Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:30

"Ҳаммани қамаб бўлмайди". Навальнийга нисбатан шартли қамоқ ҳақиқийсига ўзгартирилиши мумкин


Россия: Владимир Путин ва Алексей Навальний - коллаж
Россия: Владимир Путин ва Алексей Навальний - коллаж

Россия Бош прокуратураси Алексей Навальнийнинг шартли қамоқ жазосини реал қамоқ жазосига алмаштириш тўғрисидаги талабни асосли, деб ҳисоблашини маълум қилди.

Прокуратура Жазони ижро этиш федерал хизматининг бу борадаги сўровини судда қўллаб-қувватлашини билдирди.

Мухолифатчи Алексей Навальний шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида хориждалик пайти синов муддати шартларини бузганликда айбланиб, тергов ҳибсхонасида 30 кунлик ҳибс муддатини ўтаяпти.

“ОВД-Инфо” мустақил нашри 31 январь кунги норозилик акциялари чоғида полиция Навальнийни дастаклаган 5,135 одамни қўлга олганини маълум қилди.

Қаҳратон қиш, оммавий ҳибсга олишлар ҳамда норозиларга қарши номутаносиб равишда куч қўлланилаётганига қарамай, Россия бўйлаб ўн минглаб одам Алексей Навальнийни озод қилиш талаби билан иккинчи ҳафта намойишларга чиқмоқда.

Намойишчилар коррупция даражаси ҳамда турмуш шароитларининг ёмонлашаётганидан ҳам норози.

Навальний бошчилик қиладиган Коррупцияга қарши кураш фонди Геленжик яқинидаги Владимир Путиннинг 1,35 миллиард доллар деб баҳоланган саройи ҳақида суриштирувини эълон қилганди. Қарийб 2 соатлик видео ҳозиргача 100 миллион мартадан кўпроқ кўрилган.

"Ҳаммани қамаб бўлмайди"

АҚШ, ЕИ ва қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари полиция фуқароларга қарши номутаносиб равишда куч қўллаётгани ҳамда журналистлар қўлга олинганини қоралаб чиқди.

Amnesty International хабарига кўра, ҳибсхоналарда жой қолмаганидан полиция одамларни депортация марказларида сақламоқда.

“Мамлакатдаги ҳар бир танқидчини қамаш имконсиз. Россия ҳукумати одамларга ўз фикрини қўрқмай ифода этиш имкониятини бериши керак”, дейилади ташкилотнинг баёнотида.

Аввалги намойишда бўлгани каби, Навальний тарафдорлари мамлакатнинг 100 дан ортиқ шаҳрида митинглар ўтказди. Бу Путин ҳокимиятга келган 1999 йилдан бери жўғрофий қамрови жиҳатидан энг катта оммавий намойишлар экани айтилмоқда.

Россия журналистлари ҳуқуқларининг бузилишини мониторинг қилиш марказига кўра, қўлга олинганлар орасида ўнлаб журналист ва ОАВ ходими ҳам бор. Шулардан камида саккизтаси Санкт-Петербургда қўлга олинган.

Кремль ён бермоқчи эмас

Германияда беш ой даволанган Кремль танқидчиси Алексей Навальний 17 январь куни Россияга учиб келганидан кейин ҳибсга олинганди. Навальний ва унинг тарафдорлари айнан Путин буйруғига биноан ФХХ томонидан асабни фалажловчи модда билан заҳарланганини айтиб келмоқда. Ушбу иддаоларни дастаклайдиган далиллар етарли бўлишига қарамай, Кремль, айбларни бўлгани каби, Навальнийни озод этиш талабларини ҳам рад этмоқда.

ЕИ ташқи ишлар мутасаддиси Жозеп Боррель Twitter’да ёзишича, фуқаро ва журналистларга нисбатан “оммавий ҳибсга олишлар ҳамда номутаносиб равишда куч қўлланилганини” қоралаб, расмийларни “Россия ўз зиммасига олган халқаро мажбуриятларни” бажаришга чақирган.

АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен ҳам “АҚШ қаторасига икки ҳафтадан бери россиялик расмийлар томонидан тинч намойишчилар ва журналистларга қарши қўлланилаётган аёвсиз тактикани қоралайди” деган ҳамда ўз ҳақларини талаб қилаётганлари учунгина қўлга олинганларни, жумладан Алексей Навальнийни озод қилишга яна бир бор чақирган.

Фирибгарликда айбдор деб топилган Алексей Навальнийга 2014 йилда шартли жазо белгиланган эди. Ҳозирда эса у шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида хориждалик пайти синов муддати шартларини бузганликда айбланмоқда. Бу иш юзасидан суд жараёни 2 февралга белгиланган. Судда у 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

XS
SM
MD
LG