Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:24

Жиззах театри бош рассоми калтакланди. У ишдан ҳайдаш учун “шантаж” қилинганини айтмоқда


 Санжар Холиқов
Санжар Холиқов

29 июнь куни Жиззах вилоят мусиқали драма театрининг бош рассоми Санжар Холиқов касалхонага ётқизилди.

Холиқовнинг даъвосича, у ишдан бўшамагани учун уюштирилган “шантаж” натижасида театрнинг бир неча ходими томонидан калтакланган, калтаклаганлар орасида раҳбар лавозимли ходимлар ҳам бўлган.

Театр директори Мамлакат Бўронова бош рассомнинг калтакланганини инкор қилди.

Озодликка боғланган театр ходимларига кўра, 6 ойдан бери турли босимлар билан 50дан зиёд одам ишдан ҳайдалган.

Жиззах вилоят мусиқали драма театрининг бош рассоми Санжар Холиқовнинг Озодликка айтишича, воқеа 29 июнь куни соат 13:15ларда содир бўлган:

“Актриса Раъно Шарипова директордан рухсат олгач, иккаламиз Қўғирчоқ театрига бориб, драматруг Насрулло Қобил учун театр тарихига оид маълумотларни олиб келдик. Ярим соатда қайтиб келсак, бизни кадрлар бўлими бошлиғи хонасига чақиришди. “Иш пайти берухсат кетгансизлар”, деб тушунтириш хати ёзишни талаб қилишди. Директор бизга рухсат берганини тан олмади. Ўзи у мени бўшатмоқчи бўлиб 6 ойдан бери уриниб юрганди. Хато тополмагач, шантаж йўлига ўтибди. У мени шу йўл билан бўшатмоқчи бўлди. Мен тушунтириш хати ёзишдан бош тортдим. Чунки бу хат ишдан кетишимга асос бўлиши мумкин. Олти ойдан бери кўпчилик шу каби хатлар сабаб ишдан ҳайдалди”.

Воқеа жойидан ёзиб олиниб, Озодликка жўнатилган аудиода аёл кишининг "директор, сиздан рухсат олиб кетгандимку. Нега инкор қиляпсиз?", деган овози эшитилади.

35 яшар Холиқовга кўра, у тушунтириш хати ёзишдан бош тортгач, уни театр раҳбарлари калтаклаган:

“Кадрлар бўлими бошлиғи жанжал чиқариб, ёқамга осилди. Шу пайт яна учта одам келиб қўшилди. Хўжалик ишлари мудири, директорнинг эри ва янги ишга кирган пожарний йигит мени калтаклашди. Пожарний орқамдан келиб, мени қаттиқ бўғди. Мен йиқилиб тушдим. Тўрт киши бўлиб мени тепкилашди”.

Воқеа жойидан олингани айтилаётган аудиода жанжал пайти бир неча одам бўлгани англашилади. Аудиоёзувда Санжар Холиқовникига ўхшаш овоз эгасининг "Нега мени урасан" деган гапи бир неча марта эшитилади. Холиқовнинг айтишича, бу овоз уникидир.

Санжар Холиқовга кўра, у икки кундан бери Жиззах вилоят касалхонасида даволаняпти.

Озодликка йўлланган суратларда Санжар Холиқовни кийимлари йиртилган ва уст-боши ҳамда юзи қонга беланган ҳолда кўриш мумкин.

Санжар Холиқовнинг онаси Меҳри Жуманазарова Маданият вазири Озодбек Назарбековга видеомурожаат қилиб, ўғлининг калтакланиши ҳолатини назоратга олишни сўради:

“Ўғлимни уриб, “ишдан бўшайсан”, деб қўймаяпти. 3-4 та бўлиб, ўғлимни уриб, кўкартириб ташлабди. Менга ёрдам беринг. Ҳеч ким ёрдам бермаяпти”.

Санжар Холиқовнинг онаси мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:47 0:00

Санжар Холиқовга кўра, унинг отаси ва рафиқаси вилоят прокуратурасига бориб, калтакланиш воқеаси бўйича ариза топширган.

Жиззах вилоят прокуратурасидан ушбу ариза тақдирини ўрганиш имкони бўлмади.

Санжар Холиқов
Санжар Холиқов

Олий маълумотли рассом Санжар Холиқов, Озодликка айтишича, Тошкентдаги Миллий рассомлик ва дизайн институтини тугатган. Жиззах мусиқали драма театрига 2017 йил 1 ноябрда ишга кирган. Уч йилча Тошкент Мусиқали комедия (Оперетта) театрида ҳам ишлаган.

Санжар Ҳолиқовга кўра, театрга жорий йил январь ойида Мамлакат Бўронова директор лавозимига келгач, олти ой давомида жуда кўплаб ходимлар турли йўллар билан ишдан ҳайдалган:

“Бунақанги воқеалар кўп бўлди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Соли Норматов ҳам босим орқали ишдан кетди. Раҳим Диканбоев бошқармадан “без содержания” олиб қочиб қутулди. Уни гавдаси катта бўлгани учун ура олмаган, лекин ҳаракат қилган”.

Озодлик Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Соли Норматов билан боғланганида у ўзининг босим орқали ишдан кетганини тасдиқлади. Бироқ тафсилотларига тўхталмади:

“Мен театрда 45 йил ишладим. Бунақа ноҳақлик билан ишдан кетаман деб ўйламагандим”.

Жиззах театри
Жиззах театри

Озодлик Жиззах театридан кейинги 6 ой давомида ишдан ҳайдалган бир неча ходим билан суҳбатлашди. Улар аноним қолиш истагини билдириб, ўзларининг турли баҳона ва босимлар орқали ишдан бўшатилганликларини иддао қилишди.

Озодлик 30 июнь кечқурун Жиззах вилояти мусиқали драма театрининг директори Мамлакат Бўронова билан телефон орқали боғланди.

Бўронова бош рассомнинг калтакланганини инкор қилди:

“Унинг ўзи шантаж қилган. Уни ҳеч ким урмаган. Ўзи бошқаларни ураман деганида йиқилиб тушган”.

Бўронова босим билан ишдан ҳайдаш борасидаги театр ходимлари иддаоларини ҳам рад қилди:

“Улар 50та одам ишдан бўшаганини айтяпти. Театрдаги ижодий ходимлар сони атиги 20та. Қаердан шунча одамни бўшатаман”.

Озодликка мазкур театр ходимлари томонидан жўнатилган ҳужжатда ушбу масканда жами 81 киши ишлаши қайд қилинган.

Кейинги бир неча ойдан буён Мамлакат Бўронова фаолияти ҳақида ижтимоий тармоқларда танқидий постлар кўпайган.

Бўронова буни ишдан ҳайдалганлар уюштирган бўҳтонлар дея изоҳлайди:

“Мен Фейсбукда машҳур бўлиб кетдим. Ишдан бўшаганлар ҳар хил гапларни ёзиб ётибди. Мен келгунча театрда қонунбузилишлар бўлган. Мен шуларни ошкор қилганим кўпчиликка ёқмаяпти. Лекин мени мутасадди идоралар текшириб, бирор камчилик топа олмади”.

Жиззах вилояти мусиқали драма театри жорий ҳафтада ўзининг 99-мавсумини ёпди.

XS
SM
MD
LG