Тоҳир Йўлдошнинг боши 200 минг долларга баҳоланди

АҚШ Ўзбекистон исломий ҳаракати раҳбари Тоҳир Йўлдош ҳамда “Ал-Қоида” ва “Толибон” ҳаракатининг бошқа етакчиларини қўлга олишга ёрдам берганларга 200 минг долларгача бўлган мукофот пулини ваъда қилмоқда.
Қидирувдаги ашаддий террорчилар рўйхатидан ўрин олган 12 шахснинг фотосуратлари ва исмлари ҳамда уларнинг боши учун белгиланган мукофот миқдори кўрсатилган варақалар ва плакатлар бутун мамлакат бўйлаб тарқатилади.

Бу тадбир “Толибон” ва “Ал-Қоида”нинг ўрта бўғин раҳбарларига қарши қаратилган.

ЎИҲ раҳбари Тоҳир Йўлдош, “Ал-Қоида” жангариларини тайёрлаш лагери бошлиғи Абу Лайс Ал-Либий ва “Ал-Қоида” етакчиларидан бири Сирожиддин Ҳаққоний бошлари учун нақд 200 минг доллар ваъда қилинмоқда.

12 кишилик рўйхатда “Ал-Қоида” раҳбари Усама бин Лодин ва “Толибон” ҳаракати раҳбари Мулло Умар йўқ. Бу шахслар бошқа рўйхатда ва уларнинг ўлиги ёки тириги учун Вашингтон 6 йилдан буён 25 миллион АҚШ долларигача мукофот пули ваъда қилиб келади.

Ўтган йили АҚШдаги 11 сентябрь воқеаларининг 5 йиллиги муносабати билан Интернет орқали тарқатилган мурожаатида Тоҳир Йўлдош ўзини жаҳон миқёсидаги мужоҳид сифатида тақдим этишга уринди. Бироқ у халқаро аксилтеррор коалиция назарида жангариларнинг фақатгина ўрта даражадаги етакчиси, холос.

АҚШ армиясининг Афғонистондаги матбуот вакили Тимоти Динин бугунги сайи-ҳаракатлар айнан шундайларни нишонга олишини билдирди.

“Толибон” тармоғи лидерларини йўқ қилиш орқали уларнинг фаолиятини пучга чиқаришни мақсад қилдик. Бу саъй-ҳаракатларимизда маҳаллий аҳолидан олинадиган ахборотга таяниш ниятидамиз. Биз афғонистонликлар билан яқин ҳамкорлик қилиб, уларнинг уйларини хавфсизроқ қилишга ёрдам беришда давом этамиз”, - деди Тимоти Динин.

Бироқ боши учун мукофот белгиланган шахсларнинг ҳаттоки Афғонистондан ташқарида бўлиши мумкинлигини ҳеч ким инкор этаётгани йўқ. Масалан, Тоҳир Йўлдош Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош тоғли Вазиристон минтақасида паноҳ топгани тахмин қилинади. У ерга АҚШнинг плакатлари ёки варақалари етиб бориши амри маҳол.

Покистон армияси матбуот вакили генерал Воҳид Аршод ўз тажрибасига таяниб, мукофот ваъда қилиб, жангарилар етакчиларини қўлга олиш мумкинлигига шубҳа билан қарайди.

“Жуда катта мукофот тикилганига қарамай, кимнингдир бошқасини ҳукумат кучларга топширганини билмайман. Бин Лодин ёки Заваҳирий боши учун миллионлаб доллар ваъда қилинган, лекин ҳеч ким уларнинг қаердалиги ҳақида хабар берганини эслай олмайман”, – деди Воҳид Аршод.