Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:48

Тошкентда калтакланган блогер Алламжоновни айблаб чиқди


Муфаса тахаллуси остида блог юритадиган Мирсаид Ҳайдаров.
Муфаса тахаллуси остида блог юритадиган Мирсаид Ҳайдаров.

Жорий йилнинг 1 июль куни "Муфаса" блоги муаллифи 33 яшар блогер Мирсаид Ҳайдаров Тошкентдаги уйи олдида калтаклаб кетилгани ҳақида унинг ўзи ва қатор маҳаллий нашрлар хабар тарқатди.

Блогернинг Озодликка айтишича, уни калтаклаб, беҳуш қилган номаълум ҳужумчи“овозингни ўчир” деб айтган:

“Эрталаб соат 07:40 ларда танишимни кутиб турган эдим. Чап қўлимда ноутбук, ўнг қўлимда телефон бор эди. Телефон билан чалғиб, ёнимга бир нотаниш одам келиб қолганлигини кўрмай қолдим. Мандан «Хуршид шу ерда турадими?» деб сўради. Ман «йўқ, бу ерда турмийди, дедим». Кейин аниқ нима бўлганлигини билмиман. Фақат «овозинги ўчириб юр на...» деган гапини эшитдим, холос. Кейин ўзимга келиб, кўзимни очдим. Атрофда ҳеч ким йўқ эди. Ўрнимда турганимда яна бошим айланиб, йиқилдим. Кейин билишимча, бўйнимдаги «уйқу томири»га урган. Бироз ҳушимни йўқотиб тургач, у оёғи билан қорнимга тепиб, йиқитган. Йиқилганимда бошим бетонга урилган ва шиш пайдо бўлган. Атрофимда видео кузатув мосламалари бўлмаган, уйим катта трасса бўйида жойлашган. Чап томонимда янги қурилган дўконда камера йўқ, ўнг тарафда эса кўча. Йўлни нариги бетидаги ишлаётган усталар фақат ҳушсиз ҳолатда ётганимни кўришган.”

Блогер калтаклангани ортидан ИИБ ва шифохонага мурожаат қилган.

Хabar.uz сайтида чоп этилган ва олиб ташланган хабар скриншоти.
Хabar.uz сайтида чоп этилган ва олиб ташланган хабар скриншоти.

Ўша куннинг ўзида блогер Мирсаид Ҳайдаровнинг дўппослаб кетилгани ҳақида Kun.uz ва Xabar.uz нашрларида эълон қилинган мақола кўп ўтмай, изоҳсиз олиб ташланди.

Алламжонов "айбдор"ми?

Блогер калтакланишидан бир кун олдин Алламжоновни танқид қилиб чиққанини эслатиб, Масс-медиа фонди раҳбарига қаратилган танқидий пости билан ҳодиса ўртасида боғлиқлик бўлиши мумкинлигини иддао қилади.

“Шу пайтгача ДХХдан тортиб прокуратурагача танқид қилиб келдим. Аммо илк бора Алламжоновни танқид қилганимнинг эртасигаëқ калтаклаб кетилдим. Алламжоновни ўзи айтгандай, у “айбдор”.

Мирсаид Ҳайдаров Алламжоновга қарши бу каби иддаони илгари сураётган биринчи блогер эмас.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг бир жинсли шахслар ўртасидаги муносабатлар тўғрисидаги бандини бекор қилишга чақириқлари ортидан жорий йилнинг 28 март куни Тошкентдаги уйи олдида калтаклаб кетилган блогер Миразиз Бозоров Масс-медиа фонди раҳбари ўзига қарши ҳужум ва матбуотдаги қоралаш кампаниясига алоқадор бўлиши мумкинлигини иддао қилган.

Ҳозирда уй қамоғида сақланаётган Бозоров адвокати Сергей Майоров томонидан шу йилнинг 7 июнь куни Тошкент шаҳар прокурорига йўлланган аризасида ўзининг бу ҳақдаги кўрсатмаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан эътиборсиз қолдирилаётганини айтган.

1 июль куни мустақил AsiaTerra.info нашри томонидан эълон қилинган ариза нусхасини 8 июль куни адвокат Майоров Озодликка тақдим қилди.

Адвокат Сергей Майоров
Адвокат Сергей Майоров

Аризада Бозоров у шу йилнинг 29 март куни бўлиб ўтган биринчи сўроқ жараёнида "катта эҳтимол билан ҳужум, шунингдек, ҳукуматпараст ОАВ ва блоглардаги қоралаш кампанияси буюртмачиси Комил Алламжонов бўлган деб тахмин қилишга барча асослари борлиги" ҳақида кўрсатма берганини айтади.

Адвокат Майоров Тошкент шаҳар прокуратурасидан ўз ҳимояси остидаги шахснинг кўрсатмалари юзасидан текширув олиб боришни сўрамоқда.

Озодлик бу икки блогернинг иддаолари юзасидан изоҳ олиш мақсадида Комил Алламжонов раҳбари бўлган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди билан боғланди. Фонд вакили иддаолардан хабари борлигини айтиб, уларнинг "мутлақо асосссиз" эканини таъкидлади. Алламжоновнинг ўзи ҳозирча иддаолар юзасидан расмий баёнот бергани йўқ.

Президентнинг собиқ матбуот котиби ва собиқ АОКА раҳбари Комил Алламжонов 7 июль куни ББС ўзбек хизматига берган интервьюсида "Ўзбекистон ўзини нотўғри информацион кампаниялардан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга экани"ни айтган ва ҳукуматнинг кураш услубларини ëқлаган эди.

У Ўзбекистон ҳукуматининг халқаро матбуот ташкилотлари томонидан танқид қилиб келинаётган Озодлик радиоси контентини блоклаш қарорини ҳам ҳимоя қилишга уринган.

Алламжонов ўз интервьюсида Ўзбекистон ҳукуматининг Озодлик радиоси контентини блоклаш қарорини ҳимоя қилишга уринган.
Алламжонов ўз интервьюсида Ўзбекистон ҳукуматининг Озодлик радиоси контентини блоклаш қарорини ҳимоя қилишга уринган.

Айни пайтда 9 июль куни адвокат Сергей Майоров оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилиб, ўз ҳимояси остидаги яна бир блогер Фозилхўжа Орифхўжаев билан кўришишга рухсат берилмаётганидан шикоят қилган. Унинг сўзларига кўра, 30 июндан буён ҳуқуқ-тартибот ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш идораларига бу борада қилган мурожаатлари жавобсиз қолаётир.

Майоровнинг билдиришича, Аброр Мухтор Алий тахаллуси остидаги блогер ва Ислом цивилизацияси маркази ходими Аброр Абдуазимов билан зиддият ортидан "майда безорилик"да айбланиб, 15 суткага қамалган Фозилхўжа Орифхўжаев 5 кун аввал "терроризмга алоқадорлигини текшириш" мақсадида Тошкент шаҳар ИИББ вақтинчалик тергов ҳибсхонасига кўчирилган.

Адвокат ўз ҳимояси остидаги шахс билан кўриштирилмаётганининг эҳтимолий сабаби унга нисбатан қийноқ қўллангани бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

"Балки менга Фозилхўжа Орифхўжаевнинг баданидаги қийноқ излари йўқолганидан кейин учрашув беришар", деб ёзган адвокат Сергей Майоров 9 июль куни эълон қилган баёнотида.

“Чегара билмас мухбирлар” дохил қатор халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда сайловлар йилида матбуот ва ижтимоий тармоқлар устидан назорат кучайтирилганидан хавотир билдирган.

“Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари мавжуд ва ҳукумат ҳануз матбуот устидан сезиларли назоратни ушлаб турибди. Блогерлар ҳануз таҳдидга учрамоқда, ҳибс қилинмоқда. Ҳукумат хорижий ва қувғиндаги журналистларга эшигини очди, аммо айрим ахборот воситалари, жумладан АҚШ молиялайдиган Озод Европа/Озодлик радиоси учун аккредитация олиш мушкуллигича қолмоқда”, дейилади “Чегара билмас мухбирлар”нинг олдинроқ эълон қилган баёнотида.

Ўтган ҳафта “Ўзкомназорат” "шахсий маълумотларни қайта ишлашдаги қонунбузарликлар" важидан баъзи ижтимоий тармоқларга чеклов ўрнатган.

3 июль куни эълон қилган баёнотида Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникация соҳаси назорати бўйича давлат инспекцияси "аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар белгиланган тартиб амалда бўлиши"ни маълум қилган.

Регулятор айнан қайси тармоқлар чекланганини айтмаган, аммо Тwitter, ТikТок ва ВКонтакте сингари ижтимоий тармоқ сайтлари фаолияти секинлашгани кузатилган. Фойдаланувчилар медиа-файллар секин юкланаётгани ёки умуман юкланмаётганини айтишмоқда.

Бир вақтнинг ўзида Ўзбекистондан VPN мобил иловаларини кўчириб олиш кескин ошиб кетрган.

Озодлик жорий йилнинг 20 майидан бошлаб Ўзбекистондаги давлат органлари ва ташкилотларида ўрнатилган ҳимоя тўсиқларини четлаб ўтиш мақсадида анонимайзер ва VPN иловаларидан фойдаланиш тақиқлаб қўйилгани ҳақида ёзган эди.

Президент Шавкат Мирзиёев 6 июль куни сўз ва матбуот эркинлигини чеклаши айтилаётган яна бир қонунни имзолаган.

Президент давлат хавфсизлик хизмати тўғрисидаги янги қонунга мувофиқ, президент хавфсизлик хизматига қўриқланадиган шахслар, яъни давлат раҳбари ва оиласи шаъни, қадр қимматига путур етказувчи, уларни камситувчи, шунингдек сиёсий фаолиятини обрўсизлантирувчи ахборот материаллари тарқатилишини аниқлаш ва унга чек қўйиш ваколати ҳам берилган.

XS
SM
MD
LG