Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:30

Россия жаҳон чемпионатига нафақат иқтисодий, балки сиёсий капитал ҳам тиккан


Сиёсатни спортга аралаштирманг деган иборани шу кунларда Москва кўчаларида кўп эшитиш мумкин. Бироқ футбол бўйича шу йилги Жаҳон чемпионатида бунинг иложи йўқ. Россия мусобақани халқаро санкциялар остида ўтказмоқда. VOAнинг Москвадаги мухбири Генри Рижвелнинг хабар беришича, Россия Президенти Владимир Путин Жаҳон чемпионатини халқаро изоляциядан чиқиш учун бир имконият деб кўраркан, Россиянинг дунёдаги имижини яхшилашга уринмоқда.

Пайшанба куни бошланган Жаҳон чемпионати Россия учун омадли бўлди. 5-0 ҳисобида Саудия Арабистони устидан эришилган йирик ғалаба мамлакат кўчаларида катта хурсандчилик билан қутланди.

“Путин учун бу мусобақа жуда катта аҳамиятга эга - ўзининг иккинчи юзини, дўстона, очиқ юзини кўрсатиш учун. Жаҳон чемпионати Россиянинг, Путиннинг имижини яхшилашга қаратилган", - дейди Карнеги марказининг Москвадаги идораси таҳлилчиси Андрей Колесников.

Россияни 2014-йилда Қримни ўзига қўшиб олишда, Украина шарқига қўшин юборишда, Малайзия ҳаво йўлларига қарашли самолётни Украина узра уриб туширишда, Сурияда Башар Ассадни қўллаб-қувватлашда, Британияда собиқ жосус Сергей Скрипал ва унинг қизини заҳарлашда айблаётган Ғарб сўнгги тўрт йилдан бери Путинни яккалаш сиёсатини олиб бормоқда.

“2014-йил бошида Сочида Қишки Олимпия ўйинларига мезбонлик қилиб имижини яхшилаган Россия мусобақа якунланмасидан Қримни ўзига қўшиб олиб бу обрўни тез бой берди. Ҳозир ҳам футбол мусобақасидан ўзини қудратли давлат қилиб кўрсатиш учун фойдаланмоқда. Жаҳон чемпионатида қатнашаётган Ғарб давлатлари эса Путинга шуни намойиш этишга имконият яратаётгандек", - дейди Лондондаги Генри Жексон жамияти эксперти Эндрю Фоксхол.

Мусобақа муваффақияти Кремл учун ўта муҳим, дейди у.

“Мухлислар учун геосиёсият футболдан, хурсандчиликлардан кейинги ўринда турибди ҳозир. Бироқ мусобақада қатнашаётган Ғарб давлатлари Россия Жаҳон чемпионати ёрдамида ўзининг глобал саҳнадаги қилмишларини оқлаши мумкинлигидан хавотирда", - дейди Генри Рижвел.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Россия изоляциясига чек қўйиш учун бу кам.

“Афсуски, етказилган зарарни қоплаш учун кўп ишларни қилиш керак. Ҳозирги сиёсий вазиятда Россия Донбассдаги можарони ҳал этишга ожиз, Қримни ҳам Украинага қайтармайди. Бунга жуда кеч ҳозир. Россия Ғарб билан жиддий мулоқотга тайёр эмас, бунга сиёсий ирода етишмайди”, - дейди Андрей Колесников.

Таҳлилчи Эндрю Фоксхол назарида, Сочи Олимпиадаси ва Жаҳон Кубоги билан бир қаторда Путин Сурия ва Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли мамлакатдаги юқори рейтингини ушлаб турибди.

“Бу рейтинг тушиб кетмаслиги учун Путин яна нима қиларкан деган савол ўз-ўзидан келиб чиқяпти”, - дейди эксперт.

Бу саволга футбол бўйича Жаҳон чемпионати ўтганидан анча кейин жавоб топиш мумкин.

XS
SM
MD
LG