Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:01

Россия бўйлаб Навальний ҳимоясига намойишлар. 1000дан ортиқ одам ҳибсга олинди (ВИДЕО)


Москва ҳамда Санкт-Петербургда минглаб одам намойишга чиқди. Санкт-Петербург, 21 апрель, 2021.
Москва ҳамда Санкт-Петербургда минглаб одам намойишга чиқди. Санкт-Петербург, 21 апрель, 2021.
  • Алексей Навальний 31 мартдан буён Владимир вилоятидаги ИК-2 колониясида мустақил тиббий кўрик ўтказиш талаби билан очлик акциясини ўтказмоқда. У баданидаги оғриқлардан шикоят қилган. Навальнийни даволаётган шифокорларга кўра, унинг ҳолати ҳаётига таҳдид соладиган даражада ёмон. Навальнийнинг ўзи адвокати орқали Инстаграмда эълон қилган постида "Камерада скелет қалтираб юргани"ни айтган.
  • Россиядаги 70 дан ортиқ хайрия ташкилотлари Навальнийга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳақидаги мурожаатни имзолашди.
  • 100га яқин одам Навальний билан бирдамлик белгиси сифатида очлик эълон қилган. Жаҳондаги кўплаб сиёсатчилар, маданият арбоблари, жумладан Нобель мукофоти соҳиблари ва Голливуд юлдузлари Навальний ҳимоясига чиқишган. Улар Путиндан мухолифатчига шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилишини сўрашмоқда.
  • Навальнийнинг соғлиги билан боғлиқ хавотирлар манзарасида сафдошлари 21 апрель куни Россия бўйлаб унинг ҳимоясига шошилинч намойишлар ўтказилишини эълон қилишган.
  • Шу куни президент Владимир Путин Россия парламентининг юқори палатаси бўлган Федерал Кенгашга анъанавий мурожаат билан чиқмоқда. Бу унинг президентлиги давридаги 17 - мурожаатидир.
  • 16 апрель куни Москва прокуратураси Москва шаҳар судидан Навальний томонидан асос солинган уч ташкилот – Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ва Навальнийнинг минтақавий сиёсий идоралар тармоғини «экстремистик» деб топиш ва уларни тақиқлашни сўради.

21 апрель куни Россиянинг ўнлаб шаҳарларида март охиридан буён қамоқда очлик акциясини ўтказаётган мухолифатчи Алексей Навальний ҳимоясига намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Москва ҳамда Санкт-Петербургда минглаб одам намойишга чиқди. ОВД-инфо нашрининг маълумотларига кўра, Россиянинг шимолий пойтахтида 351 киши ҳибсга олинган. Ҳибсга олишлар чоғида полиция куч қўллагани айтилмоқда.

Шу тариқа 21 апрель куни Навальний ҳимоясига ўтказилган акциялар чоғида Россия бўйлаб ҳибсга олинганлар сони 1004 кишини ташкил этмоқда.

Москвада кун кеч бўлишига қарамай, намойишчилар тарқалишга шошилмаяпти. "Медиазона"нинг хабар беришича, намойишчиларнинг бир қисми Пушкин майдонида тўпланган, қолганлар Трубная майдонида. Намойишчиларнинг бир неча гуруҳи Садовой ҳалқаси бўйлаб Сухарев майдонига томон юрмоқда.

Навальний ҳимоясига намойишлар дунёнинг бошқа қатор пойтахтларида ҳам бўлиб ўтган. Варшавадаги акцияда Беларусь ва украиналик фаоллар ҳам қатнашган.

Намойишлар бошланишидан аввал полиция қатор шаҳарларда фаоллар ва журналистларни ҳибсга олган, уларнинг уйларида тинтув ўтказган.

Жумладан, Навальнийнинг сафдошлари Любовь Соболь ҳамда унинг матбуот котиби Кира Ярмиш ушланган.

Москва вақти билан 18:30 ҳолатига намойиш ва юришларда 232 киши ҳибсга олинган. Бу ҳақда ОВД-Инфо нашри хабар бермоқда. Энг кўп ҳибсга олинганлар Новокузнецк ва Кемерово шаҳарларида. Айни пайтда кўпгина шаҳарларда норозилик акциялари рухсатсиз ўтказилганига қарамай, полиция ҳеч кимни ҳибсга олмаган ёки жуда кам сондаги одам ушланган.

Новосибирскдаги акцияда 2 мингга яқин одам қатнашган. Тайга.инфо. нашрининг ёзишича, полиция намойишга аралашмаган. Шундан сўнг намойишчилар шаҳар кўчалари бўйлаб юришган. Омск шаҳридаги юришда ҳам 1000 дан ортиқ одам иштирок этган. Юзлаб кишилар иштирокидаги оммавий акциялар, шунингдек, Томск ва Иркутск шаҳарларида ҳам ўтган.

Бурятия республикаси пойтахти - Улан-Удэда Навальний ҳимоясига ўтказилган намойиш Росгвардия томонидан тарқатиб юборилган. Хабарларга кўра, 15-20 чоғли намойишчилар ҳибсга олинган. Кемеровода полицияя 20дан ортиқ намойишчини ушлаган. Улар орасида "Сибирь.Реалии" лойтҳаси журналисти Андрей Новашов ҳам бор. Кейинроқ журналист қўйиб юборилган.

Навальний ҳимоясига акциялар шунингдек, Екатеринбург, Пермь, Қозон ва Уфа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтмоқда.

Россия Узоқ Шарқи ва Сибир шаҳарларида намойишлар ниҳоясига етган.

Иркутскда намойишчилар "Путин ўғри!" дея ҳайқиришган.

Пойтахт Москванинг кўча ва майдонларида эса тўсиқлар кўпайган.

Навальнийнинг рафиқаси Юлия Навальная Инстаграм саҳифасига янги пост қўйди.

Петропавловск-Камчатскда бошланган акцияда 40 га яқин маҳаллий аҳоли вакиллари тўпланган. Акция қатнашчилари олдига полиция ходимари келган, аммо улар билан мулоқот тинч ўтгани хабар қилинмоқда.

Магадандаги Навальний тарафдорларининг намойишида эса камида 8 одамнинг ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Намойишлар Жанубий Сахалин ва Хабаровск шаҳарларида ҳам ўтмоқда. Владивостокда маҳалий аҳоли вакиллари шаҳарнинг бош майдонида бир кишилик пикетлар ўтказишмоқда. "Сибирь.Реалии" нашри мухбири намойишчилар сони 100 киши эканини айтмоқда.

Хабаровскда бошланган митингда намойишчилар "Навальнийга врач беринг!" деган шиорни кўтаришган. Аксар намойишчилар Ленин майдонида тўплангани хабар қилинмоқда. Акция бир неча бор шаҳарнинг турли жойларига кўчирилган.

Намойишлар арафасида полиция Навальний тарафдорларини ҳибсга олган, уйларнинг уйларида тинтув ўтказган.

Шифокорларга кўра, Навальнийнинг соғлиги ҳаётига таҳдид соладиган даражада ёмонлашган.
Шифокорларга кўра, Навальнийнинг соғлиги ҳаётига таҳдид соладиган даражада ёмонлашган.

Москва ҳукумати пойтахтда оммавий тадбирларга қўйилган чекловлар боис Навальний тарафдорларининг Манеж майдонида 100 минг кишилик митинг ўтказишга рухсат бериш ҳақидаги сўровини рад этган.

21 апрель куни эрталаб Москвада “Автозаводская” метро бекати ёнида мухолифатчининг сафдоши Любовь Соболь ҳибсга олинди. Бу ҳақда твиттерда унинг адвокати Владимир Воронин маълум қилди. Унинг айтишича, полициячилар уни таксидан “суғуриб олиб”, Донская тумани ИИБга элтишган ва айни пайтда микроавтобус ичида сақлаб туришибди.

Навальнийнинг матбуот котибаси Кира Ярмиш ҳам Москвада, ўз уйи яқинида қўлга олинган. Адвокати Вероника Поляковага кўра, воқеа Ярмиш терговчи томонидан рухсат этилган соат 10 дан 11 гача вақт оралиғида кўчага чиққан чоғида юз берган.

Соболь ва Ярмиш январь ойида Алексей Навальнийни қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган норозилик намойишларидан сўнг “санитария иши” бўйича терговга тортилган. Уларни санитария-эпидемиология қоидаларини бузишга қасд қилишда айблашмоқда.

Санкт-Петербургда полиция камида олти фаолнинг уйида тинтув ўтказди. Улар орасида “Весна” ҳаракати координаторлари Евгений Затеев ҳамда Валентин Хорошин ҳам бор. “Норозилик апологияси” лойиҳаси маъумотига кўра, тинтувлар январь ойидаги намойишлар чоғида йўллар ёпиб қўйилгани бўйича очилган жиноят иши билан боғлиқ. Фаолларнинг мазкур ишдаги процессуал мақоми ҳозирча номаълум.

“ЯГражданин” платформаси муҳаррири Александр Бабушкиннинг уйида ҳам тинтув ўтказилган. Бу вақтда у ишда бўлган, уйда қариндошлари қолган. Бабушкиннинг ноутбуки мусодара қилиниб, ўзи сўроққа чақирилгани айтилмоқда.

“Фонтанка” мухбири ва “Ротонда” телеграм-канали муаллифларидан бири Ксения Клочкованикига полиция Навальнийнинг Петербургдаги штаби ходими Денис Кабаковни излаб келган, у илгари шу квартирада яшаган экан.

Навальнийнинг Петербургдаги штаби фаолларидан Илья Гантварг эса уйи икки марта тинтув қилингани ҳақида хабар берган.

“Ўқитувчилар альянси”нинг Петербург бўлинмаси етакчиси Даниил Кеннинг уи тинтилиб, ўзи полиция маҳкамасига олиб кетилган.

Москвада полиция SOTA нашри журналисти Сергей Куокнинг уйига келиб, уни 21 апрелга белгиланган митингда иштирок этишнинг ҳуқуқий оқибатларидан огоҳлантирган.

Курган шаҳрида Навальнийнинг маҳаллий штаби ходимаси Софья Лопатинани ҳибс қилишди. Шунингдек, яқинда қўлга олинган ушбу шаб координатори Алексей Шварцнинг қиз ўртоғи Дарья Левкинани ҳам.

Нижний Новгородда Роман Тимченко қўлга олинган. “ОВД-Инфо” маълум қилишича, бунга 21 апрель акциялари ҳақида “Вконтакте” тармоғида хабар қолдиргани асос қилиб кўрсатилган.

Ростов-Донда полиция Навальний штаби фаоллари — Вадим Кобзев ҳамда Екатерина Верешагинани қўлга олган.

Иркутскда, митинг бошланишидан анча аввал полиция сар қилиб юрган маҳаллий фаол Вячеслав Воробейни ҳибсга олган. У, умумроссия норозилик намойишлари эълон қилинишидан олдин ижтимоий тармоқларда эълон қилган видеоси туфайли митинглар ташкил қилишда айбланиши мумкинлиги айтилмоқда. Видеоёзувда Воробей одамларни Навальнийни қўллаб-қувватлаш учун кўчага чиқишга чорлайди.

Красноярскда яшовчи Александра Письман 20 апрель куни кечқурун полиция томонидан қўлга олинганидан бери у билан алоқа узилган, деб хабар бермоқда “ОВД-Инфо”. Фаол ўзининг “Фейсбук”даги саҳифасига “Полицияга олиб боришди. Экстремистик бир балони ёпиштиришмоқчи. Эртанги акция ҳақида ёзганим учун. Бошланди”, деб хабар қолдиришга улгурган.

Россия Бош прокуратураси ва ИИВ фуқароларни оммавий тартибсизликлар тўғрисидаги жиноий модда билан таҳдид қилиб, рухсат этилмаган митингларда қатнашишдан қайтармоқда.

Шошилинч акциялар

Навальний сафдошлари олдинроқ махсус сайтда 500 минг киши рўйхатдан ўтганидан кейин сиёсатчини озод қилиш талаби билан кўча намойишларига чиқишни режалаган эди. Бироқ Навальний соғлиғи тобора оғирлашиб бораётгани уларни шошилишга мажбурлади. 21 апрель тонгида норозилик акциясида қатнашишга хоҳиш билдирганлар сони 466 минг нафардан ошди.

Навальний жамоаси видео эълон қилиб, «Ҳар биримиз истаймизми‑йўқми, танлов олдида турибмиз. Агар биз ҳозир жим ўтирсак, Россияни зулмат қоплайди. Россияда тинч сиёсий фаоллик имконсиз бўлиб қолади», деди.

Навальний ҳимояси учун сўнгги йирик акциялар шу йил январь ойи охири ва февраль ойи бошларида – сиёсатчи Германиядаги муолажадан сўнг Россияга қайтгач, аэропортда ҳибсга олиниб, колонияга йўллангани ортидан ўтказилганди.

Ўшандан бери Россия ҳукумати Навальний тарафдорларига босимни кучайтирди. Эндиликда расмийлар Навальнийнинг Коррупцияга қарши курашиш жамғармаси ва унинг бутун мамлакатдаги бўлимларини «экстремистик» ташкилот деб белгилашга уринмоқда. Агар бу айблов суд томонидан қувватланса, жамғарма ходимлари ва тарафдорлари жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Аммо 21 апрель куни нечта одам намойишга чиқиши намойишчилар дучор бўладиган хавф-хатарга боғлиқ. Россия ҳукумати норозилик акциялари олдини олиш мақсадида қатор қонунлар қабул қилди.

Собиқ Кремль нотиғи ва сиёсий таҳлилчи Аббос Галлямов:

«Ҳукумат, шубҳасиз, одамларнинг бир қисмини қўрқитишга муваффақ бўлди. Аммо Путин Кремлда, Навальний эса қамоқда қолмоқда, режим авторитарлигича турибди, турмуш даражаси эса пасаймоқда. Одамларни кўчага чиқишга ундаган сабаблар ўзгаргани йўқ», деди.

20 апрель куни Навальний Москвадан 100 километр шарқда жойлашган қамоқхонадан бошқа қамоқхонанинг шифохонасига кўчирилди.

Навальнийга ҳуқуқий кўмак кўрсатаётган юридик жамоаси аъзоси Алексей Липцер 20 апрель куни мухолифатчи кўчириб ўтказилгандан кейин кўп ўтмай унинг олдига борди.

«У вазнини йўқотмоқда, заифлашиб, зўрға юргани кўриниб турибди», деди Липцер Озодлик билан телефон суҳбатида.

Навальнийнинг жамоаси Путин тарафдорлари ва мухолифат тақдирига шубҳа билан қарайдиган ёки шунчаки бефарқ қолаётган русларни ишонтириш учун уринар экан, баъзилар ўз қарашларини изҳор қилиш учун кескин чора кўрмоқда.

Ҳукумат, шубҳасиз, одамларнинг бир қисмини қўрқитишга муваффақ бўлди. Аммо одамларни кўчага чиқишга ундаган сабаблар ўзгаргани йўқ
Аббос Галлямов, Собиқ Кремль спичрайтери ва сиёсий таҳлилчи

Хусусан, 100 дан ортиқ киши Навальнийга бирдамлик кўрсатиш учун оммавий очлик эълон қилди. Улар орасида 2004 йил Беслан шаҳридаги мактаб қамалида болаларидан айрилган бешта ота-она бор.

Навальний жамоаси жамоатчиликнинг сабр косаси тўлган ва минглаб россияликнинг норозилик билдиришдан бўлак йўли қолмаган, деган хулосага келганига умид қилмоқда. Навальний 2 февраль куни 2 ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилингандан кейин эълон қилинган видеода унинг сафдошлари Россияда реал иш ҳақи пасайгани, давлат назоратидаги телевидение таъсири озайгани, ҳукмрон «Единая Россия» партиясининг обрўсига путур етгани ҳамда жамоатчиликнинг давлат муассасалари ва Путиннинг ўзига бўлган ишончи пасайгани ҳақида статистик маълумотларни келтирдилар.

Ушбу хабар етарлича одамни чора кўришга ундай олиши ёки йўқлиги ҳукуматнинг давом этаётган тазйиқлари шиддатига боғлиқ бўлади. Россия ҳукумати ҳафта ўрталарида бўлиб ўтган митингларга тўсқинлик қилди, намойишларни тарғиб қилганларни ҳибсга олди ва «YouTube” ширкатидан намойишлар тилга олинган видеоларни ўчиришни талаб қилди.

XS
SM
MD
LG