Жиззахлик норасмий манбадан олинган бу маълумотнинг расмий тасдиғи йўқ. Айни пайтда Жиззах вилоятида қўйлар қирилишига сабаб бўлаётгани айтилаётган вакцина таркиби тўғрисида ҳанузгача аниқ хулоса чиқарилгани йўқ. Жиззахда қўлланилгани айтилаётган вакцинани ишлаб чиқарувчи Россиядаги институт раҳбаридан Озодлик олган маълумотга қараганда, бу ташкилот жорий йилда Ўзбекистонга вакцина сотмаган.
Айни пайтда Жиззахдагига ўхшаш воқеалар қўшни Қирғизистонда ҳам ҳукумат расмийларини оёққа турғазди.
24 сентябр куни вилоят ҳокимлигида барча ветеринар врачлар иштирокида йиғилиш ўтказилди. Йиғилиш натижалари тўғрисида норасмий манба мана буларни айтиб берди.
- Жиззах вилоят ҳокимлигида бугун Самарқанд илмий текшириш институтидан олимлар келиб йиғилиш ўтказишган. Тарқалган касаллик бўйича агар қўйлар, укол қилинган қўйлар 10 кун ўтгандан кейин яшаб кетса, уни истеъмол қилиш мумкин деган хулосага келишган.
Озодлик: 10 куннинг ичида ўлсачи?
- 10 куннинг ичида ўлса агар, истеъмол қилиш мумкин эмас экан. Шу пайтгача ўлган қўйларнинг ҳаммаси кўмиб ташланган. Маълум миқдорда сўйилганлари ҳам бўлган. Қўйларни яширинча сўйиб ўтказмоқчи бўлишган, лекин Жиззах вилояти бўйича вилоят ҳокимининг қарори билан ҳамма жойда қўй гўшти сотиш тақиқланган. Эртадан бошлаб туриб ҳамма бозорларда, қассобхоналарда қўй гўшти сотилишига рухсат берилади. Фақат врачнинг рухсати билангина гўштлар сотилади. Ветврачнинг назоратидан ўтган гўштларгина сотилади. Шунга рухсат беришибди.
Озодлик: Буни ўқувчи яхши тушуниши учун бир нарсани айтиш керак. Эмланган қўйлар баҳона эмланмаганлари ҳам сотилмаëтган эдида-а?
- Умуман эмланган, эмланмаган ҳамма қўй гўшти сотиш тақиқланган эди Жиззах вилояти бўйича.
Озодлик: Сиз бу маълумотни қаердан олдингиз?
- Шу соҳада ишладйиган ветврач билан гаплашиб шу маълумотни олдик, деб хабар қилди жиззахлик манба.
Норасмий манбадан олинган бу маълумотни текшириш учун вилоят ҳокимлигига қилган мурожаатларимиз натижасиз бўлди. Ҳокимликнинг қишлоқ хўжалиги бўлими мутасаддиси билан боғланиб эшитганимиз будир.
- Акажон, мен сизга тўлиқ маълумот бериши учун бир номер бераман. Вилоят ветеренария бошқармаси билан боғлансангиз, тўлиқ маълумотлар ўшаларда.
Озодлик: Сиз чаласи бўлса ҳам бераверинг. Тўлиғини улардан сўраб оламан.
- Унақа маълумотга эга эмасман, дейди Жиззах ҳокимлигининг қишлоқ хўжалиги бўлими мутасаддиси.
Хавфли вакцинанинг қўшни Қирғизистонда ҳам сотилгани ва, хусусан, Ўзбекистонга чегарадош Жалолобод вилояти, Сузоқ туманида эмланган қўйларнинг ўлаётгани туфайли Озодлик радиоси бу ердаги вазиятни ҳам ўрганар экан, масаланинг яна бир жиҳатини аниқлади.
Ўз юртдошларига хавфли вакцинани сотган ветеринар Талип Ташболотов дорини ўзбекистонлик номаълум шахсдан сотиб олганини, вакцина Россиянинг Покров шаҳридаги Ветеринария илмий-текшириш институтида ишлаб чиқарилганини Озодлик радиоси қирғиз хизматига айтган.
Озодлик радиоси бу гапдан кейин тилга олинган институт раҳбари, профессор Денис Колбасов билан боғланди.
Унинг айтишича, қўйларни эмлаш учун қўлланилган вакцина намунаси у бошқараётган институтга ўтган ҳафта охирида етказилган.
“Вакцина намунаси Ўзбекистондан келдими, Қирғизистонданми?”, деган саволимизга профессор Колбасов “Ўзбекистондан”, деб жавоб берди.
Россия Ветеринария илмий-текшириш институти раҳбарининг айтишича, Ўзбекистондан олинган вакцина ҳали текшириб кўрилгани йўқ.
- Лекин яна бир марта айтиб қўймоқчиманки, биз бу йил Ўзбекистонга вакцина сотганимиз йўқ. Биз ишлаб чиқарган вакцина Россия бўйлаб тарқатилган. Унинг сифатига доир шикоят бўлмаган. Ўзбекистондан келтирилган намуна сохта вакцина эканлиги кўриниб турибди. Унинг товар сифатидаги кўриниши ҳам, ички таркиби ҳам бизникига мос келмай турибди. Лекин намуна таркиби қўйлар ўлимига сабаб бўлганми, ёки бошқа сабаб бўлганми – буни айтишга ҳозир тайёр эмасман, деди Россия Ветеринария илмий-текшириш институти раҳбари профессор Колбасов Озодлик саволларига 24 сентябр куни жавоб берар экан.
Шу куни Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида ўлган қўйлар сони 1733 бошга етди.
Бу маълумот вилоят ветеринария бошқармасидан олинди.
Яна бир муҳим хабар: Жалолобод вилояти ва Сузоқ тумани диагностика марказларида ўлган қўйлардан олинган патология материаллари текширувдан ўтказилган ва улардан юқумли касалликлар топилмаган.
Лекин шунга қарамай, Жалолобод вилояти бўйлаб ўлган қўйлар гўшти солинган овқат еган 5 мингга яқин киши борлиги аниқланган ва уларнинг махсус рўйхати тузилиб, врачлар назоратига олинган. Ҳудуддаги касалхоналар эпидемияга қарши шай ҳолатга келтирилган, бироқ шу кунгача ҳали бирон кишининг касаллангани аниқланган эмас.
Жалолобод вилоят бош ветеринар врачи Эрмамат Калматовнинг айтишича, қўйлар ўлимига сабаб бўлган вакцияна шу кунда республика бўйлаб текширувдан ўтказилмоқда.
Қўйлар ўлими билан боғлиқ вазиятни назорат қилиш учун Қирғизистон республикаси вице-бош вазири Тайирбек Сарпашев етакчилигидаги республика штаби ишламоқда.
Мазкур масала ўтган ҳафтада Қирғизистон парламентида муҳокама қилинган эди.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди