Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:50

Собиқ милиционер хотини, қайнона-қайнотаси ва ўзини пичоқлади. Бир киши ўлди


Фарғона вилоятида собиқ милиция ходими Ҳакимжон Соҳибов 29 июль куни хотини, қайнона-қайнотасини пичоқлагани Озодликка бугун маълум бўлди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, фожиа оқибатида Соҳибовнинг хотини ўлган, қайнона ва қайнотаси касалхонага ётқизилган.

Яқинларига пичоқ урган собиқ милиционер ўзини ҳам пичоқлаган ва оқибатда у ҳам касалхонага ётқизилган.

Воқеа 29 июль куни Фарғона вилоят, Данғара туман, Уч уйли қишлоғи, Олтиқўш МФЙ ҳудудида содир бўлган. Бу ҳақда воқеа тафсилотларидан яхши хабардор данғаралик Озодликка хабар қилди.

“29 июль куни тунги соат 24ларда шу воқеа бўлган. Қўшним Эргашевларнинг куёви пичоқ билан уларникига бостириб келган. Аввал ухлаб ётган хотинини қўлидаги пичоқ билан 7-8 марта пичоқлаган. Кейин бақир-чақирни эшитиб, хонага кирган қайнонасига бир неча марта пичоқ тиққан, сўнг қайнотасини ҳам пичоқлаган. Охирида пичоқни ўзига урган. Хотини ўлган, ўзи ва қайнона-қайнотаси шифохонага ётқизилган”, деди данғаралик йигит.

Данғара туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан олинган маълумотга кўра, Эргашевлар оиласини пичоқлаган шахс, ҳақиқатан ҳам уларнинг куёви бўлиб, у собиқ милиция ходимидир.

“Ушбу жиноятни содир қилган шахс 1965 йилда туғилган Соҳибов Ҳакимжон Солиевич. У Ангрен шаҳри, Янгиобод шаҳарчасида яшайди. Ангрен шаҳар Ички ишлар бўлимида участка инспектори бўлиб ишлаган. 2001 йили пенсияга чиққан”, деди ҳуқуқ-тартибот идоралари ходими исмини очиқламаслик шарти билан.

Воқеа тафсилотларидан хабардор яна бир данғараликка кўра, Ҳакимжон Соҳибов оилавий келишмовчилик боис ушбу жиноятга қўл урган.

“Ҳакимжон Қозоғистонга ишлагани кетган экан. У уйида йўқ пайти хотини Ангрендан Фарғонага ота-онасиникига келганини билиб қолган. Кейин келиб, жаҳл устида уларни пичоқлаган”, деди исмини очиқламасликни сўраган данғаралик аёл.

Данғара туман шифохонасидан олинган маълумотга кўра, Ҳакимжон Соҳибовнинг рафиқаси, 29 яшар Ҳ.Соҳибова олган тан жароҳатлари билан шифохонага олиб келинган вақтда вафот этган.

"Ҳ. Соҳибованинг кўкрак қафаси ва сон соҳаларига беш маротаба пичоқ билан урилган. Олган жароҳатлари жуда оғир эди. Уни сақлаб қолиш имкони бўлмади", деди шифохона ходимларидан бири.

Ҳ. Соҳибова 30 июль куни дафн қилинган. Унинг 1,5 яшар фарзанди воқеа пайти қаерда бўлгани Озодликка маълум эмас.

Шифохона ходимига кўра, Ҳакимжон Соҳибовнинг қайнона-қайнотаси даволаниб, шифохонадан чиқарилган.

“Шу куни операция кўп бўлгани боис Ҳакимжон Соҳибов Қўқон шаҳар касалхонасига жўнатилди.У чап кўкрак қафасига уч марта пичоқ урган экан. Бизда унинг қайнонаси ва қайнотаси қолди. Қайнонасининг кўкрак қафаси ва чап елкасидан уч марта пичоқ урилган, бироқ ички аъзоларига жиддий шикаст етмаган. Қайнотасининг ўнг қўл кафт ва билак соҳаларига пичоқ урилган. Биз иккаласини ҳам даволаб, аҳволи яхшилангач, уйига рухсат бердик”, деди шифохона ходимларидан бири.

Қўқон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси ходими эса, ҳозирда Ҳакимжон Соҳибовнинг аҳволи яхшилигини айтиш билан чекланди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг Озодликка билдиришича, ушбу воқеа бўйича 30 июль куни Данғара туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 97- моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1- қисми бўйича жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ушбу жиноят иши Бош прокуратура назоратига олинган.

XS
SM
MD
LG