Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:54

Ортиқхўжаевнинг “Мовий гумбазлар” хиëбонини бузиш режаси норозиликка сабаб бўлди


Тошкентлик фаол Фарида Шариф хиëбон ҳимоясига чиқди
Тошкентлик фаол Фарида Шариф хиëбон ҳимоясига чиқди

Тошкент шаҳар ҳокимияти жорий ҳафтада мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан Тошкент марказидаги «Мовий гумбазлар» хиёбони ва шу номдаги тарихий кафе биноси бузилиб, ўрнида «Истиқлол» мажмуаси барпо этилишини эълон қилди.

Ҳокимият баëнотида “Ўзбекистоннинг 3 минг йиллик ва яна 30 йиллик шонли тарихи ва истиқлол учун қонли курашини ифодалайдиган монументал мажмуа” барпо қилиниши ҳақида сўз боради.

"Мовий гумбазлар" кафеси 1970 йилда қурилган
"Мовий гумбазлар" кафеси 1970 йилда қурилган

4 февраль куни “Снос” гуруҳи ташкилотчиси¸ журналист Фарида Шариф “Мовий гумбазлар” кафеси олдида пикет ўтказди. Таниқли рассомлар сулоласи вакили¸ Россия дизайнерлар иттифоқи аъзоси Ғайрат Қўзибоев ўзининг Facebook саҳифасидаБрежнев даври меъморчилигининг анчайин етук намунаси сифатида бизгача етиб келган бино ва хиëбонни бузиш режасини қоралаб чиқди.

Бир кишилик пикет. Фарида Шариф
Бир кишилик пикет. Фарида Шариф

Бу танқидларга президентнинг тўнғич қизи ҳам қўшилгани ортидан Тошкент шаҳар ҳокимлиги мармар¸ бетон ва бошқа қурилиш материалларидан яратиладиган мажмуа қурилиши пайтида дарахтлар кесилмаслигини айтиб, ўз қарорини оқлашга уринди. Аммо ҳокимлик ўз баëнотида меъморчилик намунаси бўлган “Мовий гумбазлар” кафеси бузилмайди, деб ваъда бермаган.

Мовий гумбаз ўрнида истиқлол минораси тикланади

Тошкент ҳокимлигидаги кенгашлардан бирининг аъзоси¸ шаҳарсозлик бўйича мутахассис, 36 яшар дизайнер Ситора Раҳимовага кўра¸ давлат бюджети ҳисобидан астрономик сумма сарфланиб қуриладиган бу иншоотни "ким қуриши аллақачон тасдиқланган".

“Номига конкурс ўтказилиб, 10 март куни ғолибнинг исми айтилади. Тожикистон пойтахти Душанбе марказидаги “Истиқлолият” деган псевдо монументнинг нусхаси бўлади. Мақсад “биз ЕОИИга аъзо бўлсак ҳам мустақилликни севамиз” дея зиëлиларни тинчлантириш ва бюджет пулини талон - торож қилиш. Бу мажмуанинг архитектура ва санъатга алоқаси йўқ. Мустақиллик майдонидаги фонтанни ва "Дом кино"ни қандай йўқ қилишган бўлса, «Мовий гумбазлар» хиёбонини ҳам шундай йўқ қилишмоқчи”.

Боғдан мосуво қилманг!

Тошкентлик журналист Никита Макаренконинг Озодликка айтишича, “ҳокимлик” тайëр боғни бузиш эвазига мустақилликни улуғламоқчи:

“Мен мустақиллик стелласи қурилишига қарши эмасман. Лекин шаҳар марказида сақланиб қолган охирги паркни бузиш эвазига стелла қурилмасин. Қурилиш чоғида биттаям дарахтни кесмаслик ҳақидаги ҳокимлик ваъдасига умуман ишонмайман. Ҳокимият бу борада кўп марта бизни алдаган. Пировардида қурилиш майдонидаги бутун дарахтларни кесиб ташлашган. Уларнинг ваъдаси жуда кулгили. Шаҳарликлар кўпроқ парк ва боғ-роғлар бўлишини талаб қилмоқда. Шаҳар аҳолиси ëз жазирамасида бир тутам соя берадиган оғоч йўқлигидан ҳолсизланади. Ҳокимлик бўлса, шаҳарликларнинг сўнги паркини ҳам тортиб олмоқчи. Мен мустақилликнинг 30 йиллига ҳеч кимга қувонч ва ҳаловат бермайдиган гигант стелла эмас, балки шаҳарнинг "кал қисмлари"да боғ яратишни таклиф қиламан. Орадан 20 йил ўтиб бу боғнинг улкан дарахтлари мустақилликнинг 50 йиллигига алëр айтсин. Бу барчани бирлаштирадиган ғоя. Балки бу боғ марказида мустақиллик стелласи ҳам қўйилар. Шаҳарликлар бу ғояни олқишлаган бўлар эди. Фақат шаҳарнинг бўм- бўш, тап-тақир ерини танланг. Бор нарсани бузманг. Боғни вайрон қилманг. Биноларни бузманг!”

"Мовий гумбазлар" ўрнида шу тахлит ëдгорлик қурилиши мумкин
"Мовий гумбазлар" ўрнида шу тахлит ëдгорлик қурилиши мумкин

Нега “Мовий гумбазлар”?

Ўзбекистонлик рассом Нўъмонжон Холмирзев 50 йилдан бери Тошкентнинг ташриф қоғози хисобланган “Мовий гумбазлар” кафеси бузилиши ортида “откат” тужжорлари ва шаҳарга фақат фойда олиш кўзи билан қарайдиган "очкўз мулозимлар" турганини айтади:

“Мовий гумбазлар” хиëбонида Ботир Зокиров ашула айтиб клипга тушган. Рассомлар Академияси ва ЦУМ оралиғидаги яшил оролча. Бу яшилликни севмаслик фақат очкўз амалдорларга хос бўлиши мумкин. Нега “Мовий гумбазлар”? Бошқа ер қуриб қолибдими? Буни ортида “откат” тужжорлари турганига ишонаман”¸ - дейди рассом.

Дизайнер Ситора Рахимова эса “Ғалаба боғи” мажмуасини яратиш чоғида бюджетдан миллиардлаб пул ўмарган амалдорлар энди “Истиқлол” мажмуасини қурамиз, дея янги талон - торожга тайëр турганлигини айтади:

“Билсангиз, гўë оригинал асар дея “Ғалаба боғи” мажмуасига Хитойдан ҳайкаллар олиб келиб ўрнатилган эди. Марказий универмаг қаршиси Шароф Рашидов, Ислом Каримов ва Афросиёб кўчалари орасидаги ҳудуд яқин олти ой ичида бюджет маблағлари йўқ бўладиган "бермуд учбурчаги"га айланади”.

Суҳбатдошга кўра¸бошқарув элитаси анчадан бери Тошкент маркази тақсимоти билан шуғулланиб келади:

“Нега “Мовий гумбаз” дейсизми? Унда нега “Дом кино”? Нега Мустақиллик майдонидаги фонтан, деб ҳам сўранг. Жавоб оддий. Бу биноларнимг ҳаммаси инфраструктурага эга шаҳар марказида жойлашган. Бу ҳудудларга улар худди ҳар ким ўз улушини кесиб олишни истайдиган лаззатли торт каби боқишмоқда. Давлат раҳбарини “мустақилликни улуғлаймиз” деб алдаб, катта маблағни ўзлаштириш учун чоғланган улкан афера бу”.

“Мовий гумбазлар” советлар ўлкасининг мусулмонча меъморчилиги

Меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиевнинг Озодликка айтишича, “Мовий гумбазлар” кафеси совет Ўзбекистони меъморий қиëфасини белгилаш учун изланишларнинг дебочаларидан бўлган:

“1966 йилги зилзиладан кейин Тошкентда қурилган биноларнинг бир хиллиги танқидга учраса ҳам зарурат меваси сифатида кўрилди. 1970 йилга келиб Шарқ машъали¸ Ўрта Осиëда илм фан маркази бўлган Тошкентга миллий қиëфа беришга қарор қилинди. Айнан 1970 йилда Тошкентда қурилган Ленин музейи биноси исломий меъморлик услубида яратилди. Кўфа хати ва гириҳ нақшлари бино ташқи шамойилига асос қилинди. Худди шу йили архитектор Равиль Муратов “Мовий гумбазлар” кафесини барпо қилди. Бухоро ва Хивадаги гумбазларни эслатадиган “а ля мусулмон” меъморчилиги. Ҳозир бу кафе қайсидир тожир қўлига ўтиб, таъмирланиб, бирламчи қиëфасини қисман йўқотди. Илк лойиҳа шарққа хос нилий гумбаз¸ очиқ айвон¸ боғ ва ҳовуздан иборат мини мажмуа эди. Бу кичик, аммо ўта инсоний лойиҳа эди. Туркистон ўлкаси меъморчилиги тарихидан сув ичган концептуал лойиҳа эди. Равиль Исломович атайлаб Хива ва Бокудаги обидаларни ўрганиб, шу бинони қурди. Одатан бўм-бўш, аммо гигант ва маҳобатли совет биноларидан фарқланадиган тароватли маскан бўлди “Мовий гумбазлар”. Совет Ўзбекистони ҳақидаги барча фотоальбом ва ҳужжатли фильмларда айнан “Мовий гумбазлар” акс этган. Нега? Чунки колорит бор. Шу ўлка илдизлари билан уйғунлик бор. Нима демоқчиман? Балки бу Норман Фостернинг Лондондаги Мэри-Экс кошонаси каби шедевр эмасдир. Лекин бу ҳеч бўлмаганда, Ле Корбюзьенинг Аҳмадободда қурган биноларидан кам бўлмаган меъморлик асаридир. Қолаверса, бу миллионлаб ўзбекларнинг хотирасига муҳрланган ретро бино. Бунинг бузилишига мутлақо қаршиман. Буни Озодлик орқали Ортиқхўжаевга етказинг. Герастрат каби биноларни бузавермасин. “Дом кино"ни бузгани уни абадий тавқи лаънатга лойиқ қилди", - дейди меъмор ва санъатшунос Абдумалик Турдиев.

"Мовий гумбазлар" меъмори Равиль Муратов
"Мовий гумбазлар" меъмори Равиль Муратов

Ортиқхўжаевнинг буз-бузалоғи

Ўтган ҳафта бузишни буюрган Тошкентдаги тарихий бинолардан бири маданий обида сифатида сақлаб қолинди.

Бундан олдин Яккасарой тумани Бобур кўчасидаги қарийб 100 йиллик бинони бузиб, унинг ўрнини «Universal Packing Masters» («Murad Buildings» ширкати савдо белгиси ) бериш ҳақида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 2018 йил октябрида қарор чиқарган эди.

Кейинги йилларда Ўзбекистонда кўпайиб бораëтган тарихий биноларни бузиш ëки фасадларига қорайтирилган шиша қоплаб, асл тарзини ўзгартириш ҳолатлари санъатшунослар ташвишига сабаб бўлмоқда.

2019 йилда Тошкентнинг Мустақиллик майдонидаги горизонтал фаввора бузиб ташланди. Тошкент тимсоли сифатида 52 йил отилиб турган фонтанни бузишда бевосита қатнашган мутасаддилардан бири унинг Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев буйруғи билан бузилганини билдирган эди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев
Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев

2016 йили ТошМИнинг Николай даврида ғиштдан қурилган эски биноси¸ Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика университети (ТДПУ) бош биносининг сирт қисми батамом бузиб ташланганди.

Тошкентлик генерал Жўрабек тарафидан 1897 йили қурилган ва “Жўрабек “ масжиди дея тарихий ëдгорлик сифатида махсус рўйхатга киритилиб, асраб келинган масжид бутунлай бузилиб¸ ўрнида Ислом Каримов номидаги “алюкобонд масжид” қурилган эди.

XS
SM
MD
LG