Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 06:36

Араб шаҳзодасига 200 гектар ерни арзон-гаровга беришга доир фармойиш эътирозлар ортидан ички муҳокамага олинди


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил март ойида Абу Дабида шайх Мансур бин Заид ал Наҳаян билан учрашганди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ўтган йил март ойида Абу Дабида шайх Мансур бин Заид ал Наҳаян билан учрашганди.

Бирлашган Араб Амирлиги Бош вазир ўринбосари, Абу Даби амирлиги валиаҳди, шайх Мансур бин Заид ал Наҳаёнга Қорақалпоғистон ҳудудидан 200 гектар ер ажратиш ҳақидаги Ўзбекистон ҳукумати қарори лойиҳаси тармоқда норозиликка учради.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг имло хатоларга тўла фармойиши лойиҳаси матни 6 июнь куни норматив ҳужжатлар муҳокама қилинадиган regulation.gov.uz расмий порталида эълон қилинган эди.

Ҳужжатда шайх Мансур учун Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот тумани Устюрт минтақасидаги Элобод овулидан 200 гектар ерни 1 988 865 200 сўм (қарийб 200 минг АҚШ доллари) эвазига ўн йилга ижарага бериш кўзда тутилган.

Қорақалпоғистонликлар араб миллиардерига Устюртдаги ернинг арзонга берилаётганига қарши кўча юришлари ёки намойишга чиқишга тайёрлиги ҳақида ёзиб​ чиққани ортидан Бош вазир фармойиши лойиҳаси regulation.gov.uzдан 9 июнь куни ғойиб бўлди.

Ҳукумат фармойиш лойиҳасининг нега regulation.gov.uzдан олиб ташланганини расман изоҳламаган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасидаги Озодлик манбаси эса фармойиш бекор бўлмагани, ички муҳокамага олинганини айтди.

Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туман ҳокимлиги расмийлари ҳам ҳукумат туманнинг Элобод овулидан 200 гектар ерни шайх Мансур бин Заид ал Наҳаёнга бериш қароридан қайтмаганини Озодликка тасдиқлашди.

Туман ҳокимлигининг Экология ва Оролбўйи ҳудудларини ривожлантириш бўйича мутасаддиси 17 июнь куни Озодлик билан суҳбатда ер шайх Мансурга ноёб қушларга дала лагери қуриш учун берилишини айтди.

Исми очиқланмаслигини истаган ҳокимлик мулозими бундан атроф-муҳит ҳамда ҳайвонот оламига катта наф келишини ҳам қўшимча қилди.

- У ерда йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган қушларни кўпайтириш режаланяпти. Бундан туманимизга ҳам атроф-муҳитга ҳам фойда. Инвестиция келади. Яна шуни ҳам айтишим керакки, ер бутунлай бериб қўйилаётгани йўқ. Агар ер мақсадга мувофиқ фойдаланилмаса, зиён келтирса ижара шартномаси бекор қилиниши мумкин, - деди исми очиқланишини истамаган Қўнғирот туман ҳокимлиги расмийси.

Лекин, ҳокимлик мулозими бош вазирнинг ҳукумат порталига муҳокамага қўйилган фармоийиши атрофида билдирилаётган эътирозлардан хабари йўқлигини айтди.

"1 гектар ер сал кам 100 долларга"

Қорақалпоғистондаги ерни Ўзбекистон Бош вазирининг фармойиши билан араб шайхига арзон-гаровга берилиши маҳаллий аҳоли норозилигига учради.

Қорақалпоғистонлик Дамир Жуманазаров исмли фойдаланувчи фармойиш ҳукумат порталида эълон қилинган пайтда унинг остига ёзиб қодирган изоҳида Устюртдаги ҳар бир гектар ер Араб Амирлиги шайхига йилига сал кам 1 миллион сўм (қарийб 100 АҚШ доллари)га тушишини ҳисоблаб чиққани, айнан шундай ерлар маҳаллий фермерларга икки баравар қимматга ижарага бериб келинганини ёзган.

Норматив ҳужжатлар мухокама қилинадиган regulation.gov.uz расмий порталидаги ўчирилмасидан олдин кўчириб олинган шархлар.
Норматив ҳужжатлар мухокама қилинадиган regulation.gov.uz расмий порталидаги ўчирилмасидан олдин кўчириб олинган шархлар.

Ёрқин Бозоров исмли фойдаланувчи эса Ўзбекистон Бош вазири Қорақалпоғистондаги ерни араб миллиардерига ажратиш ҳақида қарор чиқариб, мамлакат Конституциясини бузганига эътибор қаратади.

"Қорақалпоғистон Республикаси ер билан боғлиқ масалаларни ўзи мустақил ҳал қилиши керакку. Ҳар холда Ўзбекистон Конституциясида шундайку, Қорақалпоғистонинг ўз Вазирлар Кенгаши ҳам борку, бу ҳақда қарор чиқарадиган, Қўнғирот туман ҳокимлиги бор, биз Ўзбекистон бутунлиги тарафдоримиз, Ўзбекистон Конституцияси, қонунлар ҳурмат қилиниши керак", - деб изоҳ қолдирди Бозоров.

Алтин Жағис исмли фойдаланувчи Қорақалпоғистон конституциясига кўра¸ республика "ўз маъмурий-ҳудудий тузилиши масалаларини мустақил ҳал қилиш" ваколатига эга эканини эслатган.

Фармойиш лойиҳаси остига шарҳ ёзиб қолдирганлар Ўзбекистон Конституциясини ҳурмат қилишларини таъкидлашган.
Фармойиш лойиҳаси остига шарҳ ёзиб қолдирганлар Ўзбекистон Конституциясини ҳурмат қилишларини таъкидлашган.

Фармойиш лойиҳаси остига баъзи қорақалпоғистонликлар араб миллиардерига 200 гектар ернинг "сув текинга" берилаётганига қарши кўча юришлари ёки намойишларига чиқишга тайёрлиги ҳақида ёзиб қолдирган.

"Қорақалпоқлар ерининг араб шайхига сув текинга берилишига қарши бўлиб турибди, кўпчилик бунга қарши намойишига чиқишга тайёр", - деб ёзган Убай Ирисметов исмли фойдаланувчи.

Ҳукумат порталида эълон қилинган Бош вазир фармойиши остига ёзиб қолдирилган шарх.
Ҳукумат порталида эълон қилинган Бош вазир фармойиши остига ёзиб қолдирилган шарх.

Бундай эътирозлар ортидан 26 июнгача regulation.gov.uz расмий порталида муҳокамада туриши керак бўлган бош вазир Абдулла Арипов фармойиши 9 июнь куни ўчирилди.

Бош вазир Абдулла Ариповнинг имло ва орфографик хатоларга тўла фармойиши лойиҳаси матни 6 июнь куни расмий порталда эълон қилинган эди.
Бош вазир Абдулла Ариповнинг имло ва орфографик хатоларга тўла фармойиши лойиҳаси матни 6 июнь куни расмий порталда эълон қилинган эди.

Эндиликда ҳужжат эълон қилинган линк босилганда "бундай саҳифа мавжуд эмас" ёзуви пайдо бўлади.

Бош вазир фармойиши лойиҳаси regulation.gov.uz расмий порталидан нега уч кунда олиб ташланганини ҳукумат изоҳламади.

Озодлик мухбирининг электрон почта орқали юборилган сўровига Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматидан ҳам¸ Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгашидан ҳам жавоб бўлмади.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мулозимларидан бири исми сир қолиш шарти билан Озодликка фармойиш бекор бўлмаганини, ички муҳокамага олинганини айтди.

Манбага кўра, фармойишнинг умумий муҳокамадан олинишига ундаги "баъзи хатоликлар" сабаб бўлган.

Аммо, қандай хатолик экани ҳақда билмаслигини айтди.

Араб шайхига Қорақалпоғистондаги ер нега керак бўлиб қолди?

Ўзбекистон Бош вазири фармойиши лойиҳасида Шайх Мансур бин Заид ал Наҳаён Ўзбекистонда ноёб қушларнинг наслини кўпайтириш учун Қўнғиротда 200 гектарлик дала лагери очмоқчи экани ҳақда ёзилган.

Айни пайтда йўқолиб бораётган қушлар айнан қандай қушлар экани фармойишда тилга олинмаган.

Озодлик гаплашган қўнғиротликлар эса, араб шайхлари Устюрт ялангликларида Қизил китобга кирган йўрға тувалоқларни кўпайтириб¸ уларни лочин ёрдамида овлаш режасида эканини иддао қилди.

- У ерда шайхнинг одамлари палатка қуриб ўрнашиб олган. Хоразмликлар уларнинг хизматида. Дрофа (йўрға тувалоқ)ларни кўпайтириб, шуни лочин билан овлашни режалашяпти. Бир неча йилдан бери лочинлари билан келиб овлаб кетишади. Уларга тегишмаса¸ ўзлари кўпаявермайдими табиий шароитда, - дейди "Элобод" овулида яшовчи қўнғиротликлардан бири.

Йўрға тувалоқларга ишқи тушган араб шаҳзодалари

Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси Ўзбекистон чўлларидаги ноëб қушларни овлаш учун мамлакатга келаëтган ягона араб зодагони эмас.​

Ўтган йили президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров Навоий вилоятида йўрға тувалоқларни овлагани келган Дубай валиаҳд шаҳзодаси Ҳамдам бин Муҳаммад ал-Мактумни шахсан кутиб олган эди.

Ўз лочинлари билан келган шаҳзодага Отабек Умаров ва Шавкат Мирзиёевнинг яна бир куёви - Ойбек Турсунов ҳамроҳлик қилгани ва уларга зиёфат қилиб бергани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Халқаро "Қизил китоб"га киритилган йўрға тувалоқларни ов қилган шайхнинг ўнлаб лочинлари Ўзбекистон ҳаво йўллари учоғининг бизнес салонида Тошкентдан қайтиб кетаëтгани видеоси тармоқларда баҳсларни уйғотган эди.

Лочин билан ов қилиш Арабистон ярим оролининг узоқ йиллик анъанаси ҳисобланади.

Шайх Мансур ибн Зайд ан-Наҳаён ҳам лочин ёрдамида йўрға тувалоқ овлашга иштиёқманд араб шаҳзодаларидан.

Абу Даби шаҳрида Шайх Мансур номи билан аталадиган лочин билан ов қилишни ўргатадиган мактаб ҳам бор.

Лочин билан ов қилишдан ташқари Шайх Мансур ибн Зайд ан-Наҳаён от миниш ва футболни яхши кўради.

2008 йилдан бери у Англиянинг "Манчестер Сити" футбол клубига эгалик қилади - клуб акциялари 90 фоизи эгаси.

Бундан ташқари Шайх Мансур "Мельбурн сити" ва "Нью Йорк Сити" клубларининг 80 фоизлик акцияларига ҳам эгалик қилади.

XS
SM
MD
LG