Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:45

Халқ рассомининг ўғли отаси чизган асарнинг музейдан ғойиб бўлиб сотувга чиққанидан ташвишда


Рассом Неъмат Қўзибоевнинг музейдан ғойиб бўлган асари
Рассом Неъмат Қўзибоевнинг музейдан ғойиб бўлган асари

Ўзбекистон халқ рассоми¸ академик Неъмат Қўзибоев (1929−2004) 1974 йилда чизган ва ўша йили Бутуниттифоқ Ленин музейининг Тошкентдаги филиали сотиб олган “Ленин Горкида” асари Olx.Uz савдо-сотиқ порталида сотувга чиқарилди.

Озодлик Olx.Uz савдо-сотиқ порталидаги эълонга қизиқиб, портал маъмурига телефон қилгани ортидан эълон ғойиб бўлди.

Сотув эълони ва Қўзибоев фотоси акс этган коллаж
Сотув эълони ва Қўзибоев фотоси акс этган коллаж

Рассомнинг ўғли Ғайрат Қўзибоев отаси чизган ва музей фондида туриши керак бўлган асарнинг 2019 йил октябридан бошлаб савдога қўйилгани ташвишга тушганини 17 март куни Озодликка билдирар экан, бундай деди:

“Баландлиги 2 метр, эни бир ярим метрли бу асар Тошкентдаги оддий олди-сотди сайтига қўйилганини кўриб таажжубландим. Асар Тошкентдаги Тарих музейи (собиқ Ленин музейи) фондида туриши керак бўлган давлат мулкику?! Сотувчи ўз эълонини рус тилида, аммо имло хатолари билан ëзган. Гап тузилиши ўзбекчани эслатади. Бу асарни отам чизган. Эскизлари сақланиб қолган. Бундан ташқари бу асар фотоси музей мулки ўлароқ Ғафур Ғулом нашриëти чоп қилган “Ўзбек рангтасвирида тарихий инқилобий жанр” деган китобда ҳам чоп қилинган. Музей фондида туриши керак бўлган асарнинг шубҳали олиб- сотарлар қўлига тушгани мени жиддий ташвишга солди".

Неъмат Қўзибоевнинг музейдан йўқолган асари
Неъмат Қўзибоевнинг музейдан йўқолган асари

Озодлик Olx.Uz савдо-сотиқ порталидаги эълон билан қизиқиб, портал маъмурига телефон қилгани ортидан эълон ғойиб бўлди.

Портал маъмури билан қайта боғланганимизда у бу юзадан изоҳ бера олмаслигини билдирди.

Озодликда Olx.Uz савдо сотиқ порталидаги эълон скриншоти мавжуд.

Сотув эълони
Сотув эълони

Ўзбекистон Маданият вазирлиги Тасвирий санъат бўлимида 1984 йилдан то 1988 йилгача ишлаган ва ҳозирда Исроил давлатида истиқомат қиладиган нафақадаги санъатшунос аëл, исми айтилмаслик шарти билан, бу асар ҳақидаги маълумотларни Озодликка тақдим қилди:

“Марҳум Неъмат Мирзабоевичнинг бу асарини жуда яхши хотирлайман. Асар 1974 йили Тошкентдаги Ленин музейи экспозицияси учун махсус давлат буюртмаси асосида чизилган эди. Давлат экспертиза комиссияси аъзолари бу асарга юксак баҳо беришганини ҳам эслайман.“Ленин Горкида” асари Неъмат Қўзибоев яратган сара асардир. Бу асар ўзбек тасвирий санъатида “Ленин” мавзусида яратилган мукаммал рангтасвир намунасидир. Қўзибоев бу мавзуни бошқа уста рассомлар Резников¸ Фадеев билан бир қаторда маҳорат билан очиб бера олган. Асар Тошкент марказидаги музей экспонати эди. Давлат музейига оид бу асарнинг сотувга чиқарилиши жиноятдан бошқа нарса эмас”.

Ўзбекистон халқ рассоми Неъмат Қўзибоев,1974 йил.
Ўзбекистон халқ рассоми Неъмат Қўзибоев,1974 йил.

Озодлик 17 март куни Ўзбекистон Тарих музейига телефон қилиб боғлана олмади. Коронавирус пандемияси боис, музей ëпилган эди.

Маданият вазирлиги билан боғланишнинг ҳам имкони бўлмади.

Йўқолган асар ҳақида шу китобда билги бор
Йўқолган асар ҳақида шу китобда билги бор

Санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг айтишича¸ Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин 1992 йили мамлакат музейлари¸ шу жумладан Бутуниттифоқ Ленин музейининг Тошкент филиали фондидаги совет тематикасидаги асарлар “списать” қилинган, яъни бадиий қиймати йўқ дея музей фондидан чиқарилган:

“Ленин¸ Фрунзе¸ Ворошилов ва бошқа совет доҳийлари ва умуман совет тематикасидаги асарлар комиссия қарори билан бадиий қиймати йўқ дея 1992 йили музей фондидан чиқарилган эди. Ўша пайтда таниқли рассом Грабарь мўйқаламига мансуб асарни Тошкентдаги ЗАГС биносидан 20 долларга сотиб олишганини эслайман. Расмда Ленин ва Крупская акс этган эди. Списать қилиб ҳисобдан чиқарилган асарларни кимдир авайлаб олиб қўйди. Аксарият асарлар четга чиқарилди. Совет ва Ленин темасидаги холстлар савдоси билан шуғулланадиган катта ширкатлар бор Россия ва Украинада. Қўзибоевнинг асари ҳам шу тарзда музейни тарк қилган деб ўйлайман. Бу ҳолатда жиноят таркиби бор йўқлиги билан прокуратура шуғулланиши керак деб ўйлайман".

Музейдаги асарнинг илк эскизи Қўзибоевлар оиласида сақланади
Музейдаги асарнинг илк эскизи Қўзибоевлар оиласида сақланади

Ленинлар қайга йўқолди

Озодлик 2017 йилда Марказий Осиëда ўрнатилган илк Ленин ҳайкали йўқолгани ҳақида ëзган эди.

2017 йили таъмир баҳонасида талон-торож қилинган Нуриллабой саройи олдига 1924 йилда Хоразм Халқ республикаси тарафидан ўрнатилган Ленин ҳайкали 1991 йили олиб ташланган эди.

СССР халқ рассоми Сергей Меркуров (1881 -1952) яхлит қизил гранитга ўйиб ишлаган Ленин ҳайкали Ўзбекистон Маданият вазирлигининг давлат муҳофазасида бўлган экспонатлари рўйхатида қолмоқда.

Озодлик билан 2017 йили суҳбатлашган Маданият вазирлиги мулозими таъкидича¸ сиëсий тарафдан исталмаган, дея топилмаган асарлар йўқ қилинмасдан вазирликка оид кўргазмалар дирекцияси омборида сақланмоқда:

- Хивадаги Ленин ҳайкали Меркуровга оид асар ва экспонат сифатида сақланмоқда. Ҳукумат учун Ленин ëмон бўлиши мумкин¸ лекин мен шахсан Ленинни ëмон демайман. Сталин¸ Брежнев ва Ленин ҳайкаллари ва улар акс этган рангтасвир асарлар Ўзбекистон музейларида сақланиб турибди¸ - деган эди суҳбатдош.

Озодлик суриштируви асносида Нуриллабой саройи олдига ўрнатилган гранит ҳайкал кўргазмалар дирекцияси омборида ҳам, Хива Ичан-Қалъа музей қўриқхонаси заҳирасида ҳам йўқлиги аниқланган эди.

Хивалик ҳуқуқ ҳимоячиси Ҳайитбой Ëқубовнинг айтишича¸ Ленин ҳайкалини 1991 йили маҳаллий тадбиркорлардан бири - тадбирокорнинг исм-фамилияси Озодликка маълум- ўз ҳовлисига олиб кетган:

- Ўша тадбиркорнинг уйида турибди бу ҳайкал. Лекин у оламдан ўтди яқинда. Бу ҳайкални сотишга кўп уринишлар бўлди. Лекин нимадир бўлиб сотилмай қолди¸ - дейди Ëқубов.

Совет монументал ҳайкалтарошлигининг таниқли вакили бўлган Меркуров асарлари жаҳон бозорида катта қийматга эга.

Озодлик ўзбек музейларидаги талон-торожликлар ҳақидаги ўз суриштирувини давом эттиради.

XS
SM
MD
LG