Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:51

Гимнастика мактаби битирувчиси: 11 йиллик таълимга ўтилгани сабаб кўчада қолдик


Ўзбек гимнастикачиси Шаҳризода Арзиматова.
Ўзбек гимнастикачиси Шаҳризода Арзиматова.

Тошкентдаги Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабининг битирувчилари, мактаблар мажбурий 11 йиллик тизимга ўтказилгани боис, қийин вазиятда қолиб кетганини айтмоқда.

9 йиллик таълим тизимида ишлаган спорт мактаби битирувчилари, болалигини бағишлаган спортни ташлаб, ўқишни оддий ўрта мактабда давом эттириши керак.

Спорт мактаби интернат типида бўлгани учун вилоятлардан келган битирувчилар ўз уйларига қайтиб кетишига тўғри келади.

Спорт мактабининг битирувчилари ўз соҳаси бўйича ўқишни давом эттириши мумкин бўлган коллежлар эса ёпилиб кетди.

Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида 9 ёшидан ўқиб, бу йил шу мактабининг 9-синфини тугаллаган Шаҳризода Арзиматова ўқишни оддий ўрта мактабда давом эттириш осон бўлмаслигини айтаркан, бундай деди:

- Спорт мактабида асосан машғулотлар ва мусобақалар билан банд бўлиб, ўрта мактаб дастурини деярли ўқимаганмиз. Ўқиш қолиб кетган. Ҳозир ўрта мактабда ўқийдиган тенгдошларимизнинг билими билан бизниyu билимимиз орасида осмон билан ерча фарқ бор. Ўқишни ўзлаштириб, уларга етишимиз учун таълимни 6-синфдан бошлашимиз керак бўляпти. Агар бир вақтнинг ўзида гимнастика билан шуғулланадиган бўлсак ўқишни ўзлаштириш биз учун умуман имконсиз.

Ўзбек гимнастикачиси Шаҳризода Арзиматова.
Ўзбек гимнастикачиси Шаҳризода Арзиматова.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаблари 11 йиллик мажбурий таълим тизимига ўтилди.

Шаҳризода Арзиматова спорт мактабига ўқишга кирганида режаларини тўққиз йиллик таълим тизими бўйича тузганини айтади.

- Ўқишни спорт коллежларида давом эттириш имкони бўлган. Ҳозир коллежлар ёпилди. Фақат энди мактабда ўқиб, ўқишдан кейин гимнастика билан шуғулланишимизга тўғри келяпти, - дейди Шаҳризода Арзиматова.

Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабига ҳар йили бутун мамлакат бўйлаб 12 нафар иқтидорли ўқувчи-спортчилар бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамплин спорт турлари бўйича қабул қилинади.

Таҳсил олувчиларнинг умумий сони 60 кишини ташкил этади.

Ўқувчилар бу мактабда ётиб ўқишади.

Спорт мактабида 12 ёшлигидан ўқиб, бу йил шу мактабни тугатган қорақалпоғистонлик гимнастикачи, Ўзбекистон чемпиони Наргиза Жуманиёзова 11 йиллик таълимга ўтилгани ўзи каби Ўзбекистоннинг чекка ҳудудларидан келган гимнастикачиларни кўчада қолдирганини айтди:

- Биз спорт мактабида ётиб қолиб шуғулланганмиз. Ҳозир кўчада қолдик, десак ҳам бўлади. Қорақалпоғистонга қайтиб кетиб, мактабга борадиган бўлсам гимнастика қолиб кетади. Чунки у ерда база йўқ. Тошкентда қолай десам қоладиган жойим йўқ. Спорт мактабида Қаршидан, Андижондан, Хоразмдан иқтидорли қизлар бор. Ҳозир энди уларни кўпчилиги гимнастика билан хайрлашишига тўғри келяпти.

Тошкентдаги Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Абдулла Очилов Озодлик билан суҳбатда гимнастика ёш билан боғлиқ спорт тури бўлгани учун 11 йиллик таълимга ўтмаганини айтди.

- Бизда 9 синфдан у ёғи йўқ. Сабаби гимнастика ёш билан боғлиқ спорт. 9- синфни битирганидан кейин қизларни бу ерда олиб ўтиришга ҳожат йўқ. 15 ёшгача бўладигани бўлади. Битта битирувчимиз Оксана Чусовитина 43 ёшида ҳам гимнастикани давом эттиряпти, лекин ҳамма ҳам ундай бўлолмайди. Агар зўр бўлса қўлма-қўл қилиб тортиб олишади. Учта битирувчимизни Олий маҳорат мактабига олишди. Ҳозир ҳар бир битирувчимизнинг ҳолатини ўрганиб, ҳар бирига имкон даражасида ўз ўрнини топишга ёрдам беряпмиз, улар кўчада қолмайди.

Айни пайтда Наргиза Жуманиёзова гимнастика спорти билан шуғулланишни давом эттириш ниятида:

- 2024 йилда бўладиган Олимпиада ўйинларига йўлланма оламан, деган умиддаман. Чунки, кўрсаткичларим ёмон эмас. Булавка бўйича Ўзбекистон чемпиони бўлганман. Ўқиш ўз ўрнида, лекин бу спортни асло ташламайман.

XS
SM
MD
LG