Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:03

Энергетика вазирлиги рақобатбардош бозор яратмоқчи. Бозор учун етарли электр энергияси ҳануз йўқ


Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги рақобатбардош электр энергияси бозорига ўтиш концепциясини ишлаб чиққанини эълон қилди.

Вазирлик концепцияси 2021-2025 йилларга мўлжалланган бўлиб, у уч босқичдан иборат. Баёнотда айтилишича, режа амалга ошса, таъминот сифати яхшиланади, нархлар пасаяди.

Ўзбекистонлик экспертлар фикрича, вазирликнинг концепцияси, бундан буён хусусий электр станциялар қуриш учун йўл очиши мумкин, бироқ унда назарда тутилган баъзи чоралар соҳани кескин ислоҳ қилиш учун етарли эмас.

Вазирлик баёнотида келтирилган баъзи рақамлар электр энергияси тақчиллиги яна сақланиб қолиши мумкинлигидан далолат бермоқда.

Уч босқичли режа

Вазирлик рақобатбардош электр энергияси бозорига ўтиш режасининг Биринчи босқичида маҳсулот сифатини яхшилаш ва нархларнинг пасайишига эришилишини иддао қилмоқда.

Бунинг учун электр энергияси корхоналари эркинлаштирилиши ҳамда хусусий корхоналарга лицензия асосида электр энергиясини сотиш ҳуқуқи берилиши айтилди.

Вазирликка кўра, Иккинчи босқичда электр энергиясини тақсимлаш тизимининг оператори яратилади ва истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш функциялари таъминотчиларга босқичма-босқич ўтказилади.

“Таъкидлаш жоизки, ушбу босқичда истеъмолчилар электр энергиясини онлайн савдо платформаси ёки исталган таъминотчи орқали сотиб олишлари мумкин бўлади. Таъминотчилар ўртасида рақобат муҳити шаклланиши орқали электр энергиясининг таъминоти сифати ошишига эришилади”,-дейилган вазирлик баёнотида.

Энергетика вазирлиги ишлаб чиққан концепцияга биноан Учинчи босқичда “Кун ичи (соатбай) савдолар” йўлга қўйилади. Онлайн савдо платформасидаги эркин шартномалар ҳажмларига кўра, электр энергиясини режа асосида соатбай ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ортиқча ёки етишмаётган ҳажмларини сотиш ва сотиб олиш операциялари амалга оширилади.

“Энергетика соҳасидаги давлат муносабатларининг кескин камайиши билан бозор муносабатларига ўтиш электр энергетикасини бошқариш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Натижада мамлакатнинг энергетика хавфсизлиги, республика энергетика таъминотининг ишончлилиги ва барқарорлиги таъминланади. Асосийси, аҳолининг турмуш сифатини яхшилаш”,-дейилади Энергетика вазирлиги расмий билдирувида.

Экспертлар фикри

Энергетика вазирлигининг баёнотида эълон қилинган концепция нимаси билан муҳим? Озодлик бу саволни мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Энергетика вазири Анвармирзо Ҳусаиновга берди.

Анвармирзо Ҳусаинов
Анвармирзо Ҳусаинов

Экс-вазир шу кунгача электр энергияси савдоси билан шуғулланиш ҳамда электр нархини белгилаш ҳуқуқи “Ўзбекэнерго”га, унинг ҳудудий бўлимларига берилгани , бу ҳолат соҳага сармоя, жумладан хорижий сармояларни жалб этишга тўсқинлик қилиб келганини айтди.

Анвармирзо Ҳусаиновнинг фикрича, вазирлик ишлаб чиққан концепцияда сармоядорларни, чет эл бизнесининг талаблари ҳисобга олинган.

Собиқ Энергетика вазири Анвармирзо Ҳусаинов 7 июнь куни Озодликка бундан икки йил муқаддам ўз ўғли бир ҳамкори билан хусусий электр станцияси қуришга бел боғлагани, бироқ турли бюрократик тўсиқлар туфайли лойиҳа амалга ошмай қолгани тўғрисида айтиб берган эди.

- Энегетика вазирлиги 15 июнда эълон қилган режа хусусий электр станцияси қуриш учун йўл очадими?

- Менимча, вазирликнинг мана шу концепцияси хусусий электр станциялар қуриш учун, шу жумладан ўтган эшиттиришингизда мен тилга олган станцияни қуриш учун ҳам йўл очилади. Олмазор туман, Беруний маҳалласида шу маҳаллани, унинг атрофидаги яна учта маҳаллани, Ўзбекистон Миллий университети ва Ўзбекистон Техника университети ўқув корпуслари, ётоқхоналарини арзон электр энергияси билан, арзон иссиқлик энергияси билан ва ёзда кондиционерлар учун зарур бўлган совуқ ҳаво билан таъминлаш станциясини қуриш учун энди йўл очилиши мумкин. Куни кеча вазирликдаги тегишли бошқарма ҳам ҳаракатларни қайтадан бошлайлик, деди.

“Биринчи босқичда электр энергияси корхоналарини эркинлаштириш ва электр энергиясини сотиш истагида бўлган хусусий корхоналар томонидан лицензия олиш кўзда тутилган. Бунда бозор муносабатларига асосланган ёндашув натижасида маҳсулот сифатини яхшилаш ва нархларнинг пасайишига эришилади”, дейилган вазирлик баёнотида.

Сапарбой Жубаев
Сапарбой Жубаев

Иқтисодчи олим Сапарбой Жубаев эса, соҳадаги ислоҳотлар учун хусусийлаштириш жараёнлари муҳимроқ эканини таъкидлайди:

“Эркинлаштириш” сўзи ўрнида “хусусийлаштириш” сўзи бўлганда эди, мен чиндан ҳам соҳа ислоҳ қилинар экан, деган бўлардим. Биз 30 йилдан бери эркинлаштирамиз, лекин ўша эркинлаштирилаётган соҳа давлатнинг ўзида тураверади. Токи соҳадаги энергияни генерация қилувчи ва маҳсулотни сотувчи корхоналар хусусийлаштирилмас экан, самарали ислоҳот ҳақида гапиришга ҳожат йўқ”.

Оптимист бўлишга изн бермайдиган асосий рақам

Энергетика вазирлигининг 15 июндаги баёнотида соҳани ривожлантиришга оид жуда кўплаб рақамлар келтирилган. Улар билан мана бу ерда танишиш мумкин.

Баёнот бошидаги мана бу абзацда келтирилган рақамларга эътибор беринг:

“Мамлакат раҳбарияти Энергетика вазирлиги олдига 2030 йилгача электр энергиясини ишлаб чиқаришни икки баравар ошириш вазифасини қўйди. Мутахассисларнинг фикрича, (? вазирликнинг ўз фикри, ҳисоб-китоби йўқми – Озодлик) 10 йилдан кам вақт ичида Ўзбекистон аҳолиси ва иқтисодиёт тармоқларидан электр энергиясига бўлган талаб икки баравар кўпаяди. Яъни, 2030 йилга қадар 120,1 миллиард кВт/с электр энергиясини ишлаб чиқаришга эришилади (2020 йилда бу кўрсаткич 66,4 миллиард кВт/с)”.

2020 йилда ишлаб чиқарилган 66,4 млрд. кВт/с энергия аввалги йиллардаги каби истеъмол учун етарли бўлмагани тўғрисида бу йил маҳаллий матбуот ҳам кўп ёзди.

Энергетика вазирлиги 2030 йилгача электр энергиясига бўлган талаб икки баравар кўпайишини тан олиб турибди ва 9 йилдан кейин 120,1 млрд кВт/с электр энергиясини ишлаб чиқарилиши режалаштирилаётганини айтмоқда. 120,1 млрд. кВт/с 2020 йилги 66,4 млрд.кв/соатнинг икки баробари эмас, тақрибан 80 фоизи холос. Бу тақчиллик сақланиб қолаверади, деганими?

Қиёслаш учун: Аҳолиси 19 миллион кишилик Қозоғистонда 2020 йили 108 млрд кВт/с электр энергияси ишлаб чиқарилди. Мамлакат бўйлаб умумий истеъмол эса, 108 млрд кВт/соатни ташкил қилди. Тақчиллик мутлақо кузатилмади.

XS
SM
MD
LG