Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:51

Россиядан келаётган ўзбек муҳожирлари чегарада тўпланмоқда. Қозоғистон ўтказмаяпти


Ўзбек муҳожирлари транзит очиб беришни сўрамоқда.
Ўзбек муҳожирлари транзит очиб беришни сўрамоқда.

11 майдан бошлаб Россия ва Қозоғистон чегарасида ўз юртига кетаётган юзлаб ўзбек муҳожирлари тўплана бошлади. Улар Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларидан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит йўлини очиб беришни сўрамоқда.

Қозоғистон расмийлари эса, коронавирус билан вазият қўшни давлатларда яхшиланмагунича мамлакат чегараси очилмаслигини билдирди.

Россиянинг Қозоғистон билан чегарадош Оренбург областидаги “Маштаково” чегара назорат пунктида юзлаб ўзбек муҳожирлари йиғилиб қолди.

Озодлик билан суҳбатда ўзбек йўловчилари Қозоғистон 11 май куни чегарани очишига ишониб, йўлга чиққанини гапирди.

Фарруҳ исмли муҳожирлардан бирининг айтишича, йўловчиларнинг бир қисми чегарада 10 кундан бери турибди:

- Биз Оренбург вилояти Маштаково деган чегара пунктидамиз. Бу ерга машиналар 10 кун олдин келган. Таможняни 11 куни очади, деганди. Лекин, 11 куни ҳам Қозоғистон очмаяпти-да. Бу ерда 400-500 одам бор. Яна иккита автобусда тўла одам. Ҳаммаси Ўзбекистон фуқаролари. Шу ерда 100 тача қирғизларнинг машинаси бор эди - улар ўтиб кетди икки партия бўлиб. Уларнинг ҳаммасини Оренбургга йиғиб, колонна қилиб олиб кетишди.

Маълумотларга қараганда, Россия-Қозоғистон чегарасидаги бошқа назорат пунктларида ҳам ўзбекистонликлар йиғилмоқда.

Фарруҳ чегарага йиғилаётган Ўзбекистон ватандошлари ўзбек ва қозоқ ҳукумат вакилларидан Қозоғистон орқали транзит йўлни очиб беришни сўраётганини айтади:

- Бугурусландаги пунктни ёпгани учун Оренбургда ҳам 15-20 машина турибди. Асосий автомобиль ўтадиган постлар Маштаково, Оренбургдаги “Сагарчин” ва “Озинки”. Қозоғистонлик чегарачилар билан гаплашиб кўрдим. Улар менга “11 май куни очилиши 50/50 - аниқ эмас!”, деган эди, ҳозир ҳам шу гапни айтяпти.

Ҳозир бу ерда 100-150 машина бўлиб, битта шароити йўқ стоянкага йиғилди. Одам кўпайиб кетганидан кейин бу ерни полиция ОМОНи ўраб олди ва ташқарига чиқишга тақиқ қўйди. Магазинга икки киши продуктага бориб келади, тамом. Одамлар машинани ичида ётибди, карантин ўрнатган. Бизларни талаб қилаётган нарсамиз битта - бизга уйга етиб олиш учун Қозоғистон орқали 3 кунлик коридор очиб берсин, бўлди!

Бухоролик муҳожир бундан 10 кун олдин етиб келган ўзбекистонликлар чегарадан ўтолмасдан, Оренбург ва назорат пункти атрофидаги бошқа йирикроқ шаҳарчаларда йиғилишиб ижарага квартира ва уйларни олиб, яшаб турганини билдирди.

Фарруҳ йўлга чиққанидан бери машинада ётиб юришга мажбур бўлаётганини ҳам маълум қилди.

Айни дамда, Озодлик суҳбатлашган бир қатор бошқа мусофирлар Россия-Қозоғистон чегараси томон йўлга чиқиш-чиқмаслик масаласида иккиланаётганини билдирмоқда.

Ульяновск вилоятида меҳнат қилиб келган сўхлик Ҳайитбойнинг айтишича, у яшаётган жойдан қарийб 50 муҳожир чегара томон йўлга чиқишга шайланиб турибди. Ҳайитбой ишсиз-маблағсиз қолган ўзбекистонликлар учун Россиядан машинада чиқиб кетишдан бошқа йўл қолмаган, дейди:

- Мен яшаётган жойдан 50 тача одам машиналарда Фарғона вилоятининг Сўхигача бормоқчимиз. Иложимиз қолмаяпти. Машинада кетамиз, фақат чегара очиладими-йўқми - шуни кутиб ётибмиз. Одамлар қийин аҳволда қолди пулсиз-жойсиз. Очилса - бугуноқ чиқамиз йўлга.

Озодлик таҳририятига Москва, Санкт-Петербург, Владимир, Воронеж ва Россиянинг бошқа ўлкаларидан мурожаат қилаётган кўплаб ўзбек мигрантлари ҳам Қозоғистон чегарасининг очилишини интизорлик билан кутаётганини айтмоқда.

Қозоғистон расмийлари: "Қозоғистон ҳозирча чегараларни очмайди"

Қозоғистон ҳукумати 10 май куни чоп этган 36-сонли қарори билан Қозоғистонда Фавқулодда вазият тугатилгани, аммо 11 майдан мамлакат карантин ҳолатида қолишини эълон қилди.

Хусусан, мамлакатга кириб келаётган барча шахслар 2 кун давомида коронавирусга текширилиб, 14 кунлик карантинга жойлаштирилиши; транзит йўл билан кетаётган ҳайдовчилар ва йўловчилар ҳам лаборатория текширувлардан ўтказилиши мажбурий экани белгиланди.

8 май куни маҳаллий журналистлар саволларига жавоб берган Жамоатчилик соғлигини сақлаш миллий маркази директори Дамир Кобжасаров Қозоғистон ҳозирча ташқи чегараларини очмаслиги тўғрисида баёнот берган эди.

- Биз чекловларни олиб ташлашда халқаро вазиятни инобатга олишимиз зарур. Бизда вазият яхшиланганини кўриб, биз чекловларни олиб ташласак ва бошқа мамлакатлардан йўловчилар ўтишига йўл қўйсак, мамлакатимизда вазиятни яна мураккаблаштириб қўйишимиз мумкин, дея тушунтириш берганди Қозоғистон бош санитар врачи.

Қозоқ расмийлари Россияда коронавирус билан боғлиқ вазият оғирлигича қолаётгани туфайли бу мамлакатдан келаётган муҳожирларга эътибор кучли бўлаётганига ишора қилмоқда.

Қозоқ ҳукумати коронавирус эпидемияси билан боғлиқ чекловлар босқичма-босқич олиб ташланишини айтмоқда. 12 майда олинган расмий маълумотларга кўра, Россия коронавирус юқтирганлар сони жиҳатидан дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ўринга чиқди. Россияда тест орқали тасдиқланган касаллик ҳолатлари 232 мингдан ошди, 2116 киши ўлди.

Озодлик суҳбатлашган Қозоғистон чегара хизмати ходимлари ҳозирча чегара очилиши масаласида юқоридан ҳеч қандай аниқ кўрсатма келмагани ва транзит масаласи ҳам ҳукуматлараро келишувлар ваколати эканини гапирди.

Қирғизистон чегарадаги гражданларини автобусларда олиб чиқмоқда

2020 йилнинг 7 май куни Россиянинг Оренбург вилоятида Қозоғистон билан чегарадош ҳудудда тўпланиб қолган 541 нафар қирғизистонликка бир марталик транзит учун Қирғизистонга йўл очиб берилди. Бу хабарни Озодликка тасдиқлаган Қирғизистон Республикаси элчилигига кўра, одамлар махсус автобусларда Қозоғистон ҳудуди орқали Қирғизистонга олиб кирилди.

Қирғизистон элчихонаси вакиллари автобусларда транзит йўли билан кетган гражданлар ўз машиналарини Соль-Илецк, Оренбург ва бошқа шаҳарлардаги стоянкаларда чегаралар очилгунгача қолдиришга мажбур бўлганини билдирмоқда.

Қирғизистон томонига кўра, охирги бир неча кунда йиғилган яна 300 нафар қирғиз ватандоши Оренбургнинг Бузулук туманидаги болалар лагерига транзитга рухсат берилгунгача вақтинчалик жойлаштирилди.

30 апрель куни Россиянинг турли минтақаларидан йиғилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар автоколоннада Ўзбекистон томон йўл олгани ҳақида Озодлик хабар берганди.

Карантин даврида ишсиз ва пулсиз қолган муҳожирлар кутишдан чарчаб¸ шундай тўхтамга келганини айтган эди.

XS
SM
MD
LG