Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:17

Ўш вилоятида Афғонистондан кўчириб келинадиган қирғизлар учун шаҳарча қуриш бошланди


Президент Садир Жапаров помирлик қирғизлар учун қурилаётган шаҳарчанинг тамал тошини қўйди.
Президент Садир Жапаров помирлик қирғизлар учун қурилаётган шаҳарчанинг тамал тошини қўйди.

Ўш вилоятининг Чўнголай туманида Афғонистоннинг Кичик ва Катта Помир минтақасидан кўчириб келинадиган этник қирғизлар учун шаҳарча қуриш ишлари бошланди.

26 сентябрь куни президент Садир Жапаров Чўнголай туманига бориб, бўлажак шаҳарча қурилишининг тамал тошини қўйди.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, шаҳарча учун Қашқасув қишлоғидаги Бургансув участкасидан 30 гектар ер ажратилди. Шаҳарчада уйлардан ташқари 275 ўринли мактаб, касалхона ва бошқа ижтимоий объектлар ҳам барпо этилади.

Шаҳарча асосан бюджет маблағига қурилади, лекин айрим ижтимоий объектлар қурилишига “Ассанабил” жамоат фонди молиявий ҳисса қўшади.

Тамал тоши қўйиш тантанасида нутқ сўзлаган президент, шаҳарчада 300-400 та ҳовли жой барпо этилишини билдирди. Президент, шунингдек, Помир қирғизларининг барчасини Қирғизистонга кўчириб келиш режасида собит эканини таъкидлади.

Садир Жапаров Афғонистондаги миллатдошларнинг барчасини Қирғизистонга кўчириб келиш режасини 2021 йилнинг апрель ойида эълон қилди. Президентга кўра, Помир қирғизлари деб аталувчи Афғонистонда яшовчи қирғизлар “йўқ бўлиб кетиш” арафасида. Қирғизистон ҳукумати бунга “йўл қўя олмайди”.

Ўшанда президент жорий йилнинг қиш мавсумигача помирлик қирғизларни тўлалигича Қирғизистонга кўчириб келишга ваъда берган эди. Бу ваъда жорий йилда тўлиқ амалга ошадими ёки қисман бажаралиадими, ҳозирча аниқ эмас.

У, шунингдек, Афғонистондан келган миллатдошларига Қирғизистон фуқаролигини бериш масаласини тезлатишни ваъда қилди.

Помирдаги қирғизлар тарихий ватанига 2017 йилда кўчиб кела бошлаган. Қирғиз ҳукумати ўтган йили Ўш вилоятининг Олой туманидаги Талдисув қишлоғида 11 уй қуриб, у ерга 17 оилани жойлаштирган.

Помир қирғизлари — 1575-1930 йиллар оралигида Афғонистонга доимий яшаш учун кетган қирғизларнинг авлодлари. Улар шароити оғир, билим олиш ва тиббий хизмат имконияти деярли бўлмаган Катта ва Кичик Помир тоғларида яшайди.

2019 йил охирида 50 одамдан иборат 11 помирлик оила Олой туманининг Саримўғўл қишлоғига кўчириб келинган. 2017 йили Норинга 50 помирлик қирғиз олиб келиниб, ётоқхонага жойлаштирилган. Кейинроқ уларнинг бир гуруҳи Афғонистонга қайтиб кетган.

Айрим маълумотларга қараганда, Помир қирғизларининг умумий сони 67 минг атрофида. Улардан 65 мингги Тожикистон ҳудудида, 2 мингги Афғонистон ҳудудида яшайди.

XS
SM
MD
LG