Бирлик Халқ ҳаракати партиясининг 22 йиллиги муносабати билан 28 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган тадбирга рухсат берилмади.
Бундан ташқари, шу куни партия фаолларининг айримлари уйидан чиқарилмади, айримлари эса қисқа муддатга ҳибсга олинди.
Бундан 22 йил муқаддам Бирлик халқ ҳаракати партиясига асос солган фаоллардан бири Ҳайитбой Абдуллаевнинг Озодликка айтишича, 28 май куни партия аъзолари бир неча тадбир, жумладан, Амир Темур ҳайкали пойига гул қўйиш ва Қирғизистоннинг Тошкентдаги элчихонаси ёнида Ўш воқеалари юзасидан адолатли текширувни талаб қилиб, пикет ўтказишни режалаган эди.
Тадбирни ўтказишга рухсат берилишини сўраб, Тошкент шаҳар ҳокимиятига қилган мурожаатлари жавобсиз қолганини айтади Ҳайитбой Абдуллаев Озодлик билан суҳбатда.
- Амир Темур ҳайкалига гулчамбар қўймоқчи эдик. Тошкент вақти билан шанба куни соат 15гача жавоб бўлмади ҳокимиятдан. Одамлар қисман йиғилган эди. Кейин қарасак бўлмайдиган. Мен рухсат берилмагани учун одамларни тўхтатдим. “Сабр қилиш керак. Ҳокимият рухсат бергандан кейин чиқамиз” деб нима қилдим. Одамларимизни тағин нимага учратмаслик учун шунақа қилиб тўхтатдик.
Озодлик: Бизгача келган хабарларга кўра, 28 май куни баъзи ходимлар қисқа муддатга ҳибс қилинибди. Баъзилари уйидан чиқарилмасдан ушлаб турилибди. Шулар ҳақида кенгроқ маълумот бера оласизми?
- Шунақа нарсалар бўлди. Айтаяпманку ушлаб қолишган ҳар хил баҳоналар билан ëки уйидан чиқаришмаган. Бировни баҳона билан судга олиб кетишган, милицияга олиб кетишган. Соат 12.30-13.00ларда келиб Абдураҳмонни қанақадир гувоҳсан деб олиб кетиб қолишган. Соат бешлардами қўйиб юборишган. Қонун юзасидан бориб давлат талаб қилган ишларни бажариб келган Абдураҳмон.
Озодлик: Бир тарафдан расман жавоб берилмаган, бир тарафдан фаолларнинг кўчага чиқишига имкон берилмаган.
- Шунақа. Ўзбекистонда аҳвол энди озгина мураккаброқ.
Озодлик: Ҳайитбой ака, сиз Бирлик ҳаракати таъсис этилганидан буëн борсиз. 28 май куни роппа роса 22 йил тўлди. Шу пайтгача Бирликдан бошқа бирор мухолиф ҳаракати ëки бошқа бир ҳаракатларга аъзо бўлган фаоллар Ўзбекистонда деярли қолмади. Бирлик 22 йилдан бери бор экан мана Марказий кенгаш йиғилиш ўтказди. Шунга сўрамоқчи эдим, қандай қилиб ишлаяпсизлар Ўзбекистонда?
- Синглим мен яна тушунтираяпман, биз сабр қилиб чидаб турибмиз. Сабр жасорат дегани. Бу жуда катта жасорат сабр.
Озодлик: Сабр қилганда босимларга сабр қилаяпмиз демоқчимисиз ëки сабр билан ўзгаришларни кутаяпмиз демоқчимисиз?
- Ўзгаришларни кутаяпмиз. Чунки бугун ҳокимиятда ҳам жуда ахмоқ одамлар эмас. Ҳаммаси ақлли одамлар. Ўзининг бола-чақасининг тинчини улар ҳам ўйлаши керак. Бу қарама қаршилик кучайиб кетаверса, сабр косаси тўладику.
Озодлик: Сиз ўзингиз қандай ишлаяпсиз? Сизнинг ўзингизга босим йўқми?
- Бўлиб турибди тазйиқлар, бошқалар. Андижон воқеалари нимасида олиб кетиб қолишди. Бирлик партиясини рўйхатдан ўтказиш масаласида Адлия вазирлигининг олдида йиғилмоқчи бўлганимизда, шарт ушлаб олиб кетишди. Жуда осон бўлаëтгани йўқ. Қайсидир даражада одамлар ҳам ўрганиб қолди бунақа тазйиқларга.
Озодлик: Сизнинг касбингиз шифокор-а?
- Ҳа.
Озодлик: Ҳозир нима иш қилаяпсиз? Тирикчилик қандай бўлаяпти бундай босимлар, тазйиқлар остида?
- Мен ишлаб турибман.
Озодлик: Шаҳардаги шифохонлардан биридами?
- Шаҳримдаги шифохоналардан бирида, республика миқëсидаги шифохонада ишлаëтирман.
Озодлик: Муттасил таъқиб, тазйиқларга қарамай иш бор.
- Ишимизга жуда тегаëтгани йўқ. Буларга ҳам керакку бизларга ўхшаган одамлар, дейди Бирлик халқ ҳаракати партиясининг Тошкент шаҳар кенгаши раиси бўлган 65 ёшли шифокор Ҳайитбой Абдуллаев.
Бундан 22 йил муқаддам Бирлик халқ ҳаракати партиясига асос солган фаоллардан бири, ҳозир партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши раиси бўлган 65 ёшли шифокор Ҳайитбой Абдуллаев Озодлик билан суҳбат якунида партия фаоллари 28 май куни Тошкентда рухсат берилмаган тадбирни кейинчалик бўлса ҳам албатта, ўтказиш ниятида экани ва бунинг учун шаҳар ҳокимиятидан қонуний рухсат олишга уринишда давом этишини алоҳида таъкидлаб ўтди.