Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:59

МИБнинг Уйчидаги ходимлари ярим тунгача ишлашга мажбурланаётгани ҳақида арз қилди


Уйчи тумани МИБ ходимлари Озодликка йўллаган сурат. 
Уйчи тумани МИБ ходимлари Озодликка йўллаган сурат. 

Наманганнинг Уйчи тумани Мажбурий ижро бюросининг бир гуруҳ ходимлари ҳар куни тонг саҳардан ярим тунгача ишлашга мажбурланаётганликлари ҳақида Озодликка арз қилди.

Ўзбекистон Меҳнат кодексида ходимларни иш вақтидан ташқари ишларга жалб этишга фақат уларнинг розилиги билангина йўл қўйилиши айтилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот бўлими мудири Фаррух Тошпўлатов 25 май куни Озодлик билан суҳбатда бюрода иш тамомила меҳнат кодексига асосан ташкил этилганини айтди ва Уйчи МИБ ходимларининг шикояти ўрганиб чиқилишини ваъда қилди.

Уйчи тумани Мажбурий ижро бюроси ходимларининг 25 май куни Озодликка йўллаган арзномасида шундай дейилади:

“Бошлиқлар бизни эрталаб соат 5.30.дан кечқурун соат 23.30.гача, гоҳида соат 00.30.гача олиб ўтиради идорада. Бизлар “эртароқ кетайлик” десак “аризани ёзиб кетаверларинг” дейди. Бир ойдан буён ҳаловатимиз йўқ. Меҳнат шартномамизда эрталаб соат 9.00.дан кечки 18.00.гача иш вақти ёзилган. Шанба якшанба дам олиш куни. Ҳар ой 22 кунга табел ишлайди, кунига 8 соатдан. Лекин, бизни кунига 15 соатлаб ишлатишяпти. Бизни уйда фарзандларимиз бор. Биз кимга мурожаат қилишни билмай қолдик”, - дейилади Озодликка Уйчи тумани Мажбурий ижро бюросининг бир гуруҳ ходимлари 25 май куни йўллаган мурожаатида.

Уйчи тумани МИБ ходимлари Озодликка йўллаган сурат.
Уйчи тумани МИБ ходимлари Озодликка йўллаган сурат.

Уйчи МИБида ходимлар белгиланган иш вақтидан ортиқча ишлашга мажбур қилинаётганини бўлимнинг бошқа ходими ҳам тасдиқлади.

“Бизда аниқ иш графиги йўқ. Керак бўлса ярим тунда чақиртириб олади, ишимиз шунақа”, - деди Уйчи тумани Мажбурий ижро бўлими ходими.

Уйчи тумани МИБ ходимлари Озодликка йўллаган сурат.
Уйчи тумани МИБ ходимлари Озодликка йўллаган сурат.

МИБ ходимлари Озодликка йўллаган суратларда ходимлар иш жойида ўтиргани, сурат остида эса унинг қайси вақтда олингани ёзилган.

Озодлик Уйчи тумани МИБи ходимларининг ушбу арзи юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати Жамоатчилик билан алоқалар ва ахборот бўлими мудири Фаррух Тошпўлатовга мурожаат қилди.

Тошпўлатов 25 май куни Озодлик билан суҳбатда ишчиларнинг ушбу мурожаатини назорат остига олишини айтди.

“Биз буни ўрганамиз, лекин бир нарсани аниқ айтишим мумкин, бизда ходимнинг шанба ва якшанба куни ишлаши ёки кечроқ ишлаши фақат унинг ўз хоҳишига кўра бўлади. Улгуролмай қолса унга ортиқча ишлашига руҳсат берамиз. Бизда 18.00да иш вақти тугайди. Қўшимча вақт ёки дам олиш кунлари ишлаган бўлса Меҳнат кодексига кўра қўшимча ҳақ берилади ёки бошқа куни дам берилиши мумкин”, - деди Тошпўлатов.

Уйчи тумани МИБ ходимлари Озодликка йўллаган сурат.
Уйчи тумани МИБ ходимлари Озодликка йўллаган сурат.

Ўзбекистон Меҳнат кодексининг 124-моддасига кўра, ходим учун белгиланган кундалик иш (смена) муддатидан ташқари ишлаш - иш вақтидан ташқари иш, деб ҳисобланади.

Иш вақтидан ташқари ишларга жалб этишга фақат ходимнинг розилиги билангина йўл қўйилади.

Меҳнат кодексининг 157-моддасига кўра иш вақтидан ташқари ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланиши лозим.

"Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин.

Иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланиши лозим", - дейилади Ўзбекистон Меҳнат кодексида.

XS
SM
MD
LG