Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:31

Жанубий Кореяда ўқитувчи аёлни сўккан ўзбек талаба жаримага тортилди. У ватанига бадарға қилинади


Кореядаги Kyunsung университети
Кореядаги Kyunsung университети

Жанубий Кореянинг Пусан шаҳар суди жорий йил 23 март куни Кёнсон (Kyunsung) миллий университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабани "ҳақорат қилганлик"да айбдор деб топиб, 4000 доллар жаримага маҳкум қилди.

Суд қарорига мувофиқ, Кёнсон университетига қарашли Туризм ва меҳмонхона юритиш институти бизнес факультетининг исми ошкор қилинмаётган талабаси Жанубий Кореядан бадарға қилинади.

Университетнинг Озодлик ихтиёрида бўлган ўзбек томони билан расмий ёзишмаси нусхасига кўра, ўзбекистонлик талаба ўзига паст баҳо қўйган аëл ўқитувчини “Калланга қ... соска” деган сўзлар билан “ҳақорат қилган".

Маҳкама жараëни билан таниш Жанубий Кореяда ўқиëтган икки нафар талабанинг Озодликка айтишича¸ Пусан маҳкамаси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти лингвистик хулосаси ва Кореядаги ўзбек тили бўйича корейс мутахасиси сўзларига таяниб, ҳодисани жинсий тегажоғлик деб эмас, балки "енгил ҳақорат" дея малакалаган. Суд ўзининг алоҳида ажрими билан ҳодисани ҳаспўшламоқчи бўлган факультет деканига ҳам ажрим чиқарган. Бу ажримга кўра¸ деканга расман хайфсан берилган ва бу ҳолат яна такрорлангани тақдирда, таълим тизимидан умрбод четлатилиши ҳақида огоҳлантирилган.

Ўзбекистонлик блогер Юлдуз Каримова ўз Телеграм каналида Жанубий Корея суди чиқарган ҳукм устидан аппеляция шикояти киритилмагани ҳақида ëзди:

“Бугун суд бўлди, суднинг қарорига кўра, “тили ширин” миллатдошимиз талабалар сафидан четлаштирилди, мамлакатдан депорт бўладиган бўлди ва ундан ташқари, 4000 долларгина жарима тўлайдиган бўлди. Талабанинг ота-онаси ва ўзи шунга ҳам ўзларида йўқ хурсанд. Декан эса, жуда қаттиқ огоҳлантириш олди ва агар яна шундай ҳолат такрорланадиган бўлса, барча унвон ва лавозимларидан маҳрум бўлиши, шунингдек бир умр таълим соҳасида ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум бўлиши ҳақида огоҳлантирилди”.

Каримованинг ëзишича¸ факультет декани муаммони ўзаро келишув орқали судсиз ҳал қилишга уринган:

“Ишга университетнинг декани аралашган, у ҳам университет обрўсига путур етмасин, деган мақсадда ўқитувчининг олдига бориб, “бу ўзбек тилида оддий сўкиниш, жинсий тажовуз эмас”, деган ва даъво аризасининг маъносини шунга ўзгартиришни сўраган. Шундан сўнг ўқитувчи деканнинг устидан ҳам судга даъво аризаси киритиб, деканни талаба билан тил бириктиришда айблади.

Кореялик ҳамкасбим деканни ҳимоя қилмоқда, у мендан ўзбек тили мутахассиси бўлса, топиб бер, “бизда бундай жумла оддий сўкиниш ҳисобланади, жинсий тажовуз эмас”, деб университет имейлига хулоса берсин, деб илтимос қилмоқда”.

Озодликда Кёнсон миллий университети таркибидаги Туризм ва меҳмонхона юритиш институти профессори Hak Sеon Kim тарафидан Тошкент давлат Тил ва адабиëт институтига жорий йилнинг 22 мартида юборилган мактуб нусхаси мавжуд. Мактубда ўзбек талаба билан боғлиқ ҳодиса қисман ҳикоя қилинган ва бу талаба ишлатган сўзга лингвистик изоҳ бериш сўралган.

Кореялик профессор ëзган мактуб
Кореялик профессор ëзган мактуб
Кореялик профессор ëзган мактуб

Ҳурматли Проф. ХХХ

Ўзбек тили дисциплинаси, Журналистика факультети

Ўзбекистон давлат университети

Яқинда бизнес факультетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талаба билан боғлиқ муаммо юзага келди. Ўтган семестрнинг охирида паст баҳоларидан қониқмаган эркак талаба аёл профессорига уч сўзни электрон почта орқали юборди. Факультет қўмитаси айни дамда ушбу ҳолатни кўриб чиқмоқда.

Сиз Ўзбекистон давлат университетида ўзбек тили фани бўйича профессорсиз, шунинг учун сиздан қуйидаги уч сўз маъносини бетараф изоҳлаб беришни сўрамоқчи эдим:

«калленга қ**агим соска»

Саволингиз бўлса ёки [ушбу масалани] муҳокама қилишни истасангиз, бемалол мен билан алоқага чиқинг.

Олдиндан раҳмат.

Ҳурмат ила

Ҳак-Сеон Ким

"Сўкишми ë олқиш"

Блогер Юлдуз Каримова ҳали суднинг ниҳоий ҳукми эълон қилинмасидан ушбу ҳодиса тафсилотлари ҳақида ўз Телеграм каналида ёзди. Унинг маълум қилишича, ўзбек филологларидан бу каби хулосани олиш "осон бўлмаган":

“Суднинг қароридан қатъи назар, талабанинг ҳайдалиши ва мамлакатдан депорт бўлиши аниқ, биз ҳозир қамалмаслиги учун ҳаракат қиляпмиз. Тилимга боғла, тилимга дейишармиди?

Ҳозир ўзбек тили мутахассисини ҳам зўрға хулоса ёзиб беришга кўндирдим, жуда тарбияли инсон экан, ҳатто бу сўзни ёзишга ҳам ҳижолат бўлди. Демак, бизнинг кореялик деканга жавобимиз мана бундай бўлди:

“Ассалому алайкум, ҳурматли Ҳак-Сеон Ким!

Аввало, бундай ноқулай вазият юзага келганидан жуда ҳам афсусдаман.

Хорижлик талабаларда ҳатто хорижга сафар қилган ҳар қандай дипломатик корпус ходимларида ҳам лингвокултурологик билимлар омборининг бўш эканлиги сезилади.

Баъзи халқлар ўта таъсирчан ва сезувчан бўлсалар, баъзилар бундай эмас. Хусусан, ўзбеклар бу борада сустдирлар. Бировларнинг ҳақоратига эътибор бермайдилар. Чунки ўзбеклар мусулмон бўлгани учун, ислом таълимотида "бировни ҳақоратлаш - бу ўзини ҳақоратлашга тенгдир". Уни шундай қабул қиладилар.

Ўзбек ёшлари табиатан жуда қизиққон бўлади. Фикр юритилаётган ҳолатлар тез-тез Ўзбекистонда ҳам кузатилиб туради.

Энди талабанинг профессорга юборган хатига келсак.

"Калленга қ...., соска" жумласида вулгар сўзлардан фойданилган.

Калла - бош; қ.... - эркак жинсий аъзоси номи, синоними та....қ; соска (рус) - балоғатга етган қизларга нисбатан метафора.

Бу каби бирикмалар ўзбек ёшлари орасида оддий сўзлашувда кўп учрайди. У яқин ўртоқлар орасида ҳеч нарсани англатмайди, шунчаки паразит сўз, холос. Аммо бегоналарга нисбатан норозилик эмоциясини ифодалайди.

Бу каби паремиологик (фразеологиянинг мақол ва ибораларни ўрганадиган бўлими - таҳр) бирликларни ўзбек халқ мақолларида ҳам учратиш мумкин

Ёшлар, кўпчиликнинг олдида юқоридаги бирикмани "Калангга қошиқ" деб "қ....қ"нинг оҳангдоши "қошиқ"қа алмаштириб ҳам ишлатадилар.

Бу каби бирикмаларнинг ишлатилиши ўзбекларда "жинсий алоқа"га, "жинсий тажовуз"га ишора қилмайди.

Вазиятга жиддий тус беришни ўринли деб ҳисобламайман. Бу каби ҳолатларда ўзбеклар интизомий чора кўрадилар ва тезда унутиб юборадилар".

“У жойлар Ўзбекистон эмас"

Озодлик бу хулосани ëзиб берган Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат Тил ва адабиëт институтидаги филологлардан бири билан боғланди. Ўз исми матбуотда ëритилмаслигини сўраган олим бу хулоса ҳамкасби тарафидан "ватандошини қамоқдан қутқариш мақсадида ëзиб берилганлиги"ни иддао қилди.

Шу билан бирга, филолог ўқитувчи “хорижда ўқиëтган талабалар сўзлашув ва ëзма тилда маданиятга риоя қилсинлар, деган насиҳатимни радионгиз орқали етказинг. Уларнинг оғзи шалоқлиги боис биз филологлар чет элдаги ҳамкасбларими олдида уялиб юолмайлик“, дея илтимос қилди.

Блогер Юлдуз Каримова ҳам ўз саҳифасида “ватандошларни уятга қўйган” ўзбек талабасига насиҳат қилади:

“Сенга у жойлар Ўзбекистон эмас, ўқитувчини хоҳлаганча камситаман, сўкаман, керак бўлса, калтаклайман деб ўйлайдиган бўлсанг, жуда қаттиқ адашасан.

Бу мамлакатларнинг бу даражада шиддат билан ривожланишининг асосий сабаби ҳам шу: ўқитувчининг ҳурмати, ўқитувчининг маоши, ижтимоий ҳимояси деган нарсалар вазирлар, ҳокимларникидан юқори туради.

Ўзбекистондаги хурмача қилиқларинг у ерларда ўтмайди, чунки қонун деган нарса ҳаммага бирдай ишлайди”.

Японча уят қамоқдан ëмон

Таниқли рус ëзувчиси Иван Толстой Озодлик билан суҳбатда куфр сўзларнинг халқ мақоллари ва адабиëтда қўлланилгани одамларга ҳақорат қилиш ҳуқуқини бермаслигини айтди. Ëзувчига кўра¸ бадиий асардаги абстракт персонаждан фарқли, реал ҳаëтдаги одамнинг аëл кишига ëзма равишда "манзилли" ҳақорати жазоланиши керак. Жуда бўлмаганда, бу ҳақоратни ëзган киши изза қилиниши керак. Билсангиз “Японча уят” ҳисси қамоқдан ҳам оғир.

Швейцариядаги олий ўқув юртида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган филолог Олима Набиева ҳам Толстойнинг фикрларига қўшилади:

"Бу ëзувнинг адресли бӯлгани боис мен буни сексуал ҳаррасмент (Инглизча sexual harassment - жинсий тегажоғлик) деб айтаман, лекин буни тилшунос олим томонидан бундай илмий талқин ё оқлаш деймизми, аслан тарафдори эмасман. Бир ватандошни қамоқдан олиб қолиши, энди “ мени ӯғригина болам” ё “ ӯғри бӯлсаям ӯзимизни ӯғри” дегандек".

Олима Набиева ўзбек жамиятида сексуал ҳаррасмент, яъни аëлларга уят гап ëзиб, тегажоғлик қилиш айб деб ҳисобланмаслигидан таассуф билдиради.

“Ӯзбек жамияти жинсий тегажоғликни кенг ва тўла маънода тушунмаслиги аниқ, ҳатто манаман, деган интеллектуал қатлам шоир, ёзувчи, журналистлар орасида сӯконғичлик ҳануз трендда. Кореядаги сўконғич талабага қарата блогер Юлдуз Каримованинг "У ерлар сенга Ӯзбекистон эмас", деб насиҳат қилгани, зиёли миллат сифатида тамом бӯлганимизга далолат”, - дейди Олима Набиева.

Ҳуқуқшунос Умид Давлетовнинг Озодликка айтишича¸ бу сўзни ëзма равишда бошқа кишига қарши ишлатган одам Ўзбекистонда ҳам жазоланади.

Ҳуқуқшуносга кўра¸ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда шахснинг қадр-қимматини камситиш ҳуқуқбузарлик сифатида малакаланган:

“Бу 41-модда. Яъни ҳақорат қилиш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш деб малакаланади. Агар ҳақорат қилингани судда исботини топса¸ айбдорга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солиниши мумкин. Жарима миқдорини суд ҳаками белгилайди “/

Ўзбекистонлик журналист ва мухолифат фаоли Носир Зокир 2005 йилда МХХ ходимини уят сўз билан сўккани ортидан 6 ой қамоқ жазосига маҳкум этилганди.

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳокимларнинг мажлисларда ўз қўл остидагиларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилиши ва ҳатто дўппослаши одатий ҳолга айланган.

Ўтган йили Хоразм вилояти Хива тумани ҳокими Озод Матëқубов туман ҳокимлиги биносида ўтказилган йиғилишда камида 7 нафар фермерни турғазиб қўйиб, 20 дақиқа давомида уят сўзлар билан ҳақорат қилгани ҳақида Озодлик мақоласи ортидан бу ҳолат вилоят ҳокимлигида муҳокама қилинган эди.

Бундан олдин Фарғона вилояти Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраевнинг ўз қўли остидагиларни сўкишлари акс этган аудио ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Бундан ташқари, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов¸ Фарғона вилоятининг собиқ ҳокими Шуҳрат Ғаниев, Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев, Паркент тумани ҳокими Неъматулла Абдуллаевнинг болахонадор сўкишларга тўла аудиолари ижтимоий тармоқда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG