Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:56

Тошкентликларнинг қишга ғамлаган картошка-пиёзи текширилмоқда


Тошкентдаги маҳалла йиғинлари ходимлари уйма-уй юриб, аҳолининг картошка, пиёз ва сабзи захирасини текширмоқда.

Аҳоли орасида уйига қоплаб картошка-пиёз ғамлашни тарғибот қилишга мажбурланаётганини айтган маҳалла фаоллари бу топшириқни “абсурд” дея аташди.

Фаоллар электр ва газ муаммоси кузатилаётган бир пайтда аҳолидан озиқ-овқат захирасини талаб қилиш ноўринлигини айтмоқда.

Мутасаддилар аҳолининг қишки захираси текширилаётганини тасдиқлади, бироқ маҳалла йиғинлари мажбурланаётганини инкор қилди.

Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги маҳалла йиғинлари ходимларидан Озодликка бўлган мурожаатда пойтахт аҳолисининг қишки захирасини текшириш борасида мажбурий топшириқ олганликлари айтилади.

“Маҳалла ходимларини уйма-уй юриб, ким қоплаб картошка-пиёз йиғиб қўйганини аниқлашга мажбурлашяпти. Ўзи газ-свет муаммоси етмай турганди, энди картошка-пиёз қоплаб олишга мажбурлаш қолганди”, дея ёзди исмини очиқламасликни сўраган МФЙ ходимларидан бири.

Озодликда мутасаддилар томонидан маҳалла фуқаролар йиғинларига Телеграм орқали жўнатилган топшириқнинг нусхаси мавжуд.

“Ҳурматли ҳамкасблар, эртадан аҳолининг захирасини ўрганиш учун комиссия чиқади. МФЙларини огоҳлантириб қўйинглар, захираси бор хонадонларни билиб қўйишсин, кўрсатишга. (картошка, пиёз, сабзи)”, дейилади Телеграмдаги ёзишмада.

Озодлик Шайхонтоҳур туманидаги бир қанча МФЙлари билан боғланди. Уларнинг барчаси аҳолининг қишки захирасини текшириш борасида топшириқ олганини ва бунга норози эканликларини айтишди.

Жумладан, “Жарариқ” маҳалласи ходимларидан бири ушбу топшириқни “абсурд” дея атади:

“Ким ўйлаб топган бу топшириқни, ҳайронман. Картошка-пиёзингни кўрсат дейиш мутлақо абсурд нарса. 600та хонадонга кириб, складларини титкилашимиз қолганди. Кўчада кўриб қолсак, ҳаммага айтяпмиз, “Картошка-пиёзни ғамлаб қўйинг”, деб. Улар ҳам “хўп” деяпти. Ҳар 2-3 кунда ярмарка қиляпмиз. Одамлар эҳтиёжига қараб оляпти. Лекин қоплаб олишга нима ҳожат, бунисини тушунмаяпмиз. Энди комиссия келишига 1-2та хонадонни тайинлаб қўйдик, қоплаб картошка-пиёзи бор экан, шуларникига олиб борамиз”.

Озодлик 12 декабрь куни Тошкентдаги МФЙларига қўнғироқ қилиб, аҳолининг қишки захирасини тешкириш нафақат Шайхонтоҳур туманида, балки пойтахтнинг барча ҳудудларида бирдай давом этаётганини аниқлади.

Бироқ МФЙларининг ҳаммаси ҳам бу топшириқни бажариш ниятида эмаслиги маълум бўлди.

Жумладан, “Гулбозор” маҳалласи фаоллари аҳолининг уйларига бирма-бир кириш режаси йўқлигини айтишди.

“Бизнинг маҳалламиз ҳудудида бозор жойлашган. Шунинг учун аҳоли уйида захира сақлашга ҳожат йўқ. Бозордаги савдогарлар ҳам, асосан, маҳалла аҳлидан. Картошка-пиёзни уйга босиб қўйгандан кўра, янгисини сотиб олиш қулай. Уйга олиб қўйишдан фойда йўқ. Агар комиссия келса, одамларнинг ўзлари билан учраштирамиз, уларнинг ўзлари айтишади, захирага эҳтиёж йўқлигини”, деди исмини очиқламаётганимиз МФЙ фаолларидан бири.

Олмазор туманида яшовчи тошкентлик аёл ҳам қишга захира ғамлаш режаси йўқлигини айтади:

“Кеча маҳалладан келиб, “картошка-пиёзингиз борми”, деб сўради. Ҳайронман буларга, бошқа қиладиган иши йўқми? “Картошка-пиёзим йўқ бўлса, олиб келиб берасизларми” десам “йўқ” дейишди. Унда бало борми, уйма-уй юришга? Участкада турамиз, олдин 2-3 қоплаб олиб қўярдик. Лекин баҳорга етмай ярми чириб кетарди. Бозорга бориш учун транспорт муаммоси сабаб қоплаб олардик. Ҳозир маҳалламизда бозор бор, дўкон бор. Қоплаб олишга ҳеч ҳожат йўқ. Керак пайти болалар чиқиб, бир неча кило олиб келишади. Ундан кўра, иссиқлик таъминотини яхшилашсин. Бир ойдан бери вазият ўнгланмади”.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг Озодлик боғланган ходими Тошкентда аҳолининг қишки захирасини ўрганиш тадбири бўлаётганини тасдиқлади.

“Қишлоқ аҳолиси қишга захира қилишга ўрганган. Лекин шаҳарликлар бу нарсани қилмайди. Ҳеч ким МФЙларини мажбурламаяпти. Фуқаролар ҳам қоплаб картошка-пиёз олишга мажбурланмаяпти. Фақат тарғибот ишлари олиб борилиб, одамларга қишга захира ғамлаш ҳақида тушунтирилмоқда холос. 2020-2021 йилги қиш-баҳор мавсумига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш борасида октябрь ойидаёқ ҳукумат қарори қабул қилинган. Ҳозирда мамлакат бўйича картошка, пиёз, сабзи ва гуручнинг жами захира ҳажми 795 минг тоннани ташкил этади. 1 январга қадар захира маҳсулотларини ички истеъмол бозорига етказиб бериш жадваллари ишлаб чиқилади. Ҳаммаси фақат фуқароларимизни ўйлаб қилиняпти”, деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган вазирлик ходими.

XS
SM
MD
LG