Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:26

Ўзбекистон ва Россия ўзбек-афғон чегараси яқинида қўшма ҳарбий машғулот ўтказади


Термиз полигонидаги ўзбек ҳарбийлари.
Термиз полигонидаги ўзбек ҳарбийлари.

Ўзбекистон ва Россия ўзбек-афғон чегараси яқинида қўшма ҳарбий машғулот ўтказади.

30 июлда бошланадиган ҳарбий ўқув машқлари режаси Афғонистон шимолида Толибоннинг афғон ҳукумат кучларига қарши ҳужумлари кучайган ва Марказий Осиёда хавфсизлик хавотирлари ортиб бораётган паллада эълон қилинмоқда.

Россия Марказий ҳарбий округи матбуот хизматининг 20 июль куни билдиришича, Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг қўшма ҳарий машғулотлари Термиз полигонида 30 июлдан 10 августгача ўтказилади.

Расмий хабарда машғулотларда 1500 аскар ва 200га яқин ҳарбий техника, жумладан, авиация ҳам иштирок этиши айтилган.

19 июль куни Марказий ҳарбий округ қўмондони Александр Лапин Россия, Ўзбекистон ва Тожикистон билан ҳамкорликда тожик-афғон чегараси яқинида 5-10 август кунлари ҳарбий машғулотлар ўтказишини ҳам билдирган эди.

Душанбедаги “Азия Плюс” агентлигининг ҳукуматдаги манбаси ҳарбий машғулотлар 1 августдан 10 августгача Афғонистон билан чегарадаги “Ҳарбмайдон” полигонида бўлиб ўтишини айтган. Машғулотларда ҳарбий ҳаво кучлари, ҳаводан мудофаа тизимлари, зирхли техника ва махсус отрядлар иштирок этади.

Машғулотларда Афғонистондан Тожикистонга террорчилар кириб келгани тақдирда чегарадаги уч давлат ҳарбийлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш сценарийси ишлаб чиқилади.

Манбанинг айтишича, “бу Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг илк тўлақонли машғулоти” бўлади.

Сўнгги ҳафталарда Афғонистон ҳукумат кучларининг юзлаб аскарлари Толибон билан қақшатқич жанглар ортидан Тожикистон ва Ўзбекистонга қочиб ўтган. Ўзбекистон томони улар Афғонистонга қайтариб жўнатилганини билдирган эди.

Толибон 1 майда АҚШ ва халқаро кучлар Афғонистондан чиқарила бошлаганидан то шу кунгача 423 та туманни босиб олди.

АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан Америка ҳарбийлари 11 сентябргача олиб чиқиб кетилишини эълон қилганидан сўнг жанговар ҳаракатларни кучайтирган эди. Кейинроқ Байден АҚШ ҳарбийлари Афғонистонни 31 агустгача тарк этишини айтган.

Таҳлилчилар АҚШ ҳарбийларининг мамлакатдан чиқарилиши ортидан Толибон эришаётган муваффақиятлар Ғарб томонидан қўллаб-қувватланаётган амалдаги афғон ҳукуматининг ҳокимиятдан қулашига сабаб бўлиши тўғрисидаги тахминларни билдирмоқда.

Россия етакчилигидаги ҳарбий блок Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси бўлмаган Ўзбекистон Москва билан икки томонлама ҳарбий ҳамкорлик битимларига эга. Ўтган йил декабрида икки мамлакат ҳарбийлари "Термиз" полигонида қўшма ҳарбий ўқув машқларини ўтказган эди.

30 июлда бошланиши кутилаётган ҳарбий машқлар режаси Америка Қўшма Штатлари минтақа давлатлари, жумладан Ўзбекистон билан Афғонистондаги барқарорликни назорат қилиш бўйича қатор таклифларни муҳокама қилаётгани ҳақидаги хабарлар ортидан пайдо бўлмоқда. Америка матбуоти бу таклифлар орасида Марказий Осиё давлатлари ҳудудида АҚШ ҳарбийларининг чекланган контингентини жойлаштириш масаласи ҳар борлиги ҳақида ёзган.

Бу хабарларга жавобан Ўзбекистон Мудофа вазирлиги мамлакат ҳарбий концепцияси хориж давлатлари ҳарбий базаларининг мамлакат ҳудудида жойлаштиришни истисно қилиши ҳақидаги баёнот билан чиқди.

Ўзбек томони шунингдек, Қўшма Штатлар Афғонистонда ўз кучлари билан ҳамкорлик қилган 9 минг нафар афғонга вақтинча бошпана беришни сўрагани ҳақидаги хабарларни ҳам рад этди.

16 июль куни Тошкентдаги Марказий ва Жанубий Осиёдаги ҳамкорлик мавзусига бағишланган анжуманда қатнашган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров минтақадаги ҳамкор давлатлар, жумладан, ўзбек томони АҚШнинг бу каби сўровини тасдиқламагани ва Афғонистонга қўшни давлатлар бундай қадамнинг ўзлари учун қанчалик хавф туғдиришини яхши англашларини айтди.

Марказий Осиёни ўз таъсир доирасидаги минтақа деб ҳисобловчи Россия шу ой бошида АҚШ минтақада доимий ҳарбий база очишига “йўл қўйиб бўлмаслиги” ни айтган эди.

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс ўтган ҳафта Марказий Осиё давлатлари Қўшма Штатлар билан ҳамкорлик даражаси тўғрисида суверен қарор қабул қилишларини” айтди.

“Бу нафақат бизнинг манфаатларимизга, аслида Афғонистон қўшниларининг бевосита манфаатларига жуда мос келади”, деди котиб.

Байден маъмурияти минтақадан айнан қандай ҳамкорликни хоҳлаётгани, айнан қайси мамлакатлар билан музокара олиб бораётгани ҳақида тўлиқ маълумот бергани йўқ.

Таҳлилчилар АҚШ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетиши манзарасида Москва минтақадаги дипломатик ва ҳарбий ташаббусни қўлга олаётганига эътибор қаратишмоқда.

8 июль куни Россия террорчи ташкилот деб ҳисоблайдиган Толибоннинг сиёсий идораси вакилларидан иборат ҳайъат Москвада Афғонистон ҳукумати ва Россия расмийлари билан музокаралар олиб борган. Музокаралар ортидан Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмийлари Толибон Афғонистонда тўлиқ ҳокимиятни қўлга киритишга интилмаётганини айтишган, толибларнинг вакиллари эса Марказий Осий давлатлари чегараларига дахл қилмасликларини таъкидлаганлар.

Мирзиёев ҳукумати ва Толибон мулоқоти. Ўзбекистон эртаси таҳликадами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:11:18 0:00

9 июль куни Москвада ўтган матбуот анжуманида Толибон ҳайъати раҳбари Шаҳобуддин Делавар Толибон Афғонистондаги ИШИД (Россия ва бошқа қатор давлатларда террорчи гуруҳ деб тан олинган Ироқ ва Шом Исломий давлати гуруҳи) га қарши курашишини айтган.

Путин ҳукуматининг Россия расман террорчи ташкилот деб билган Толибон билан музокаралари рус матбуотида танқидларга сабаб бўлди, аммо Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Қобулов мулоқотдан мақсад толибларга Москванинг позициясини етказиш эканини таъкидлади.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Толибон билан музокаралардан Путин хабардор эканини айтди.

«Путин хабардор. Мулоқот Афғонистондаги вазият қандай таранг ривожланаётгани, Афғонистон ва Тожикистон чегарасидаги вазият манзарасида муҳим", дея Песковнинг сўзларидан иқтибос келтирган РИА «Новости» агентлиги 9 июль кунги хабарида.

25 июнь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Толибонни "террорчи ташкилот деб ҳисобламаслиги"ни айтган эди.

"Очиғи¸ ўша пайтда бизни Толибонни реал мухолифат сифатида расман тан олишликда айблашган эди. Бу ўриндаги асосий савол Афғонистондаги сиëсий тузум қандай бўлади? Албатта¸ биз 90-йиллардаги Афғонистон исломий амирлигини қабул қила олмаймиз. Айни пайтда биз муаммонинг Афғонистон жорий ҳукумати¸ Толибон ва бошқа қуролли мухолифат ўртасида ўзаро муроса йўли билан ечим топишини истаймиз", деб айтган Комилов ThisisAmerica TV мухбири Dennis Wholey билан суҳбатда.

Вазирнинг баёноти сўнгги йилларда Толибон вакиллари билан яқиндан мулоқот ўрнатган расмий Тошкент ўз чегараларининг хавфсизлиги борасида муайян кафолатларни олган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фаразларга ҳам йўл очди.

Аммо Россия ҳарбийлари билан ўзбек-афғон чегараси яқинида ўтказилиши эълон қилинган қўшма машқлар режаси бир вақтнинг ўзида хавфсизлик хавотирлари кучайиб бораётганини кўрсатади.

XS
SM
MD
LG