Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:31

Метро қурилишидаги ўпирилган тупроқ остидан уч жасад чиққани хабар қилинди. Тупроқнинг тўртдан бири қазилди


Метро линиясининг тупроқ ўпирилган қисмига "Тез ёрдам" машинаси етиб келди. Тошкент, 2019, 18 декабрь.
Метро линиясининг тупроқ ўпирилган қисмига "Тез ёрдам" машинаси етиб келди. Тошкент, 2019, 18 декабрь.

Юнусобод метро йўлининг қурилишида рўй берган ер ўпирилиши туфайли воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда бошқа тегишли вазирлик ходимлари қутқарув ишларини давом эттирмоқдалар.

Тошкент метросининг Юнусобод йўналиши қурилиши вақтида рўй берган ер ўпирилиши ҳодисаси оқибатида камида уч киши ҳалок бўлгани тасдиқланди. Бу ҳақда Kun.uz’га ички ишлар вазирлиги тизимидаги манба маълум қилди.​

ЎзАнинг хабар қилишича, Юнусобод туман ҳокими Р. Усмонов ҳам ҳолат юз берган жойда қутқарув ишларини назорат қилмоқда.

Мазкур жойда ишлаган қурувчиларнинг сонига ҳозирча аниқлик киритилмади. Айни дамда қазиш ишлари давом этмоқда.

Қутқарувчилардан бирининг маълумотига кўра, ўпирилган жойнинг ҳали тўртдан бир қисми ҳам қазиб улгирилмаган.

Ҳукумат комиссияси тузилди

Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг қурилаётган қисмида содир бўлган ҳодиса сабаблари ва оқибатларини ўрганиш ва уни зудлик билан бартараф қилиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.

Бу ҳақда хабар қилган Адлия вазирлигига кўра, Комиссияга содир бўлган ҳодиса сабабларини ва оқибатларини жойида ўрганиш, ҳодиса оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш ҳамда бошқа бир қатор вазифалар юкланган.

Хабарда "жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ёрдам кўрсатиш" ҳақида ёзилган бўлсада, неча киши жабрлангани ҳақида маълумот келтирилмаган.

Жабрланганлар тўғрисида ОАВ нима деяпти?

Камида 5-6 киши тупроқ остида қолиб кетган. Уларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Бу ҳақда воқеа жойига борган Озодлик мобил мухбири хабар қилди.

Худди шундай хабарни kun.uz ҳам эълон қилди. Сайтга кўра, Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида содир бўлган ер ўпирилишидан кейин бир неча киши бедарак кетган.

Воқеа жойида бўлган Kun.uz мухбири ишчилардан биридан олган маълумотга кўра, у ўз укасини топа олмаяпти. Унга укаси ва яна бир неча ишчи тупроқ остида чиқариб олингани, жабрланганлар шифохонага олиб кетилгани ҳақида айтишган. У тез орада яқинлари билан учрашишга умид қилмоқда.

Шу пайтгача тупроқ ўпирилиши ҳақдаги расмий хабарларда жароҳатланганлар йўқ эканлиги айтилди. Озодлик мобил мухбири ҳамда баъзи маҳаллий нашрлар, жумладан kun.uz хабарларида келтирилган маълумотларнинг расмий тасдиғи йўқ.

Озодлик мобил мухбирининг хабар қилишича, воқеа жойини Миллий гвардия аскарлари қуршаб олган. Улар журналистларни ҳодиса юз берган жойга яқинлаштирмаяпти. Миллий гвардия ходимлари Озодлик мобил мухбири телефонини олиб ундаги суратларни ўчириб юборган.

Озодликка етиб келган бошқа бир хабарда айтилишича, метро қурилишида "мардикор бозордан олиб келинган ишчилар ишлатилган". Лекин бу хабарни рост-ёлғонлигини тасдиқлаш ҳозирча имконсиз.

Ўпирилиш гувоҳи нима деди?

Repost.uz сайти ўпирилиш содир бўлган жойда ишда бўлган ишчининг айтганларини келтирди:

"Бугун эрталаб соат 7.15 ларда ишга келдим. Фожиа соат 10:20 ларда содир бўлди. Мен ўша жой яқинида тургандим. Олдинига ДСП, арматураларнинг синиши, ғачир-ғучури эшитилди, кейин қандайдир оғир нарса қулаб тушди. Одамлар бақира бошлади, лекин ким бақирганини тушунмадим. Кейин ҳамма ўпирилган жойга югурди. У ерда бир ёпиқ бор эди. Икки томондан ёмғир суви тўпланиб, икки томондаги девор қулаб тушди. Пастда бетон қуйиш учун керак бўладиган ДСПларни тияб турадиган тунукалар бор эди. Устидан арматура бор эди.Тепада одамлар ишлаётган эди. Пастда, ёпиқ остида эса, одамлар ёмғирдан қочиб турган эди. Шу пайтда ДСП, арматура, бетону тупроқдан иборат юк одамларни босиб қолди. Симлар узилаяти, шовқин-сурон... Даҳшат бўлди, лекин. Қотиб қолдик".

Вазирликлар нима деди?

Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналишида ер ўпирилиши оқибатида жароҳатланганлар йўқ. Воқеа гувоҳи бўлган 1975 йил туғилган қашқадарёлик Б.М. ушбу ҳолатдан қаттиқ стрессга тушган. Айни пайтда унга Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида сифатли тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Айни вақтда ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари олиб борилмоқда.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевга таяниб, ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Воқеа содир бўлиши биланоқ ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитенининг янги қурилаётган Юнусобод йўналиши қурилишида авария содир бўлгани, ер ўпирилиши оқибатида бир неча киши тупроқ остида қолган бўлиши мумкинлиги ҳақида фото ва хабарлар тарқалди.

Вазият юзасидан Ички ишлар вазири ўринбосари, ИИВ Тергов департаменти бошлиғи Дониёр Тошхўжаев kun.uzга бундай деди:

«Дастлабки маълумотларга кўра, Юнусобод туманида, «Мегапланет» олдида туннел қазилаётган бўлган. Сув туннелга тушмаслиги учун бетон лоток қилинган. Ана шу лотокнинг қайсидир қисмидан сув кетган ва сув тўпланган. Ёғингарчилик кучайган вақтда ер бўшаб туннелни босиб қолган.

Ҳозирча ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ёки жабрланганлар борлиги ҳақида аниқ маълумот йўқ», деган Дониёр Тошхўжаев.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматига кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, пудратчи қурилиш ташкилотларининг куч ва воситалари ёрдамида юзага келган ҳолат бартараф этилмоқда, талафот ва жабрланганлар юзасидан аниқлик киритилмоқда. Вазирликка кўра, 250 м3 тупроқ ўпирилиб тушган.

Ҳозирда содир бўлган ҳолатнинг сабаблари ўрганилаётгани хабар қилинди.

ЎзАнинг хабар қилишича, Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари, транспорт вазири А.Раматов иштирокида текширувлар олиб борилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раиси Ҳ.Ҳосилов воқеа жойида бўлиб, вазиятни ўрганмоқда. Мазкур вазият билан алоқадор бошқа муаммолар ҳам жойида ҳал этилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизматининг хабар беришича вазият бўйича маълумотлар бериб борилади.

XS
SM
MD
LG