Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:37

Хитой сармоялари: Бошқарув қанча ёмон бўлса, Пекиннинг таъсири шунча юқори - тадқиқот


Босния ва Герцеговина, Венгрия, Черногория ва Сербияда Хитой сармояси ортиши муносабати билан салбий ўзгаришлар кузатилган. Белграддаги кўприк қурилиши - 12 апрель, 2013.
Босния ва Герцеговина, Венгрия, Черногория ва Сербияда Хитой сармояси ортиши муносабати билан салбий ўзгаришлар кузатилган. Белграддаги кўприк қурилиши - 12 апрель, 2013.

Янги ҳисобот бирор мамлакатга Хитой капитали оқими билан ўша мамлакатда атроф-муҳит ва бошқарув сифатига салбий таъсир ўртасида ўзаро боғлиқлик борлигини аниқлади.

Қароргоҳи Болгарияда жойлашган Демократияни ўрганиш маркази (Center for the Study of Democracy) томонидан 9 сентябрда чоп этилган тадқиқотда эътироф этилишича, сўнгги ўн йил ичида Пекиннинг Марказий ва Шарқий Европадаги иқтисодий таъсири ўсиб борар экан, минтақада қонун ва бошқарув стандартларининг пасайиши кузатилган. Шунингдек, айни даврда минтақада атроф-муҳит аҳволи билан боғлиқ хавотирлар ҳамда қарздорлик ошган.

Ҳисобот Хитойнинг Марказий ва Шарқий Европада ошиб бораётган таъсири кўриб чиқилган биринчи кенг кўламли тадқиқотдир. Пекин сўнгги йилларда ушбу минтақанинг энг йирик савдо ҳамкорига айланган.

2009 йилдан буён Хитой минтақага ажратган грант, ссуда, бирлашма ва иқтисодий имтиёзлар қиймати 14 миллиард долларни ташкил қилади. Бундан ташқари, Хитой тахминан 50 миллиард долларлик инфратузилма, энергетика ва телекоммуникация лойиҳаларини айни дамда молиялаштирмоқда ёки молиялаштиришни ваъда қилган.

Тадқиқот шуни кўрсатадики, бирор мамлакат молиявий жиҳатдан Хитой билан қанчалик боғлиқ бўлса ҳамда унинг ялпи ички маҳсулотида хитой сармоялари улуши қанчалик кўп бўлса, Хитой қонун устуворлиги билан боғлиқ муаммолардан фойдаланиб, ўз иқтисодий ва сиёсий таъсирини оширишга урингани эҳтимоли шунча юқори бўлади.

«Бу Хитой каби авторитар давлатлар қонундаги камчиликлар ва коррупцион амалиётлардан фойдаланиб, ўз таъсирини кучайтириш билан шуғулланаётган аянчли цикл», деди ҳисобот муаллифларидан бири Мартин Владимиров Озодлик билан суҳбатда.

Владимиров Демократияни ўрганиш марказининг энергетика ва иқлим дастурига раҳбарлик қилади.

«Тўпланган маълумотлар Хитой пули оқими ва бошқарув сифатининг пасайиши ўртасида жуда кучли боғлиқлик борлигини кўрсатади», деди у.

Бу алоқа марказ ходимлари ишлаб чиққан Хитой иқтисодий қудрати индекси орқали ўлчанган. Индекс Хитой иқтисодий таъсирининг тўлиқ ҳажмини кўрсатишга қаратилган. Минтақада иқтисодий ўсиш нотекис бўлган, чунки Пекин таъсирининг асосий қисми Чехия, Венгрия ва Ғарбий Болқон минтақасига, хусусан, Босния ва Герцеговина ҳамда Сербияга тўғри келади.

Тадқиқот натижаларига кўра, Босния ва Герцеговина, Венгрия, Черногория ва Сербияда Хитой сармояси ортиши муносабати билан энг сезиларли салбий ўзгаришлар кузатилган. Хусусан, ушбу мамлакатларда Пекин солиқ имтиёзлари берилган, маҳаллий меҳнат қонунларини четлаб ўтиш имкониятига эга бўлган ва бошқа имтиёзлар берилган компанияларни қўллаган.

Тадқиқот муаллифларига кўра, Ғарбий Болқонда «минтақадаги ҳукуматлар билан яқин алоқада бўлган маҳаллий компаниялар [Хитой] лойиҳаларини амалга оширишга чорлаб, тўғридан-тўғри лоббичилик қилган». Бу маҳаллий корхоналарнинг кўпчилиги «Хитой ва миллий ҳукуматлар ўртасида кўприк» вазифасини бажариш учун кучли манфаатларга эга бўлган.

«Бу ҳаракатларнинг барчаси техник жиҳатдан қонунийдир», деди Владимиров.

«Умумий эффект шундаки, ҳукумат идоралари Хитой компанияларини тартибга солмайди ва жамоат манфаатларини ҳимоя қилмай қўяди. Аксинча, бу идоралар сиёсий жиҳатдан боғланган конгломератлар ёки маҳаллий олигархлар орқали хусусий ташкилотларга ёрдам беради», деди у.

«Самарали орқа эшик»

Хитойнинг Марказий ва Шарқий Европадаги иштироки, айниқса, Болқон минтақасида катта аҳамиятга эга, чунки Пекин сўнгги йилларда бу мамлакатларда миллиардлаб доллар сармоя ётқизди. Бу ҳолат Ғарб сиёсий доираларида минтақа молиявий жиҳатдан Пекинга қарам бўлиб қолаётгани ҳақида хавотир уйғотмоқда.

Ҳисоботда Белград бунга яққол мисол экани эътироф этилди. Сербия пойтахти Пекиннинг Ғарбий Болқон бўйлаб иқтисодий ва сиёсий фаолиятлари марказига айланган. Хусусан, Белградда Хитой қўшни давлатларда ҳам татбиқ қилиши мумкин бўлган турли ташаббусларини – телекоммуникация ва кузатув технологияларидан тортиб, соғлиқни сақлаш технологияларигача кўз-кўз қилинмоқда.

Аммо минтақадаги кўплаб хитой лойиҳалари яқинда шубҳали шартномалар ва тендер жараёнида коррупцияга қўл қўйилгани ҳақидаги айбловлар фонида диққат марказига тушиб қолди.

Венгрия ҳукумати Шанхайнинг Фудань университети кампусини қуриш учун Хитой банкидан 1,5 миллиард доллар кредит олишни режалаштиргани маълум бўлгач, бош вазири Виктор Орбан норозилик намойишлари ҳамда Будапешт мэрининг эътирозига дучор бўлди.

Черногорияда узоқ вақтдан бери кечиктириб келинаётган 1 миллиард долларлик автомагистраль лойиҳаси ҳам халқаро матбуот эътиборини ўзига қаратди. Бунга кичик Болқон давлати Хитойнинг Экспорт-импорт банкидан олган қарзини тўлай олмаслигини маълум қилгани туртки бўлди. Лойиҳа фақат кечиккани учун эмас, балки қурилиш ишлари нархи ошиқча юқори бўлгани ҳамда хитойлик ишчиларга ҳаддан ташқари таянилаётгани учун танқидга учради.

Пировардида Подгорица молиявий барқарорликни таъминлаш ва кредит тўловларини қондириш учун АҚШ ва Европа институтларининг ёрдам олди.

«Марказий ва Шарқий Европа Хитой бизнесининг Европа ва Европа Иттифоқи бўйлаб кенгайиши учун жуда самарали орқа эшик бўлиб келади», деди Владимиров.

«Бу узоқ муддатли стратегиянинг бир қисми».

Атроф-муҳит ҳақида хавотирлар

Ҳисоботда Хитой иқтисодий таъсирининг ошиши билан Марказий ва Шарқий Европада электр энергиясини ишлаб чиқариш учун кўпроқ кўмир ёқилаётгани айтилди. Шунингдек, бу даврда бутун минтақада экологик стандартлар пасайгани аниқланган.

Қарз тўловлари билан боғлиқ муаммолардан ташқари, Черногориянинг мунозарали автомагистрали ЮНEСКО томонидан ҳимояланган Тара дарёсига зарар етказаётгани туфайли атроф-муҳитни ҳимоя қилиш тарафдорлари қаршилигига учради.

Сербиянинг Бор шаҳри яқинидаги Хитойга тегишли мис кони атроф-муҳитга зарар етказаётгани учун норозилик намойишлари бўлиб ўтди, натижада компания ўз фаолиятини вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди.

Ҳисобот муаллифлари углерод чиқиндиларининг кўпайиши ва Хитой кўмирга сармоя ётқизаётгани ғарбий Болқон мамлакатларининг Европа Иттифоқига қўшилиш истагига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирдилар. Блок келгуси ўн йил ичида кўмирдан фойдаланишни чеклаш бўйича улкан режаларни, шунингдек, 2030 ва 2050 йилларга қадар углерод чиқиндилари кўламини камайтириш режаларини эълон қилган.

«Хитой бу мамлакатларнинг Европа Иттифоқига қўшилишига тўсқинлик қилмоқчи эмас, лекин Хитой сармоя киритишини осонлаштириш учун қабул қилинаётган қонунлар ва сиёсат кўплаб мамлакатнинг [блокка] қўшилиш жараёнига билвосита путур етказмоқда», деди Владимиров.

XS
SM
MD
LG