Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига (ЎИҲ) молиявий ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириб келган покистонлик Қори Аюб Башир ва яна икки шахс АҚШ Молия вазирлигининг глобал террорчилар рўйхатига киритилди.
АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) молиячиси Қори Аюб Башир, Афғонистон толиблари лидери, бомба тайёрлашни ўргатувчи Мавлавий Одам Хон Ачекзай ҳамда Покистондаги Толибон ҳаракатининг портловчи қурилмалар ва электроника бўйича мутахассиси Амир Али Чаудрини ўзининг глобал террорчилар рўйхатига киритди.
АҚШ Молия вазирлиги 17 октябр куни эълон қилган баёнотида Молия вазирининг Терроризм ва молиявий разведка масалалари бўйича ўринбосари Дэвид Коен чорадан кўзланган мақсад Афғонистон ва Покистондаги тинч аҳоли ва ҳарбийлар ҳаётига тахдид солувчи ҳужумларни амалга ошириш устида ишлаётган уч нафар шахс фаолиятини тўхтатиш эканини маълум қилган.
АҚШ Молия вазирлиги баёнотига кўра, Аюб Хон Башир 2010 йил бошидан бери ЎИҲ раҳбарлари кенгаши, яъни шўро аъзоси бўлган.
2009 ва 2011 йилларда у ЎИҲнинг Афғонистон ва Покистондаги операцияларини пул билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштирган.
“Ўзининг молиявий қўллаб-қувватлаш фаолияти доирасида Башир Туркия ва Европанинг бошқа ерларидаги манбалардан олинган маблағларни Ўзбекистон Исломий Ҳаракати лидерига етказган”, дейилади АҚШ Молия вазирлиги баёнотида.
Аюб Башир йиғилган пулларини 2011 йил 29 сентябрида АҚШ Молия вазирлигининг Глобал террорчилар рўйхатига киритилган ЎИҲ фаоли Фазал Раҳим исмли шахсга ҳам етказиб турган.
Вазирлик маълумотига кўра, 2010 ва 2012 йилларда ЎИҲнинг Афғонистон ва Покистондаги фаолиятини ҳар томонлама-қўллаб қувватлаган Аюб Башир Ҳаракатнинг Афғонистон ва Покистондаги лидерлари билан яқин алоқада бўлган.
2009 йилдан бошлаб Аюб Башир Афғонистоннинг Қундуз вилоятида афғон полициясига қарши ҳужумлар уюштиришга етакчилик қилган ва Покистондаги ўз мадрасасида Ўзбекистон Исломий Ҳаракатига жанггарилар ёллаш билан шуғулланган.
Қори Аюб Башир ЎИҲ янги аъзоларининг лагерларга ёки террор хуружлари амалга ошириладиган манзилларга етиб олишини ташкиллаштиришда ҳам ёрдам берган.
Башир ЎИҲнинг собиқ лидери Тоҳир Йўлдош қўмондонлиги остида Афғонистоннинг Қундуз ва Таҳор вилоятларида Халқаро коалиция кучларига қарши жанггари гуруҳларга бошчилик қилган.
Longwarjournal.org Интернет нашри хабарига кўра, Ўзбекистон фуқароси бўлган Қори Аюб Башир Покистоннинг Шимолий Вазиристон вилоятидаги қабилалар назоратида бўлган Мир Али минтақасига жойлашиб олган.