Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:52

Қирғизистон президентлигига Садир Жапаров сайланди. Камида икки номзод сайлов натижасини тан олмади


Садир Жапаров ва унинг хотини сайлов участкасида овоз бермоқда.
Садир Жапаров ва унинг хотини сайлов участкасида овоз бермоқда.

Қирғизистон президентлигига 10 январь куни ўтказилган сайловда Садир Жапаров ғалаба қозонгани ҳақида Марказий сайлов комиссияси овозларнинг деярли барчаси электрон равишда санаб бўлинганидан сўнг маълум қилди.

Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, Садир Жапаров номзоди учун камида 79 фоиз сайловчи овоз берган.

Қолган 16 номзод орасида Адахан Мадумаровга 6,7 фоиз, Бобуржон Тўлбоевга 2,35 фоиз овоз берилган. Қолган номзодлар 1,5 ва ундан паст овоз олган. Сайловда сайловчиларнинг 39 фоизи иштирок этган.

Дастлабки ҳисоб-китоб асосида сайлов ғолиби деб эълон қилинган Садир Жапаров матбуот анжумани ўтказиб, Қирғизистон халқига сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб боришга ваъда берди.

10 январда ўтган сайловда қирғизистонликлар давлат бошқарув шакли учун ҳам овоз беришди. Сайловчилар президентлик ёки парламент бошқаруви тизимни танлаши лозим эди. Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, сайловчиларнинг деярли 81 фоизи президентлик бошқаруви учун овоз берди.

Садир Жапаров матбуот анжуманида бу ҳақида гапирар экан:

“Халқ президентлик бошқарувини танлади. Энди Конституциявий кенгаш янги Конституция лойиҳасини эълон қилади. Парламент янги референдум кунини тайинлайди. Парламентга сайлов шакли ҳам ўзгаради. Депутатларнинг ярми бир мандатли, ярими партиявий система билан сайланади. Бу масала июнь ойигача ҳал этилади,деб ўйлайман”,-деди.

Айни пайтда Қирғизистонда президент-парламент бошқаруви мавжуд. Парламент депутатлари партиявий асосда сайланади.

Садир Жапаровнинг сайловдаги рақиблари бўлган камида икки номзод сайлов натижаларига ишонмасликларини ва уни тан олмасликларини билдирди.

Сайловчиларнинг 6,7 фоиз овозини олган Адахан Мадумаров сайлов натижаларини “реалликдан узоқ”, деб баҳолади. Шунингдек, у “адолатни тиклаш учун қонуний йўллар билан курашиши”ни билдирди.

Адахан Мадумаров сайловчиларнинг 80 фоиздан кўпроғи президентлик бошқаруви учун овоз бергани ҳақидаги расмий маълумотни “эртак”, деб атади.

“Ҳозир депутатларнинг қўли билан янги Конституция қабул қилинади. Бу Конституцияни бежиз “хонституция” деб аташмаяпти. У қабул қилинса, аниқ хонлик системаси ўрнатилади. Ўшанда халқ яна қўзғолади. Бу кунлар узоқ эмас”,-деди Мадумаров.

Президентликка номзод Курсан Асанов ҳам овоз бериш натижаларини тан олмаслигини айтди:

“Деярли барча вилоятларда овозларни сохталаштириш бўлди. Мен сайлов натижаларини тан олмайман. Жуда кўп қонунбузарликлар бўлди. Адолат учун қонуний асосларда курашамиз. Барча ҳаракатларимиз қонун доирасида бўлади”,-деди Курсан Асанов.

Ички ишлар вазири ўринбосари Октябрь Урмамбетовнинг билдиришича, сайловдаги қонунбузарликлар юзасидан 112 факт қайд этилди. Уларнинг 102тасига нисбатан тегишли қарорлар чиқарилган, етти факт бўйича жиноят иши очилган, уч факт бўйича судгача текширув ишлари олиб борилмоқда.

Марказий сайлов комиссияси раиси Нуржан Шайлдабекова сайлов натижалари расман бир ой ичида эълон қилинишини билдирди:

“Расмий натижа овозлар қўл билан саналиб бўлганидан, барча баҳсли масалалар судда кўриб чиқилганидан сўнг бир ой оралиғида эълон қилинади”.

Сайлов натижалари эълон қилинганидан сўнг бир ой оралиғида сайланган президентнинг инаугурация маросими ўтказилади.

XS
SM
MD
LG