Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:35

Ишсиз қолган "дамасчи"лар ижарага олган уловларини топширмоқда


"Дамас"лар Ўзбекистоннинг аксар шаҳарлари транспорт тизимининг ажралмас қисми бўлган.
"Дамас"лар Ўзбекистоннинг аксар шаҳарлари транспорт тизимининг ажралмас қисми бўлган.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида 27 мартдан вилоятлараро автобус ва машина қатнови тақиқланdi.

Бу чеклов ортидан автобус ва Дамасларда йўловчи ташиш билан рўзғор тебратиб келган ҳайдовчиларнинг Озодликка айтишича¸ кўп ҳайдовчилар ижарага олган автоуловларини эгаларига топширишни бошлаган.

Ўзбекистонда ишсизлик ва маошларнинг камлиги боис машинаси борлар ўз уловида, йўқлар эса бошқалар машинасини ижарага олиб одам ташиш орқали тирикчилик қилади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган киракашлар ҳалокатли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича ҳукумат чораларини қўллаб-қувватлашларини айтади.

Айни пайтда оиласини боқиш учун ягона тирикчилик манбаидан айрилган ҳайдовчилар оғир қийинчиликларга юз тутаётганликларини яширишмайди.

Андижонлик 35 ёшли Тоҳирнинг айтишича, у етти йилдан буён Андижон-Тошкент орасида йўловчи ташиб келган ва киракашлик унинг оиласи учун ягона тирикчилик манбаи бўлган.

Тоҳир ҳукуматнинг масофаланиш бўйича чораларини қўллаб-қувватласа-да, оғир кунларга тайёр бўлмаганини айтади.

- Кунига 80 минг сўмга ижарага "Дамас" олиб одам ташиб оила боқиб келдим. Ижара, газ пули, "Дарётранс" лицензиясига кетадиган харажатни ҳисобламаганда кунига 100-150 минг сўм рўзғорга келиб турувди. Мана бугундан қатнов тўхтади. "Дамас"ни топширдик, чунки беҳуда аренда пули тўлаб ўтирмайсизку. Буёғига нима бўлади, ҳайронмиз. Карантин қанчага чўзилишини билмаймиз. Агар узоққа чўзилса¸ аҳволимиз чатоқ бўлади. Чунки асосий тирикчилигимиз "Дамас" ҳисобига бўлган.

Суҳбатдош ўзи таниган-билган киракашлар ҳам ижарага олган уловларни топшираётганини айтади.

- Шаҳарда Исматилла ака дегани бор. Саксондан ортиқ машинаси бор, арендага беради. Унақа Исматилла акалардан қанчаси бор. Уларнинг бизнеси ҳам куйди. Ҳамма топширяпти. Ижарага берувчилар машиналарга қўяр жой йўқлигидан, ижара пулини тўламасаларинг ҳам машинани уйларингга қамаб туринглар, деяпти. Кўчада "Дамас" кўрмайсиз, 6 миллион сўм штрафи бор, - дейди андижонлик киракаш.

Ўзбекистонда шаҳарлараро ва ички йўналишларда киракашлик билан шуғулланувчилар сони ҳақида статистик рақамлар йўқ.

Жиззах-Тошкент йўналиши бўйича қатновчи киракашнинг айтишича, Тошкентнинг "Олмазор" (собиқ "Собир Раҳимов") метро бекати ёнидаги автотураргоҳдан жанубий вилоятларга кунига 500 дан ортиқ "Дамас" ёки бошқа турдаги микроавтобусларда йўловчи ташилган.

- Ҳозир Собир Раҳимовдаги автостоянка ёпиқ, кунига ўша ердан 500 та машина турарди. Жиззахга, Самарқандга қатнарди. Ҳаммаси ишсиз ҳозир, - дейди тошкентлик ҳайдовчи.

Hyundai микроавтобусини ижарага олиб Урганч-Тошкент орасида йўловчи ташиб келган Аминбой ҳам карантин чекловлари боис ишсиз қолганини айтади.

- Битта рейсда ярим миллион сўм ёнимизга қолиб турувди. Машинани топширдик. Юк машиналарга руxсат бор экан, юк қатнайлик десак, лицензиямиз йўқ. Ҳозирча, озгина орттирган пулимизни еб ётибмиз. Ҳамманинг бошига келган тўй, деб сабр қилиб ўтирибмиз. Агар давлат ёрдам бериб турса, яхши бўларди, - дейди Аминбой.

Ўзбекистонда коронавирус касаллиги тарқалишининг олдини олиш мақсадида 27 март соат 10:00 дан бошлаб вилоятлараро ҳаракатланиш барча транспорт воситалари (енгил автотранспорт, автобус, авиа ва темир йўл) учун тўхтатилганлиги маълум қилинди.

Ички ишлар вазирлигига кўра, юк ташувчи транспорт воситалари бундан мустасно.

Бунгача Наманган, Андижон, Гулистон, Қарши, Навоий, Бухоро ва Самарқанд шаҳарларига кириш ва чиқишда чекловлар ўрнатилган, шунингдек, Сурхондарё вилояти транспорт воситалари кириши учун ёпилганди.

XS
SM
MD
LG