Урганчда хусусий уйлар олдига қурилган айвонлар ёппасига бузилмоқда

Хоразм вилояти маъмурий маркази ҳисобланган Урганч шаҳрида хусусий уйлар олдига қурилган айвонларни ёппасига бузиш бошланди. Бу эса Урганчдаги кўпчилик хонадон эгаларининг норозилигига сабаб бўлмоқда.


Урганчлик 48 яшар тадбиркор Бахтиёр ака саккиз ой аввал 5 миллион сўм (2000 АҚШ долларидан ортиқ) сарфлаб, уйи олдига айвон қурдирди, эшиги бўсағасига мармар плита ётқизиб, атрофини темир панжара билан ўраттирди.

Бахтиёр аканинг Озодликка айтишича, энди вилоят ҳокимлиги вакиллари айвонини бузишни талаб қиляпти.

- Ҳокимият уч кун ичида бузасан, бузмасанг ўзимиз бузамиз, бузган ҳаққини ҳам ундириб оламиз, деяпти. Ҳаммани уйини олди бир хил бўлиши, бир хил рангда бўлиши керак эмиш. Ахир мен бу айвонни ёғоч ўймакорларига катта пул тўлаб қурдирганманку,- деб куйинади Бахтиёр ака.

Хоразм вилояти Архитектура бошқармаси масъулларидан бирининг айтишича, Урганч шаҳрини замонавий шаҳарсозлик талаблари асосида қайта қуриш дастури доирасида уйлар олдига ноқонуний қуриб ташланган барча айвонлар бузилиши шарт.

- Президентнинг қарори бор. Шу бўйича айвонларни йиқиш бошланди. Бошланишида Урганч шаҳридан бошланди. Лекин, бу бутун вилоят бўйича қилинади. Кўп ноқонуний қурилишлар бўлиб кетган, ҳамманики бузилади,- дейди исмини айтмаган Хоразм вилояти Архитектура бошқармаси расмийси.

Ўтган йил октябр ойида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Хоразмга ташрифи чоғида “Урганчни замонавий шаҳарга айлантирамиз, келган сайёҳлар Хивага боришдан аввал Урганчнинг чиройини ҳам бир кўришсин”, деган эди.

Жаноб Каримов 18 феврал кунги ҳукумат мажлисида ҳам бу масалага яна бир бор алоҳида тўхталди.

- Хоразм мутлақо ўз қиёфасини ўзгартиради. Раҳбарлари шу ҳақда куйиниб яшайдиган бўлса агар, мен бу раҳбарлардан рози бўлар эдим,- деди Каримов

Ҳозир Урганч шаҳрини қайта қуриш мақсадида умумий қиймати 112 миллиард сўмни ташкил этадиган дастур ишлаб чиқилди.

Урганчни иккинчи Швейцария қилишмоқчи

Урганч марказида яшовчи 57 яшар Ойтўти опа шаҳардаги ободончилик ишларидан мамнун эканини айтади.

- Кўчалар очилиб, чиройли бўляпти. Ҳар ким хоҳлаганча айвонларни қуриб, кўчалар ёпилиб қолган эди. Ишқилиб, иш жадал бу ерда, Урганчни иккинчи Швейцария қилишмоқчи. Ҳаммага нима бўлса бизга ҳам шу, айвонни йиқ деса йиқамиз. Ҳаммани уйига келган маърака экан, ҳозир ўз ихтиёри билан бузаётганлар ҳам бор кўчамизда,- дейди Ойтўти опа.

Лекин, айвони бузилаётган урганчлик Бахтиёр ака ичидаги аламини яширмайди.

- Уйимизни олди чиройли бўлмай турган бўлса майли, бузишсин эди. Лекин, бошқаларга ҳавас қилиб кўчамиз олдига мармар плита ётқиздик. Чиройли қилиб қўйгандик, йўқ бузасан деяпти. Чиройли бўлмай, бачкана бўлмай турганларни бузишса майли, лекин чиройлиларини қолдиришса яхши бўлар эди,- дейди Бахтиёр ака.

Урганчда эски уйларни бузиш кампанияси 2011 йилда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифидан сўнг бошланди.

Мирзиёев маҳаллий расмийларга вилоят марказидаги “эски уйларни зудлик билан бузиб ташлаш”ни топширганди.

200 минг аҳоли яшайдиган Урганч шаҳрида дастлаб марказдаги Ал-Хоразмий шох кўчаси атрофидаги икки қаватли уйлар бузилиб, ўрнида саккиз қаторлик кенг проспект барпо этилди.

Бузилаётган уйларда яшовчи аҳоли ҳуқуқ-тартибот идоралари ва прокуратура томонидан кучли босимга учради. Кўпчилиги бу босимга ён берди ва кўчишга рози бўлди.