Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:37

Россиядаги ўзбек талабалар "Меҳр"дан кутилган 12130 рубль эмас, 5660 рубль оладиган бўлди


Ёрдам пулини олиш учун "Мехр.рф" сайти орқали мурожаат қилиш лозим
Ёрдам пулини олиш учун "Мехр.рф" сайти орқали мурожаат қилиш лозим

Ўзбекистоннинг Россиядаги Элчихонаси ва бошқа дипломатик ваколатхоналари таъсис этган “Меҳр” хайрия лойиҳаси Россияда оғир аҳволга тушиб қолган ўзбекистонликлар, шу жумладан талабаларга 12130 рублдан бир марталик молиявий ёрдам кўрсатишини эълон қилган эди.

Озодликка билдиришича, талабаларга ёрдам миқдори 50% га қисқарган ва бундай қарор қабул қилиниши Россияда талабаларга бериладиган стипендия миқдори билан боғлиқ.

Элчихона расмийлари хайрия ёрдамининг нега Россияда қабул қилинган меъёрларга боғлаб қўйилганини тушунтира олмади.

Куни кеча Ўзбекистоннинг Россиядаги бош ваколатхонаси томонидан Россиядаги ўзбекистонликларнинг 5 тоифаси - ногиронлар, қарамоғида 2 ёшгача фарзанди бўлган аёллар, ҳомиласи 7 ойликдан ошган аёллар, коронавирус билан касалланганлар ва талабаларга моддий ёрдам кўрсатишини эълон қилган эди.

Екатеринбургда ўқиётган ўзбекистонлик талаба Озодликка бундай деди:

“Меҳр” фонди Россиядаги талабаларга 12130 рубль ёрдам қилади, деб расмий хабар берилди. Лекин Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги консуллик хизмати “талабаларга 5600 рубль берамиз”, деб айтишяпти. Расмий ҳужжат сўрасак, Москвадаги элчихонадан маълумот оласизлар, дейишди. Элчихона билан умуман боғланиб бўлмаяпти. Элчихонани расмий сайтида ҳаммага бир хил 12130 рубль берилади деб ёзилган".

Озодликка келиб тушган видеоёзувлардан бирида Ўзбекистоннинг Екатеринбургдаги Бош консуллигининг 1-котиби Бекжон Қувонов олдин эълон қилинган расмий хабарнома матнида “талабаларга 5660 рубль берилади” деган жой тушиб қолганини тушунтиришга уринади:

- Янгиликларда кўрсатилган пул миқдори бизларнинг элчихонамиз маълумотларига таянган ҳолда олинган. Элчихонамизда талабалар учун кўрсатилган миқдор қолиб кетган, яъни “талабаларга 5660 рубль берилади” деган жой тушиб қолган матнда. Шу учун, алоҳида кўрсатилмаган. Лекин, ўрнатилган тартиб бўйича ҳукумат томонидан тасдиқланган меъёр асосида талабаларга 5660 рубль миқдорида пул белгиланган. Агар ҳукумат томонидан 12130 рубль белгиланганда эди, мен уни ортиқчасини киссамга олиб, ярмини бериш менинг режамда, мақсадимда йўқ.

Озодлик сўровидан кейин Бош Консулликнинг расмий саҳифасида бу масалага оид қўшимча тушунтириш берилди. Унда ногирон, ҳомиладор ва болали аёллар, коронавирус юқтирган ўзбекистонликлар - 12130 рубль, талабалар эса 5660 рублдан олиши аниқ белгилаб қўйилди.

Бироқ, консуллик раҳбари нима сабабдан хабарномада айнан талабаларга аввал кўрсатилган сумманинг ярми берилиши режалаштирилаётгани масаласида аниқ жавоб бера олмади.

Талабалар саволини Озодлик Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси матбуот хизматига ҳам берди.

Элчихона матбуот хизмати раҳбари Шаҳриёр Турғунбоев ҳам Россияда таҳсил олаётган талабалар 5660 рублдан олишини тасдиқлаб, буларди деди:

- Талабаларга консулликда қанақа сумма айтилган бўлса, ўша сумма белгиланган. Демак, ўша 5660 рубль белгиланган. Минималканинг 50 фоизи уларга белгиланган сумма.

Нима сабабдан талабаларга айтилган сумманинг ярми берилмоқда, деган савол ҳозирча очиқлигича қолди.

Россия қонунчилигига мувофиқ, Москва, Москва вилояти, Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятидан ташқари Россия Федерациясининг қолган субъектларидаги минимал иш ҳақи дарҳақиқат 12130 рубль қилиб белгиланган.

Ўзбекистон элчихонаси Россияда оғир вазиятга тушиб қолган ватандошларга 2020 йил 14 майдан моддий ёрдам берилишини эълон қилган эди.

“Меҳр” хайрия лойиҳаси доирасида кўрсатиладиган молиявий ёрдам бир марталик экани билдирилган.

“Мазкур ёрдам Россияда белгиланган меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан (12130 рубль) келиб чиққан ҳолда бир марталик пул маблағини фуқаронинг банк картасига ўтказиб бериш шаклида амалга оширилади”, дейилган баёнотда.

Шунингдек, расмий хабарномада бир марталик моддий ёрдам Россия Федерациясидаги қуйидаги тоифадаги Ўзбекистон Республикаси фуқароларига тўлаб берилиши айтилди:

1.Ногиронлар – тегишли тасдиқловчи ҳужжат (маълумотнома) тақдим этилган тақдирда;

2.Қарамоғида 2 ёшгача фарзанди бўлган аёллар – зарур тасдиқловчи ҳужжатлар (боланинг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳнома) тақдим этгилган ҳолда;

3.Ҳомиласи 7 ойликдан ошган аёллар – зарур тасдиқловчи ҳужжатлар (тиббиёт муассасидан маълумотнома) тақдим этилган ҳолда;

4.КОВИД-19 вируси тасдиқланган шахслар – тегишли тасдиқловчи ҳужжат асосида;

5.Россия олий ўқув юртлари кундузги бўлимларида таҳсил олаётган талабалар – ўқиш жойидан тегишли маълумотнома асосида.

Молиявий ёрдамни олиш ҳуқуқи борлар (яъни юқоридаги тоифалардан бирига кирувчилар) элчихона томонидан махсус ишга туширилган ўзбек ва рус тилларидаги “Мехр.рф” электрон сайти орқали мурожаат юбориш лозим.

Молиявий маблағларни ажратиш жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида, элчихона ҳар ҳафта ўз расмий сайтида ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида тегишли ҳисоботлар эълон қилиб боришини маълум қилди.

Ўзбекистон элчихонаси "Меҳр" хайрия акцияси қатор ҳомийлар ва ҳамкорлар, жумладан тадбиркор Алишер Усмонов кўмагида амалга оширилаётганини ҳам билдирди.

XS
SM
MD
LG