моддасида уйи бузилган мулкдор ва унинг оила аъзоларига, шунингдек, ушбу уйларда доимий яшаётган фуқароларга уларнинг хоҳишига кўра якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси берилиши айтилган.

“Ер” кодексининг 27 моддасига кўра, ҳар бир оилага 0,06 гектаргача ер участкалари берилади. Якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,04 гектаргача доирада ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи белгиланган тартибда ким ошди савдоси асосида реализация қилинади.

“Уй-жой” кодексининг 27-моддасига кўра, фуқаронинг уйи давлат эҳтиёжи учун бузилган тақдирда унинг боғи ва уйи атрофидаги дов-дарахтларнинг ҳам қиймати тўланади. Бузилаётган уйнинг (квартиранинг) қиймати берилаётган турар жойнинг қийматидан ортиқ бўлган ҳолда бу фарқ мулкдорга компенсация қилиниши лозим.

“Уй-жой” кодексининг 28-моддасига кўра, ер участкасини ўзлаштириш даврига икки йилгача муддат билан ижара шартномаси асосида вақтинча уй-жой берилиб, бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг қиймати тўлиқ қопланади.

Уйи бузилган муштарийларда агар қўшимча саволлар бўлса Вазирлар Маҳкамасиининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли (ДАВЛАТ ВА ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ЕР УЧАСТКАЛАРИНИНГ ОЛИБ ҚЎЙИЛИШИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ФУҚАРОЛАРГА ВА ЮРИДИК ШАХСЛАРГА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДА НИЗОМНИ ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА) қарори билан батафсил танишиб чиқишни тавсия қиламиз.

Ушбу қарорда:

**Уйи бузилган шахсларга тўлов миқдорини ҳисоблаш тартиби;

**Бузилаётган уйлар эгаларига турар жойлар бериш тартиби ва шартлари;

**Фуқароларга бузиладиган уй (квартира) ўрнига якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш тартиби ва шартлари;

каби ҳолатлар батафсил ёритилган.

Аксар ҳолларда уйи бузилган шахслар берилган турар жой ёки товон пулидан қониқмаса шикоят қилишнинг фойдаси йўқ, деб қўл силташ ҳолатлари ҳам кузатилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айни мазмундаги шикоятларнинг ижобий ҳал этилиш ҳолатлари ҳам кўплаб кузатилади.

Жумладан, ўтган йили биргина Наманган вилоятида 61 ҳолатда мулозимлар қонун талабларини бузиб, уй жойи бузилган аҳоли вакилларини товон пули олиш ҳуқуқидан маҳрум қилгани аниқланган.

Адлия вазирлиги маълумотига кўра, бу ҳолатлар учун наманганлик мулозимларга интизомий жазо тайинланган ва уйи бузилган фуқароларга товон пули тўлиқ тўланган.

****

Азиз муштарий агар сизнинг бугунги саволга муқобил жавобларингиз бўлса, ёки ўз тажрибангизда синалган ҳолатлар билан Озодлик олган жавобларни тўлдира олсангиз, ўз фикр-мулоҳазаларингизни шарҳ сифатида қолдиришингизни сўраймиз.

Шунингдек, яна қайси саволларга жавоб топишни истайсиз, OzodJavobга мурожаат қилинг.

Саволларингизни скайп орқали Оzodskype ëки ErkinMikrofon га йўллашингиз мумкин.