Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:52

Мирзиëев Маданият вазирлигини қасрдан концерт залига кўчирди. Мулозимлар тергов қилинмоқда


Маданият вазирлигиниинг эски биноси
Маданият вазирлигиниинг эски биноси

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев 13 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Маданият вазирлигини «Туркистон» санъат саройига кўчиши лозимлигини айтди.

Президентга таъкидига кўра¸ вазирлик бевосита санъат даргохи ичида ишласа, кўпроқ самара беради.

Аммо бундан 4 йил олдин президент Мирзиëев “Маданият вазирлиги миллат ва давлатнинг юзи” экани ва бу вазирлик “энг гўзал кошонада фаолият кўрсатиши зарурлигини таъкидлаган эди.

Президент буйруғи билан 2017 йилнинг августида Маданият вазирлиги Чор даврида¸ Бухоро амири Абдул Аҳадхон молиявий кўмагида қурилган қадимий қасрга кўчиб ўтган эди.

Аммо 2021 йил 13 апрелга келиб, вазирликдан бинони бўшатиб қўйиш сўралди. Жорий йилнинг 7 апрель куни эса Маданият вазирлигидаги энг катта ташкилот¸ Маданий мерос агентлиги янги ташкил қилинган Туризм ва спорт вазирлигига ўтказилди.

Маданият вазирлигининг ҳудудий маданият бошқармалари тузилмаларидаги моддий маданий мерос объектларидан оқилона фойдаланиш ва муҳофаза қилиш бўлимлари тугатилди ва уларнинг штат бирликлари Маданий мерос агентлигига ўтказилди. Президент имзолаган фармонга кўра¸ Маданият вазирлиги тизимидаги давлат музейлари, музей қўриқхоналар ва уй музейлари, моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари ва “Мозийдан садо” журнали Маданий мерос агентлигига ўтказилди.

Шунингдек, 2021 йилда ва келгуси йилларда Маданият вазирлигига Давлат бюджетидан маданий мерос объектларини реставрация қилиш ва тиклаш, шунингдек, археологик ишлар харажатлари учун ажратиладиган маблағлар эндиликда Туризм ва спорт вазирлигига ажратилиши кўзда тутилди.

Нега бундай бўлди? 2017 йилниннг 3 августида президент Шавкат Мирзиëев вазирлик ҳақида бутунлай бошқача гап айтган эди:

“Бутун дунëда Маданият вазирликлари давлатнинг юзи ҳисобланади ва энг гўзал ҳамда улуғвор кошоналарда жойлашади. Афсуски, бизнинг Маданият вазирлигимиз ноқулай шароитларда¸ оддий расмий ташкилотлар жойлашган ҳаминқадар бинода фаолият юритади. Бу эса маданият жамоатчилиги ва ижодкор арбобларга вазирликка бемалол бориш ва ҳар-хил ижодий тадбирлар ўтказиш имконини бермайди”.

Шундан сўнг 1898 йил қурилган бинодаги вазирлик бошқа жойга кўчирилиб, сарой президент фармойиши билан Маданият вазирлиги ихтиëрига берилган эди.

Бино фасади ва ички декори малакали таъмирланган ва президент айтгани каби миллий маданият қиëфасига айланган эди.

Орадан 4 йилга яқин вақт ўтиб нима ўзгарди?

Маданият вазирлигида ишлайдиган мулозимнинг расман ҳужжатлар билан тасдиқланмаган сўзларига кўра¸ “таъмирланган ва ўта хос аурага эга қадимий бинога қудратли оила мансубларидан бири кўз тиккан”.

Номи сир сақланишини сўраган мулозимнинг иддао қилишича, “Курант” ва “Юридик институт биносини олган қудратли шахс энди бу бинони ҳам қўлга киритмоқчи".

Бу қудратли шахс кимлигии мулозим аниқ очиқламади. "Курантнинг эгаси ким бўлса, ўша", деди у.

2018 йилнинг 9 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги биносида жамоатчилик вакиллари¸ блогер ва журналистлар билан учрашган ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаев блогерлар талаби ортидан курантга ëпиштилиб қурилган бино эгасига телефон қилган эди. Ҳоким бинонинг "Ойбек исмли эгаси курант ЮНЕСКО ҳимоясида эканини билмаганлиги"ни айтган. (Бино ЮНЕСКО ҳимоясида эмас, балки Ўзбекистон маданият вазирлигиининг обидалар рўйхатида-таҳр.)

Оëғидан чалинган вазирлик

Маданият мавзулари бўйича Озодликка доимий шарҳлар бериб келадиган меъмор Абумалик Турдиев бу иддаони инкор этмаган холда¸ “ 7 апрелдан кейинги ҳолатда Маданият вазирлиги ўта заифлаштирилганлигини” айтди:

“ Вазирликда фақат концертлар уюштириш ваколати қолди. Музейлар¸ Шердор¸ Ичан қалъа каби қўриқхоналар¸ Далварзинтепа янглиғ қўриқхоналар олиб қўйилди. Ташкилот дунëда қабул қилинган Маданият вазирлиги деган жарангдор номга мос бўлмай қолди. Шу боис вазирликнинг «Туркистон» санъат саройи кунжагига кўчиши унинг пасайтирилган мавқеига мос келади.”

Нега бундай бўлди, деган саволга Ўзбекистон Маданият вазирлигида юқори лавозимларда ишлаган собиқ мулозим жавоб берди:

“Маданият вазирлиги кўзимиз олдида аввал обрўсизлантирилди, кейин эса оëғидан чалиб синдирилди. Йил бошида АОКАда ўтказилган брифингда Маданият вазири Озодбек Назарбеков 2020 йилда 32 та маданият объекти ҳокимлар тарафидан сотиб юборилганлигини айтиб, ўзига бирданига ўнлаб ҳокимларни душман қилди. Шундан кейин вазирлик ҳақида салбий мазмундаги мақолалар кунора чиқиб бошлади. Вазирлик ўз биносидан қувилишидан бир кун олдин Бош прокуратура Маданият вазирлиги мусиқа асбобларини ҳақиқий бозор баҳосидан 792,2 млн сўмга қиммат нархда сотиб олиб, бюджет маблағларини талон-торож қилгани ҳақида маълумот чиқарди.”

Суҳбатдошимиз узоқ йиллар маданият соҳасида турли лавозимларда ишлаган мулозим таъкидича, Маданият вазирлиги Мирзиëв даврида ўйлаб топилган турли ташкилотлар учун донор сифатида фойдаланилган:

“Мирзиëев ташаббуси билан “Вақф” жамғармаси тузилди. 2020 йили Бош вазир Абдулла Ариповнинг фармойиши асосида Ўзбекистон Маданият вазирлиги тасарруфидан “Вақф” хайрия жамғармасига 189 обида ноль қийматда ўтказиб берилди. Бухородаги “Чор бакр” мажмуаси¸ Самарқанддаги “Шоҳи Зинда”¸ “Хўжа Дониëр ва Хазрати Хизр” обидалари ҳамда Хивадаги Саид Алоуддин пир"¸ “Уч авлиë бобо” каби архитектура ëдгорликлари бир имзо билан ўта шубҳали ташкилотга бериб юборилди. 2021 йил апрель ойига келиб, вазирликдаги қолган ҳамма ëдгорлик ва музейлар Туризм вазирлиги (Туризм ва спорт вазирлиги)га ўтказилди. Вазирликнинг номи қолди, холос”.

Озодлик бу ҳолатлар бўйича Маданият вазирлиги матбуот хизматидан "матбуот котиби бўшаб кетганлиги боис" изоҳ ололмади.

Матбуотга гапириш ваколати бўлмагани боис исми айтилишини истамаган мулозимга кўра¸ айни пайтда вазирликнинг бир қатор мулозимлари устидан жиноят иши очилган:

“Вазирлик таркибида “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси ходимлари бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги терговда аниқланди. Билганим шуки, уларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.”

Суҳбатдошга кўра¸ Ўзбекистон маданият вазирлиги кўчиб ўтган “Туркистон” санъат саройида вазирлик учун зарур шароитлар мавжуд эмас. СССРнинг сўнгги йилларида Максим Горький номли рус драма театри учун қурилган ва битганидан кейин Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов ташаббуси билан «Туркистон» концерт залига айлантирилган сарой 1993 йилда очилган.

Маданият вазирлиги тарк этган сарой 1898 йилда рус меъморлари Гейнцельман ва Максимов тарафидан махсус лойиҳаланган. Юқоридан қараганда «Н» ҳарфи шаклидаги бино Россиядан келтирилган ва ҳар бири рақам ва клеймога эга қизил Николай ғиштлардан арт-деко услубида қурилган. Бино қурилишини, асосан Бухоро амири Саид Абдул Аҳадхон молиялаган. Қолган харажатлар давлат тарафидан қопланган.

Бинода Чор даврида билим юрти¸ совет даврида ТошДУ кимë факультети фаолият кўрсатган. Мустақиллик даврида бу бинода «Асака» банк¸ кейин эса¸ Ташқи иқтисодий алоқалар ва Савдо вазирлиги жойлашган.

XS
SM
MD
LG