Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:32

Қирғизистон тарихида иккинчи марта Ҳукуматга ишончсизлик билдирилди


Қирғизистоннинг ишончсизлик билдирилган ва истеъфога чиқиши кутилаётган бош вазири Сапар Исақов.
Қирғизистоннинг ишончсизлик билдирилган ва истеъфога чиқиши кутилаётган бош вазири Сапар Исақов.

Қирғизистон парламенти 19 апрель куни эрталаб Ҳукуматга ишончсизлик билдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Парламентдаги 120 депутатдан 102 нафари, жумладан, ҳукумрон партиялардан депутат бўлганлар ҳам бу қарорни қўллаб овоз берди.

Бир неча кун олдин Ҳукуматни қўллаганлар ҳам бугун ишончсизлик билдирдилар

Парламент раисининг ўринбосари Мирлан Бакиров “депутатлар тарихий қарор қабул қилди”, деб билдирди.

Парламент қарори энди президентга тасдиқлаш учун жўнатилади ва Ҳукумат бунинг ортидан истеъфога чиқарилади.

17 апрелда парламентдаги “Ата Мекен", “Республика Ата-Журт” ва “Ўнугуу-Прогресс” мухолифат фракциялари ҳукуматнинг 2017 йилдаги фаолиятини “қониқарсиз”, деб топган.

Бироқ ҳукумрон Социал-демократлар ва “Қирғизистон” фракцияси ҳукумат фаолиятини ижобий баҳолаган эди.

"Бош вазир президентга ошкора чақириқ ташлади, шунинг учун унга ишончсизлик билдирдим"

Социал-демократлар фракцияси лидери Иса Ўмурқулов бир неча кун олдин Ҳукумат фаолиятини қўллаган ҳукумрон коалиция депутатлари 19 апрелда унга ишончсизлик билдирганини шарҳлар экан, бунга президент ва Бош вазир ўртасидаги сиёсий келишмовчилик сабаб бўлганини айтди:

-Келишмовчиликлар қирғиз халқига, фаровонликка ва барқарорликка таъсир кўрсатишини унутмаслигимиз керак. Шунинг учун парламент президент ва бош вазирнинг ўртасида туриб, ўз позициясини билдирди. Президент ишдан олган одамни бош вазир ўчакишиб бошқа лавозимга тайинлаши, бу ошкора чақириқ бўлди. Мен зиддиятларга қаршиман. Шунинг учун ҳукуматга ишончсизлик билдирдим, -деди Иса Ўмурқулов.

Янги ва эски президентлар ўртасидаги зиддият

Аввалроқ президент Сўўрўнбай Жээнбеков Атамбаевнинг энг яқин одамлари бўлган қатор шахслар, жумладан, Фарид Ниёзовни президент маъмурияти раҳбари, Абдил Сегизбаевни миллий хавфсизлик қўмитаси раиси, Индира Жўлдубаевани бош прокурор, Болот Суйумбаевни махсус хизмат бошлиғи ўринбосари лавозимларидан бўшатган эди.

Қизиғи шундаки, президент лавозимидан бўшатган Бўлўт Суйумбаевни Атамбаевнинг шогирди ҳисобланадиган бош вазир Сапар Исақов 16 апрелда Иқтисодий жиноятларга қарши кураш хизмати бошлиғи лавозимига тайинлаган.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев ўз ҳукумронлиги пайтида турли лавозимларга тайинланган энг яқин одамларини янги президент Сўўрўнбай Жээнбеков ишдан олганига бир неча марта норозилик билдирган.

"Бош вазир ишончни сақлаб қолиш учун сиёсий этикага риоя қилиши лозим эди"

Қирғизистонлик таниқли сиёсатчи, парламентнинг собиқ раиси Абдуғани Эркебаев Ҳукумат ишончни йўқотишига сабаб бўлган омиллар ҳақида фикр билдириб:

-Буни икки сабаб билан изоҳласа бўлади. Биринчиси, собиқ президент билан янги президент ўртасидаги муносабатларнинг бузилиши. Бош вазир бундай вазиятда сиёсий этикага риоя қилмай, социал-демократларнинг қурилтойига борди, собиқ президентни хориж сафарига кузатиб борди. Иккинчидан, бу Ҳукумат стратегик ва ишлаб чиқариш масаларига эътибор бермай, кўпроқ енгил-елпи пиар билан шуғулланди,-деди Абдуғани Эркебаев.

Ишончни йўқотган иккинчи ҳукумат

Бош вазир Сапар Исақов раҳбарлигидаги Ҳукумат 2017 йилнинг августида иш бошлаган эди.

Сапар Исақов раҳбарлигидаги Ҳукумат Қирғизистон тарихида ишончсизлик билдирилгани ортидан истеъфога чиқариладиган иккинчи Ҳукумат бўлди.

Бундан олдин 1993 йилда Турсунбек Чингишев раҳбарлигидаги Ҳукуматга ишончсизлик билдирилган эди.

XS
SM
MD
LG