Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:40

Президент Трамп ваъда қилган девор: Қанчаси қурилди?


 Трамп Мексика билан чегарада қурилаётган девор олдида.
Трамп Мексика билан чегарада қурилаётган девор олдида.

Рио-Гранде дарёси - АҚШ ва Мексика ўртасидаги табиий тўсиқ. Баъзилар ундан контрабанда учун фойдаланади. Чегарада назорат кучли.

“Дарё орқали АҚШга наркотиклар олиб киришга ҳамда қурол ва ўқ-дори олиб чиқишга ҳаракат қилишади. Одам ва маҳсулот савдоси билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар айрим ҳудудларни ўзиники деб билади”, - дейди Техаснинг Ларедо шаҳрида чегара хизмати вакили Метю Худак.

Техас томонидан чегаранинг 270 километрга чўзилган бу секторини назорат қилиш қийин.

“Ходимлар, технологиялар ва инфратузилмага бирдек таянамиз”, - дейди Худак.

Дональд Трамп президентликка келишидан олдин ҳам АҚШнинг 3000 километрни ташкил этувчи жанубий чегарасида айрим тўсиқлар бўлган.

Оқ уйга ҳаракат қилаётганда Трамп чегарада баҳайбат девор қуришга ваъда берди.

2016 йилда, президентликка номзодларни саралаш жараёни кетаётганда Трамп девор масаласини қайта-қайта кўтарган.

“1600 километр бўлиши керак. Барча материаллар бор. Чиройли қилиб қурамиз”, деган эди у.

Ўтган ҳафта дебатда Трамп 2020 йилги рақамларни тилга олди, 644 километри қуриб битказилганини таъкидлади.

Божхона ва чегара хавфсизлиги хизмати расмийси Марк Морган қурилиш ҳақида шундай дейди:

“Девор 644 километрга етай деб қолди. Йил охиригача 725 километр бўлишига ишонаман. Президент бизга 1175 километр девор қуриш учун маблағ етказиб берган”.

Чегара деворини барпо этиш учун тахминан 15 миллиард доллар, дейди Морган, Ички хавфсизлик ва Мудофаа вазирликларидан келади. Конгресс эса 1,3 миллиард доллар ажратган. Бироқ президентнинг пулни деворга сарфлашга ҳаққи йўқ, дейди фаоллар. Масалани Олий суд кўриб чиқади.

“Конгресс томонидан ажратилмаган пулни сарфлашга унда ваколат йўқ”, - дейди АҚШ Фуқаро эркинликлари уюшмасидан Дрор Ладин.

Ҳукумат эса девор қуриладиган жойда ерини сотишдан бош тортаётган фуқароларни судга берган. Танқидчилар назарида девор қурилиши исрофгарчиликдан бошқа нарса эмас.

Ҳозирча қурилиш давом этяпти. Эски тўсиқлар ўрнида ҳамда аввал тўсиқлар бўлмаган ҳудудларда ҳам девор кўтариляпти. Хавфсизликни кучайтириш учун янги деворлар ёритиш системалари билан жиҳозланган. Атрофда янги йўллар ҳам қурилмоқда. Кузатув ускуналарини сунъий интеллект бошқаради.

Демократларга кўра, девордан кўра кўпроқ кузатув технологияларидан фойдаланган маъқул. Морганнинг таъкидлашича, натижа бўлиши учун ҳаммаси бирдек муҳим.

“Шунда ноқонуний иммиграция ҳам, наркотиклар савдоси ҳам, чегарачиларга ҳужумлар ҳам камаяди”, - дейди расмий.

Яқин орада яна қанча девор қурилиши Олий суд қарорига ҳамда 3 ноябрдаги сайлов натижасига боғлиқ.

XS
SM
MD
LG