Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:23

Оҳангаронда президентга кўз-кўз қилиб очилган боғча учун насияга олинган мебеллар пули берилмаяпти


Оҳангарон шаҳридаги "Қалдирғоч" боғчаси 21 июн, 2019 йил.
Оҳангарон шаҳридаги "Қалдирғоч" боғчаси 21 июн, 2019 йил.

Олмалиқ шаҳридаги ҳусусий дўкон эгалари Тошкент вилояти мактабгача таълим бошқармаси Оҳангарон шаҳрида янги очилган “Қалдирғоч” боғчасига "президент ташрифига", деб олиб кетган мебел ва маиший техника пулини тўламай келаётгани ҳақида Озодликка шикоят қилди.

Исми очиқланмаслигини истаган Олмалиқдаги ҳусусий дўкон эгаларидан бирининг Озодликка айтишича, гап 76 миллион сўмлик мебел ва маиший техника ҳақида боряпти.

- Президент ташрифи учун 76 миллион сўмлик мебел ва маиший техника берганмиз. Президент келиб кетганидан кейин пулини ўтказиб берамиз дейишганди. Бир ойдан ошди, шартнома муддати ҳам ўтиб кетди, пулдан дарак йўқ. Бу нима очиқчасига алдашми тадбиркорларни, - деди хусусий дўкон эгаларидан бири.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Оҳангарон шаҳридаги “Қалдирғоч” мактабгача таълим муассасасини бориб кўргани ҳақида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги 1 июнь куни хабар қилган эди.

“160 ўринга мўлжалланган боғча биноси яқинда фойдаланишга топширилган, замонавий жиҳозланган. Бунёдкорлик ишларига 4 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Муассасада 4 та асосий ва 3 та қисқа муддатли гуруҳлар фаолият кўрсатади. Замонавий ёзги айвонча, чўмилиш ҳавзаси, футбол майдончаси, ички спорт ва мусиқа заллари мавжуд. Бу ерда 32 нафар педагог ва тарбиячи болаларга ғамхўрлик кўрсатиб келмоқда”, деб хабар берган эди ЎзА жумладан.

Озодликнинг аниқлашича, “Қалдирғоч” боғчаси президент Мирзиёев ташрифи пайти ишга тушмаган бўлса-да, лекин мактабгача таълим бошқармаси боғчани президентга ишлаб тургандай қилиб кўрсатиш учун боғча насия мебел-анжомлар билан тўлдирилган, бошқа боғчалардан болалар йиғиб олиб келинган.

Президент кетганидан сўнг, гувоҳларнинг айтишича¸ янги боғча яна ҳувиллаб қолган.

Воқеа гувоҳлари, аслида бу боғча ҳали ишга тушмагани¸ президент билан учраштирилган болалар эса бошқа боғчалардан олиб келингани ҳақида 21 июнда Озодликка сўзлаб беришганди.

Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси расмийларидан бири мебел ва маиший техника пули тадбиркорларга тўланмаётганини тасдиқлади.

Унинг айтишича, бунга сабаб вилоят Молия бўлими пул ажратмаётганидир.

- Молия пул ажратмаяпти, душанбага ваъда қилолмаймиз, келаси ҳафта дейишди. Агар ажратса пулини ўтказиб беришга ҳаракат қиламиз. Тадбиркорларнинг ўзлари билан ҳам бу ҳақда гаплашганмиз, уларга вазиятни тушунтирганмиз, - деди Тошкент вилояти Мактабгача таълим бошқармаси расмийси.

Шавкат Мирзиёев "Қалдирғоч" боғчасида, 1 июн, 2019 йил. ЎзАдан скриншот
Шавкат Мирзиёев "Қалдирғоч" боғчасида, 1 июн, 2019 йил. ЎзАдан скриншот

Президент кўзбўямачиликни ёқтирмаслигини айтган бўлса ҳам, мамлакатда у борадиган жойлардаги ҳолатни аслидан бўрттириб¸ йўқ нарсаларни бор қилиб кўрсатиш анъанаси кенг ëйилиб бормоқда.

Хусусан¸ Мирзиëевнинг Бўкага қилган 1 июнь кунги ташрифи арафасида Олмалиқ шаҳридаги Марказий кўптармоқли поликлиника мебеллари 25 май куни Бўка туманидаги Бўстон қишлоқ врачлик пунктига "ижара"га олиб кетилган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга президент ташрифи арафасида беш нафар аёлга коттеж совға қилиб, сўнгра уларни чиқариб юборган мутасаддиларни жавобгарликка тортиш бўйича тақдимнома киритган.

Ўзбекистон президентининг 16 май куни Андижон вилоятига ташрифи чоғида "уй берилди" деб ТВда кўрсатилган 35 яшар Хуршида Тиллаева Озодликка аслида ҳеч қандай уй олмаганини айтиб берган эди.

Айни пайтда Озодликка ҳар бир вилоятда президент бориши кутилган объектларни ясатишга ташланадиган "гастролëр техника ва маиший ускуналар"¸ шунингдек президент билан учрашишга обдон ҳозирланган "халқ вакиллари" борлиги ҳақида келаëтган хабарлар кўпайиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG