Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:38

Қирғизистон – Тожикистон чегарасида яна ўқ отилди


Кўктош қишлоқ ҳукуматининг Қуммозор овулидан ўтувчи чегара ҳудудида Тожикистон чегарачилари билан отишма содир этилди.
Кўктош қишлоқ ҳукуматининг Қуммозор овулидан ўтувчи чегара ҳудудида Тожикистон чегарачилари билан отишма содир этилди.

Қирғизистон – Тожикистон чегарасида 25 июлга ўтар кечаси яна ўқ отилди. Томонлар навбатдаги отишмада бир-бирларини айбламоқда. Низо ортидан Қирғизистонда жабрланганлар бўлмагани, Тожикистон томонида эса бир аскар жароҳат олгани айтилмоқда. Расмийлар 25 июль эрталаб вазият барқарорлашганини билдирмоқда.

Қирғизистоннинг Боткен вилоят расмийларига кўра, Боткен вилоятига қарашли Кўктош қишлоқ ҳукуматининг Қуммозор овулидан ўтувчи чегара ҳудудида Тожикистон чегарачилари билан отишма содир этилди.

“Ҳозир вазият барқарор, участкада икки томоннинг чегара хизмати, Боткен тумани ҳокими ва тегишли куч тизимлари раҳбарлари ўртасида музокара олиб борилаяпти. Яраланганлар йўқ”, - дейилади вилоят ҳокимияти тарқатган ҳабарда.

Боткен тумани ҳокими Учқун Жўрабоевга кўра, чегарадаги низо 24 июль куни соат 22-23лар атрофида содир этилган.

Қирғизистон Чегара хизмати келишмовчиликка чегарадаги талаш ҳудудда тожик фуқаролари ҳашар уюштиргани сабаб бўлганини билдирмоқда.

“У ерга Қирғизистон чегарачилари, маҳаллий ҳокимият ва аҳоли борган. Тожик фуқаролари қирғиз томонининг ишни тўхтатиш талабига рози бўлмаган. Икки томоннинг даҳанаки жанжали муштлашувга, тошбўронга айланиб кетган. Шундан сўнг Қирғизистон чегарачилари ўқ узган, бунга жавоб тариқасида тожик чегарачилари ўқ отган. Қирғиз томонидан жароҳатланганлар йўқ”, - дейилади Чегара хизмати маълумотида.

Расмийларга кўра, музокаралар ортидан Қирғизистоннинг Қуммозор ва Тожикистоннинг Самониён қишлоқлари ҳудудларида ҳеч қандай ишларни амалга оширмасликка келишилди.

Жанжалларнинг олдини олиш учун икки давлат чегарачилари ва куч тизими ҳодимлари биргаликда иш олиб борадиган бўлди.

Тожикистоннинг “Азия-Плюс” агентлиги Исфара маъмурияти матбуот хизматига таянган ҳолда отишма пайтида бир тожик аскари жароҳатланганини ёзган.

Тожикистоннинг Чўрқу қишлоғи яшовчиси агентликка “Қуммозор ҳудудида шанбалик ўтказишга қирғиз чегарачилари қаршилик кўрсатгани ва қирғиз фуқаролари тош отиб, чегарачилари ўқ узганини” айтиб берган.

Қирғизистоннинг Кўктош қишлоғи яшовчиси Аписа Набиева эса ўқ овозидан қўрқиб кетган фарзандлари қишлоқдан қочиб чиқишганини айтди:

“Мен ишлар билан Боткен шаҳрига кетгандим. Уйда олти болам қолган. Улар ўқ отилганида қўрқиб уйдан қочиб кетишипти. Қўшни қишлоқдаги қариндошларникида туришибди. Болаларнинг юраги ўйнайдиган бўлиб қолди. Иложи йўқ, чегарада қўрқиб яшайверамиз экан-да”.

Қирғизистон - Тожикистон чегараси 970 километр бўлса, ҳозир унинг 519 километригина аниқланган.

Ўтган ой охирида Душанбе шаҳрида Қирғизистон ва Тожикистон президентлари учрашиб музокара олиб борган. Бироқ учрашувда чегара масаласида ҳужжат қабул қилинмаган.

Шу кунгача чегаранинг аниқланмагани икки давлат ўртасидаги низоларнинг асоси бўлиб қолмоқда. 8 июлда содир бўлган шундай низоларнинг бирида қирғиз-тожик чегарачилари отишиб, 27 ёшли қирғизистонлик чегарачи вафот этган.

28-30 апрель ва 1 май кунлари Қирғизистон-Тожикистон чегарасидаги қуролли можародан сўнг икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескин совуқлашган эди.

Қирғизистон Тожикистонни агрессияда айблаган. Тожикистон эса чегарадаги низога қирғиз томони сабаб бўлганини билдирган. Можарода Қирғизистонда 36 киши, Тожикистонда 19 киши ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG