Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:44

Таҳлил: Қуддусдаги тўқнашувлар ортида нима турибди?


Қуддуснинг яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар учун муқаддас бўлган Эски Шаҳар қисмида фаластинлик аёл Исроил хавфсизлик кучлари олдидан ўтмоқда - 10 май, 2021
Қуддуснинг яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар учун муқаддас бўлган Эски Шаҳар қисмида фаластинлик аёл Исроил хавфсизлик кучлари олдидан ўтмоқда - 10 май, 2021

Бир неча ҳафтадан буён Қуддуснинг яҳудийлар, насронийлар ва мусулмонлар учун муқаддас бўлган Эски Шаҳар қисмида ва унинг атрофида фаластинлик намойишчилар ва Исроил полицияси тўқнашмоқда.

Қуддус шаҳри 100 йилдан бери яҳудийлар ва араблар ўртасида тўқнашувлар саҳнаси бўлиб келади. Сўнгги тўқнашувлар бир ой олдин мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи кириб келиши билан бошланди. Бунга Исроил полицияси фаластинликлар ифторликдан кейин Эски Шаҳарнинг Дамашқ дарвозаси олдида тўпланиши олдини олиш мақсадида тўсиқ қўйгани туртки бўлди. Исроил тўсиқларни олиб ташлади, аммо ўнлаб араб оилани Шарқий Қуддус туманидан кўчириш режаси туфайли вазият кескинлашди.

Душанба куни Ҳарам аш-Шарифда Исроил полицияси фаластинликларга нисбатан кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллади. Фаластинликлар эса полициячиларни тошбўрон қилди. Тўқишувларда юзлаб намойишчи жароҳат олди, полициячилар ҳам яраланди.

Қуйида “Associated Press” агентлиги Қуддусдаги зиддият ва сўнгги зўравонликлар сабаблари ҳақида чоп этган мақола таржимаси билан танишингиз мумкин.

Икки давлат пойтахти

Исроил Қуддусни “бирлашган, абадий” пойтахт деб билади. 1967 йилги урушда Исроил Эски Шаҳар жойлашган Шарқий Қуддусни, шунингдек, Ғарбий Соҳил ва Ғазо минтақаларини босиб олган. Фаластинликлар ушбу ҳудудларда келажакда ўз мамлакатларини барпо этишни истайдилар. Улар Шарқий Қуддус бўлажак мамлакатлари пойтахти бўлишини хоҳлайдилар. Аммо Исроил шаҳарнинг шарқий қисмини ҳам эгаллаб олган. Исроил аннексияси халқаро миқёсда тан олинмаган.

Шарқий Қуддуснинг тақдири қарийб ўн йил олдин тўхтаб қолган тинчлик музокаралари давомида энг мунозарали масалалардан бири бўлган эди.

Душанба куни яҳудийлар Қуддус кунини нишонлашни режалаштираётган эди. Ҳар йили яҳудийлар Қуддус кунида Шарқий Қуддус босиб олинганини нишонлайди. Аввалги йилларда асосан диндор миллатчилардан иборат минглаб яҳудий бу кунда Эски Шаҳарнинг мусулмонлар яшайдиган маҳалларини босиб ўтарди. Фаластинликлар бу ҳолатни провокация деб баҳоларди.

Сўнгги кунларда радикал исроилликлар Шарқий Қуддусда бошқа тадбирларни ҳам уюштирди, натижада фаластинликлар билан бир неча тўқнашув содир бўлди.

Муқаддас тепалик

Душанба кунги тўқнашув Эски Шаҳардаги Ал-Ақсо масжидида ва масжид атрофида содир бўлди. Ал-Ақсо Ислом динидаги учинчи муқаддас масжид ҳисобланади. Унинг яқинида яна бир муқаддас масжид – Қуббат ус-Саҳро масжиди жойлашган. Муқаддас мажмуани мусулмонлар Ҳарам аш-Шариф деб атайди.

Девор билан ўралган тепалик яҳудийлар учун ҳам энг муқаддас жой бўлиб, улар тепаликни Маъбад тоғи ёки Ибодат тепалиги деб аташади. Сабаби бу ерда қадимда яҳудий ибодатхоналар жойлашган бўлган. Римликлар милодий 70 йилда Иккинчи ибодатхонани вайрон қилган. Бугунга кунгача фақат Ғарбий девор сақланиб қолган. Тепаликдаги масжидлар бир неча асрдан кейин қурилган.

Ҳозирда тепалик қўшни Иордания қироллиги Вақф вазирлиги қарамоғида. Тепаликка муайян вақтларда сайёҳлар киритилади, аммо уларда фақат мусулмонлар ибодат қилишлари мумкин. Ғарбий девор эса яҳудийлар ибодат қилиши мумкин бўлган энг муқаддас жойдир.

Сўнгги йилларда тобора кўпроқ диндор ва миллатчи яҳудий гуруҳлари полиция қуршовида Ҳарам аш-Шарифга кела бошлади. Бу ҳолат 1967 йилдан кейин Исроил, Иордания ва мусулмон диний идоралари келишиб олган қоидаларга зиддир. Фаластинликлар яҳудийларнинг ташрифлари-ю, ибодат қилишга уринишларини провокация деб билишади. Яҳудийларнинг бу ҳаракатлари кўпинча жанжал ёки жиддий зўравонлик келтириб чиқаради.

Баъзи исроилликлар тепалик барча диндорлар учун очиқ бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Фаластинликлар Исроил охир-оқибат тепаликни эгаллаб олишидан ёки уни бўлиб олишидан хавотир олиб, бунга рози бўлмай келади. Исроил расмийлари ҳозирги вазиятни ўзгартириш ниятлари йўқлигини айтишмоқда.

Исроилликлар 52-марта Қуддус кунини нишонлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:12 0:00

Камситиш сиёсати

Шарқий Қуддусда туғилган яҳудийлар Исроил фуқароларидир. Аммо у ерда туғилган фаластинликларга доимий яшаш ҳуқуқи берилади, холос. Агар улар шаҳар ташқарисида узоқ вақт яшасалар, уларнинг истиқомат учун берилган гувоҳномалари бекор қилиниши мумкин. Улар фуқаролик олиш учун ариза топширишлари мумкин, аммо бу узоқ ва ноаниқ жараён. Қолаверса, фаластинликлар Исроил назоратини тан олмайдилар, шунинг учун аксар фаластинлик Исроил фуқаролигини олиш ҳақида ўйламайди ҳам.

Исроил Шарқий Қуддусда яҳудийлар турар-жойларини барпо этиб, уларга тахминан 220 минг кишини кўчирди. Бу фаластинликлар яшайдиган маҳаллалар ўсишини кескин чеклаб қўйди. Натижада зич яшашга мажбур бўлаётган фаластинликлар бузилиш хавфи остида бўлган минглаб уй қурган.

Исроилда жойлашган “BʼTselem” ҳуқуқ ҳимоя қилиш ташкилоти ва Нью-Йоркда жойлашган “Human Rights Watch” ташкилоти сўнгги ҳисоботларида Шарқий Қуддусдаги камситувчи сиёсатга урғу бериб, Исроилни апартеид жиноятида айблади. Исроил Қуддус аҳолисига тенг муносабатда эканини иддао қилиб, бу айбловларни рад этди.

Кўчириш таҳдидлари

Сўнгги тўқнашувлар апрель ойи ўртасида, Рамазон ойи кириб келиши ортидан бошланди. Бунга Исроил полицияси фаластинликлар ифторликдан кейин Эски Шаҳарнинг Дамашқ дарвозасида тўпланиши олдини олиш учун тўсиқ ўрнатгани туртки бўлди.

Кейинчалик улар тўсиқларни олиб ташлади, аммо Шарқий Қуддуснинг Шайх Жарраҳ маҳалласидан ўнлаб фаластинлик оилани кўчириш таҳдиди туфайли норозиликлар авж олди.

Бу оилалар Эски Шаҳар яқинидаги гавжум араб маҳаллаларда мулк сотиб олишга интилаётган яҳудийлар билан узоқ муддатдан бери судлашиб келади. Исроил тортишувларни хусусий кўчмас мулк можароси сифатида тасвирламоқда, аммо ўз уйидан айрилиш таҳдиди остидаги фаластинлик оилалар тақдири дунё эътиборини тортди.

Трамп Қуддус шаҳрини Исроил пойтахти сифатида тан олди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:17 0:00

Минтақадаги зиддият

Қуддусдаги ва, хусусан, Ал-Ақсодаги тўқнашувлар кўпинча бутун минтақа бўйлаб ўз таъсирини кўрсатади.

Ғазода ҳукмронлик қилаётган “Ҳамас” жангари гуруҳи аҳолини исёнга чорлаб келади. Охирги суткаларда Исроил ҳудудига “Ҳамас” ракета ва ёнувчи модда солинган шарларни отди.

Бундан ташқари, Ғарбий соҳилда ва Исроил ичидаги араб маҳаллаларда норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ўтган ҳафта Иордан дарёсининг ғарбий соҳилида содир бўлган қонли отишмалар ҳам кескинликни кучайтирди.

Иордания ва Исроил билан дўстона алоқада бўлган бошқа араб давлатлари намойишлар бостирилганини қоралади. Исроилнинг азалий душмани Эрон эса Фаластин ҳужумларини рағбатлантирмоқда.

АҚШ ва Европа Иттифоқи зўравонликни қоралади ва мажбурий кўчиришлар юзасидан хавотир изҳор қилди.

XS
SM
MD
LG